Ўн йиллар давомида Қурбоновлар оиласи Чотқол тоғ тизмасидаги сўлим дара ва адирларнинг посбони бўлиб келган. Оиланинг оҳангаронликлар орасида танилган оқсоқоли Боймоқ бува Қурбонов умрининг 70 йилга яқинини Шоввозсой ва Сарисуюнсой бўйларига ёнғоқ, писта-бодом, ўрик, олма, гилос, терак ва бошқа хил дов-дарахтлар, доривор ўсимликлар экиб¸ уларни парваришлашга сарфлади.
“Уларнинг бу тоғлар табиатини асраб-авайлаш учун қилган меҳнатларини кўриб тасанно айтасиз¸ ҳақиқий баҳодирлар дейсиз. Ана¸ тоғларга тикилиброқ қаранг¸ арчазорлар¸ ëнғоқзорлар¸ теракзорларни кўряпсизми? Ҳар йили мана шу ўғиллар бир-бир ярим минг тупдан дарахт кўчатлари экишади. Уларни парваришлашади¸ суғоришади¸ қўриқлашади”.
Оҳангарон туман Ҳарбий хизмат фахрийлари кенгаши раиси Мамадали Қурбонқуловнинг ушбу сўзлари маҳаллий “Оҳангарон ҳаëти” газетасининг 2014 йил 3 январь сонида босилган “Сарисуюнсойлик ўрмончилар сулоласи” деб номланган мақоладан олинди.
Унда ëзилишича¸ Шоввозсой ўрмонлари посбони бўлиб келган Боймоқ ота 2000 йили 88 ëшида вафот этганидан сўнг, унинг аëли Турдигул момо 10 ўғли билан Шоввозсой ўрмонзорларини парваришлашни давом эттирган.
Бу ҳудудлар эса¸ 2016 йил июлида ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилган трансчегаравий Ғарбий Тяншан тоғ тизмасининг таркибий қисмидир.
Умумжаҳон табиий мероси деб топилган қўриқхона атрофидаги меҳнатлари оҳангаронликлар томонидан эътироф этилган Қурбоновлар 2017 йил июнида мамлакат олий ҳокимият органларига жаннатмакон ҳудудни қирғиндан асраб қолишни сўраб мурожаат қилди.
“Бажарилаётган қурилиш, сув омбори, ва бошқа хатти-ҳаракатлар бизнинг табиатга катта зиён келтирмоқда. Тоғ ҳудудида табиий жараённи бузиб, янги йўллар барпо этиш, минг йиллар яшайдиган табий ҳолда ўсувчи арча ва олча, оққайин, тут ва сув толларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу келажакда экологик тизимнинг ўзгаришига олиб келиши хафи бор”¸ деб ëзди 93 яшар Турдигул Қурбонова 2017 йил июнида президент ва Олий Мажлисга йўллаган мактубида.
Қурбонова мактубида маҳаллий расмийлар ва “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси раҳбарлари ўзи ҳамда фарзандларини туғилиб ўсган уйларидан мажбуран кўчираётганидан зорланди.
“Бизлар бутун умр шу ҳудуднинг посбони бўлиб келганмиз. Бизлар бу ерда ўз хизматимиз ва меҳнатимизни қилмасак, бу ерлар харобага айланиш арафасида турибди. Бунга ким жавоб беради?!”¸ дея хитоб қилади мактубда 93 яшар онахон.
Аммо Турдигул момонинг 2017 йил ëзида қилган бу ўтинчли хитоби жавобсиз қолди– саноқли ҳафталар ичида Боймоқ бувадан қолган ҳовли баробарида унинг ўғиллари қурган янги уйлар устига ҳам бульдозер тушди. Қурбоновлар яшаб келган сой бўйларидаги ҳовли-жой ва боғлар тоғ курорт зонаси ва унинг ёнида қурилиши режаланган сув омбори учун тортиб олинди.
Озодлик суриштируви 2017-2018 йилларда қуриб битказилган ушбу мажмуа ва сув омборининг Мирзиёев учун қурилганини кўрсатди. Бир-биридан мустақил манбалар бу қурилиш, шунингдек, унга ёндош сув омбори бир неча юз миллион долларга тушганини тахмин қилди.
Турдигул Қурбонованинг бугун ҳам ўзбек парламенти расмий сайтида сақланиб қолаëтган ҳасратли мактуби Мирзиëев учун дам олиш зонаси қуришнинг инсоний қиймати¸ ўнлаб оилаларни беватан қилиш баробарида тоғ дарëси бўйида жойлашган бутун бошли қишлоқни сувсиз қолдирганини кўрсатади.
Айни пайтда мактуб ҳозиргача жамоатчиликдан сир тутиб келинаëтган¸ Мирзиëев расмий резиденциялари рўйхатига киритилмаган Шоввозсой дам олиш зонаси ва унинг ëнидаги сув омбори қурилишининг дастлабки босқичи ҳақида гувоҳлардан бирининг қимматли ҳикояси ҳамдир.
Турдигул момо хатида ëзилганлар бу хатдан қарийб 4 йил ўтиб, Озодлик манбалари Шоввозсой дам олиш мажмуаси ҳақида берган маълумотларни тасдиқлайди.
Боймоқ Қурбоновнинг 10 нафар ўғли туғилиб ўсган ҳовли-жой 43 минг гектарлик Угом-Чотқол давлат биосфера резервати ҳудудида жойлашган.
“Жартош томонларда яқинларгача чўпонларнинг яккам-дуккам уйлари бўларди. Биз ўсмирлигимизда равоч териш учун ярим кун юриб борардик у томонларга. Бу жойларни Боймоқ Қурбонов деган одам обод қилган. Бу одам 70 йилдан кўпроқ у ерга минглаб туп терак¸ тоғ олмаси¸ нок экиб¸ жаннатмакон жойга айлантирган эди”¸ - дея эслайди ëшлигида Шоввозсой бўйларида чўпонлик қилганини айтган оҳангаронликлардан бири.
Шавкат Мирзиëев президентликка келишидан икки ой ўтиб-ўтмай¸ бу жаннатдаги ҳаëт ҳақиқий дўзахга дўнди – ҳар турли раҳбарлар Қурбоновларни бу ерларнинг “давлат эҳтиëжи учун” тортиб олинишидан огоҳлантира бошлади.
Бу жараëндаги асосий шахс¸ Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил манбаларга кўра¸ “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкати раиси, ҳозирда бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган Очилбой Раматовдир.
2018 йилнинг 16 май кунги қарори билан Бош вазир Абдулла Арипов Угом-Чотқол давлат биосфера резерватини “Ўзбекистон темир йўллари”га олиб берди ва ҳудуд назоратини шахсан Очилбой Раматовга топширди.
Озодлик гаплашган маҳаллий ва республика миқëсидаги мулозимлар Арипов қароридан бир неча йил олдин Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида Очилбой Раматов юритувидаги пансионат бўлганини билдирди. Орадан бир неча йил ўтиб¸ Мирзиëев учун дам олиш зонаси айнан Раматовнинг ана шу пансионати ëнида қад кўтарди.
Турдигул Қурбонованинг президент ва парламентга юборган мурожаатидаги мана бу сўзлар Озодлик манбалари берган маълумотни тасдиқлайди:
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Очилбой Жуманиязович Раматов, иш юритувчиси Равшан Файзуллаев, бўлим бошлиғи Иззат Тошбоевлар хоҳлаган вақтларида ўзлари ёввойи ҳайвонларни ов қилиб, табиат оламига катта зарар келтирмоқдалар. Ким буларга бундай ҳуқуқ берган? Бизнинг давлатда шаҳар бедарвозами?”
Очилбой Раматов Озодликнинг Шоввозсой мажмуаси ва ундан олдинги пансионат ҳақидаги сўровларига жавоб бермади.
Оҳангаронлик собиқ мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Турдигул Қурбонова мактубида тилган олинган Иззат Тошбоев ҳақиқатан ҳам Оҳангарон ўрмон хўжалигида инспектор бўлиб ишлайди. Бу мактубда тилга олинган Равшан Файзуллаев эса¸ “Ўзбекистон темир йўллари” расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ компаниянинг Тошкент вилояти Салар дистанцияси бўйича раҳбардир.
Тошбоев ва Файзуллаевлардан Қурбонова мурожаатида келтирилган маълумотларга муносабат олишнинг имкони бўлмади.
93 яшар Қурбонованинг хатида ўнлаб йиллардан бери давлат ҳимоясида бўлиб келган миллий ўрмонлар тинчини фақат Раматов ва бошқа мулозимларнинг кўнгилхушлик учун қилаëтган овигина бузмаëтгани айтилади.
“Олиб борилаётган қурилиш ишлари ва бошқа хатти-ҳаракатлар ёввойи ҳайвонларнинг безовта бўлишига ва айниқса кўпайиш даврида нотинч бўлишига олиб келмоқда. Бу эса натижада уларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади,” деб ëзади Қурбонова.
Ўз умрини Шоввозсой ўрмонзорларини парваришлашга бағишлаган оила онаси президент Мирзиëевдан¸”экилган ва табиий ҳолда ўсган дов-дарахтларни йўқ қилишни тўхтатиш, табиат ва экотизимга келтирилган зиённи, мутахассисларни жалб қилган ҳолда мониторинг қилиб, тиклаш масаласини кўриб чиқишни”ни сўрайди. Бу сўров қабул қилинмади. Айни пайтда Шавкат Мирзиëев табиатга етказилган зиëнни эмас¸ балки Шоввозсой қурилишида бевосита ишлаган қурувчиларнинг айтишича¸ 2017-2018 йилларда ўзига қурилаëтган дам олиш зонасида бораётган ишларни кўриш учун бир неча марта у ерга сафар қилган.
93 яшар момонинг “Нега бизларнинг раҳбарлар жойларга чиқиб, ўз кўзи билан кўриб, хулоса қилмайдилар?!” деган саволи эса жавобсиз қолиб кетди.
Президент Мирзиëевнинг матбуот хизмати Шоввозсой дам олиш зонаси қурилиши билан боғлиқ Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.
Турдигул Қурбонованинг президент ва Олий Мажлисга ëзган мактубида “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг Шоввозсой мажмуаси қурилиши давридаги хатти-ҳаракатлари маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлаëтгани ҳам ëзилган.
“Ўз уйимизга борадиган йўлларни шлагбаум билан беркитиб қўйиб, бизни ўтказмаяпти¸” деб ëзади Қурбонова.
Турдигул момо ўзи ва фарзандлари Тошкент вилояти ҳокимининг 2017 йил 25 февраль кунги қарори билан уйидан мажбуран кўчирилаëтганидан шикоят қилган. Қурбоновлар ҳовли-жойи ва боғларини тортиб олиш “давлат эҳтиëжи” билан оқлашга уринилган бу қарор очиқ манбаларда йўқ. Тошкент вилояти ҳокимлиги бу борадаги саволларга жавоб бермади.
Озодлик Қурбоновлар оиласига ҳокимият идоралари тортиб олиб¸ йўқ қилинган мулки ва боғлари учун тегишли компенсация берган-бермаганига бевосита уларнинг ўзидан аниқлик кирита олмади.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг бошланган кенг миқëсдаги бузилиш ва қурилишлар шахсий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ хавотирларни кучайтирди. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Мирзиëевга мурожаат қилиб¸ уй-жойидан мажбуран чиқарилаëтганларга адолатли ва тенг миқдорда компенсация тўлаб беришни кафолатлашга чақирган эди.
2017 йил 20 июнида – Турдигул Қурбонованинг шикоятидан уч ҳафтага яқин вақт ўтиб¸ транспорт соҳасидаги бош қурилиш ва лойиҳа институти бўлган “Боштранслойиҳа” Боймоқ Қурбонов парваришлаган жаннатмакон ўрмонзорлар ўрнида дам олиш мажмуаси қуриш бўйича шартнома тузади.
“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг Капитал қурилиш дирекцияси билан имзоланган бу шартнома “Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида дам олиш зонаси қурилиши объекти бўйича ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш” деб номланади.
Озодлик гаплашган оҳангаронликлар Боймоқ Қурбонов ўз умрини ўтказган ҳовли-жойларга ҳам айнан ўша кунлари бульдозер солинганини айтишди.
Қурбоновлар уйлари ва боғлари ҳозирда президент қароргоҳи учун бир неча қаватли темир сим билан ўралган ҳудуд ичида қолгани боис у ерга боришнинг имкони йўқ. Аммо Қурбоновлар уйида меҳмон бўлган оҳангаронликлар ëрдами билан Озодлик уларнинг отамерос ҳовлилари геолокациясини топишга муваффақ бўлди.
Сунъий йўлдош суратларидан Боймоқ Қурбоновнинг ўзи қурган уй яқинида янги қурилган камида икки алоҳида ҳовли ва бир неча оғилхона борлиги кўрилади.
Хусусан¸ 2016 йил августида олинган суратда Сарисуюнсой ва Чотисой ирмоқлари Шоввозсойга қуйиладиган сўлим дарада жойлашган уйларни кўриш мумкин.
2017 йил июлида Қурбоновлар оиласи ўз уйидан ҳайдаб чиқарилганидан бир ой ўтиб-ўтмай, бу уйлардан асар ҳам қолмади.
Бир йил ўтиб эса¸ Боймоқ Қурбонов ўзи ва 10 нафар ўғлига деб қурган ҳовли - жойлар ўрнига қўшилиб унинг жаннатмакон боғлари ҳам Мирзиëев учун қурилган сув омбори тубида қолиб кетди.