Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:46

Амазонка дарёси ҳавзасидаги ўрмонлардаги ёнғин кўлами кенгаймоқда


Амазонка дарёси ҳавзасидаги ўрмонларда давом этаётган ёнғинлар (қизил рангда)
Амазонка дарёси ҳавзасидаги ўрмонларда давом этаётган ёнғинлар (қизил рангда)

Бразилия расмийлари Амазонка дарёси ҳавзасидаги ўрмонлардаги ёнғин кўлами ўсишда давом этаётганини билдирди. Расмийларнинг ўрмон ва ўтзорларни экин ерига айлантириш учун олов ёқишга қўйган чеклови ёнғинларнинг ўсиш суръатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаётгани айтилмоқда.

Миллий космик тадқиқотлар институти сунъий йўлдошлардан олиб эълон қилган маълумотлар олов ёқишга қўйилган чеклов кучга кирганидан кейинги 48 соат ичида 3 859 та янги ёнғин бошланганини кўрсатди.

Жорий йилнинг январидан августи охиригача Бразилияда қайд этилган 88 816 ёнғиннинг 51,9 фоизи тропик ўрмонларда содир бўлди. Мутахассислар бу рақамларни “мисли кўрилмаган” кўрсаткичлар деб атади. Уларнинг сўзларига кўра, ёнғинларнинг асосий сабабчиси фермерларнинг дарахтлари кесиб кетилган ўрмонларга атайин ўт қўяётганидир.

Ҳозир Бразилиянинг Амазонка ҳавзасида ёғингарчиликсиз мавсум. Аммо мутахассислар бу йилги қуруқ мавсумда ҳам ёғингарчилик кузатилганини, шунга қарамасдан, ёнғинлар сони ўта кўплигини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Амазонкада ўз-ўзидан ёнғин чиқмайди.

Таҳлилчилар расмийларнинг ўрмонларга ўт қўйишни ман этиш бўйича қарори ўта кеч чиқарилганини айтишмоқда.

Бразилиянинг ўнг қанот президенти Жаир Болсонару ҳокимият тепасига келганидан кейин, мамлакатда ноқонуний хатти-ҳаракатларни назорат қилувчи агентликлар фаолияти сустлашди, натижада ўрмонларни йўқ қилиб, экин ерига айлантириш кўпайди.

“Тропиклар Трампи” лақаби берилган Болсонару иқлим ўзгараётганини шубҳа остига олиб келади. Президент, шунингдек, дарахтларга ўт қўйиб қўлга киритилган ерлар фермерлар учун муҳимлиги айтиб келади.

Кейинги кунларда ёнғин чиққан ҳудудларга минглаб аскар, ўт ўчирувчи ҳамда самолёт сафарбар қилинди. Бразилия Мудофаа вазирлиги ёнғинлар назоратга олингани тўғрисида баёнот берди.

Экин ерини қўлга киритиш учун ўрмонларга ўт қўйиш тропик ўрмонларга солинаётган энг жиддий таҳдидлардан биридир. Бундай муаммо Боливия, Бразилия, Колумбия, Эквадор, Француз Гвианаси, Гайана, Перу, Суринам ва Венесуэла каби мамлакатларда мавжуд.

Бразилия, Перу, Эквадор ва Боливияда фермерлар кўп ҳолатларда қуруқ мавсумда дарахтлар кесилган ҳудудларни тозалаш учун уларга ўт қўяди. Аммо бу кўп ҳолатларда ёнғин тарқалиб кетишига, кесилмаган дарахтлар ёниб кул бўлишига олиб келади.

Боливия ҳукумати яқинда фермерларга 5 гектар ўрнига 20 гектар ҳудудга ўқ қўйишга рухсат берди. Май ойидан бери мамлакатда 1,5 миллион гектар ўрмон ва ўтзор ёниб кетди.

Ўрмонларга ноқонуний тарзда кока етиштириш ҳамда турли кимёвий моддалардан фойдаланиладиган ноқонуний кон ишлари ҳам катта таҳдид солмоқда.

XS
SM
MD
LG