Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:17

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди. Алишер Усмонов рўйхатда йўқ


Москвада 2021 йилнинг 31 январида Алексей Навальний озод этилиши талаби билан ўтказилган митинг.
Москвада 2021 йилнинг 31 январида Алексей Навальний озод этилиши талаби билан ўтказилган митинг.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти етти нафар россиялик мулозим ва бир қатор давлат ташкилотларига нисбатан санкция жорий этди. Жазо чоралари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамоққа ташланиши ортидан киритилмоқда.

Бу – АҚШнинг янги маъмурияти томонидан президент Владимир Путин аъёнларига қарши киритилаётган илк санкциялардир.

АҚШда беқарорликни келтириб чиқаришни кўзлаган ҳакерлик ҳужумлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ахборий хуружларда Россиянинг қўли борлиги гумон қилинган бўлса-да, собиқ президент Дональд Трамп Путинга нисбатан хайрихоҳларча муносабатда бўлган. АҚШ разведкаси тақдим этган далилларга қарамай, у россиялик ҳамкасбини танқид қилмасликни афзал кўрган.

Рус мухолифати аввалроқ Ғарбга тақдим этган, жазоланиши лозим бўлган кишилар рўйхатидаги тўрт мулозим санкцияга тортилган. Лекин Навальний жазолашни қайта-қайта сўраб келаётган Россиянинг энг бадавлат олигархлари АҚШ рўйхатидан тушиб қолган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки санкциялар охирги ечим ёки Кремль билан мураккаб олди-бердининг якуни эмаслигини таъкидлаган.

“Россия билан муносабатларимиз мураккаблигича қолишига ҳам розимиз”, – деган у.

Байден маъмурияти, шунингдек, Кимёвий ва биологик қуролларни назорат қилиш тўғрисидаги қонунга биноан Россиянинг бир қатор давлат идоралари, жумладан, кимёвий қуроллар тадқиқоти, синови ва ишлаб чиқариши билан шуғулланаётган ташкилотларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этди.

Маъмуриятда юқори лавозимни эгаллаган манбанинг айтишича, АҚШ разведкаси Навальнийнинг “Новичок” моддаси воситасида заҳарланиши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати тургани борасида қатъий ишонч ҳосил қилган. Расмий Москва эса бу айбловни рад этиб келяпти.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова санкцияларни Россия ички ишларига аралашув деб баҳолаган.

“Биз қўл қовуштириб турмаймиз. Саломга яраша алик албатта бўлади. Россияга санкциялар ёки бошқа воситалар орқали тазйиқ ўтказиш аввал ҳам иш бермаган, бу гал ҳам наф келтирмайди”, – деб баёнот берди у сешанба куни.

Оқ уй маъмурияти Путиннинг мухолифатчиларга нисбатан тазйиқ сиёсати ҳамда хориждаги номақбул хатти-ҳаракати, жумладан, АҚШ давлат идоралари ва хусусий ширкатларга қилинган ҳакерлик ҳужумлари учун Россияга муносиб жавоб берилишидан огоҳлантирган эди.

Бир неча кун аввал Европа Иттифоқи ҳам расмий Москвага нисбатан санкциялар киритган эди. Қайд этиш жоизки, АҚШ санкцияларни Брюссель билан мувофиқлаштирган ҳолда жорий этди.

Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ ва ЕИ Россияда авжига чиқаётган авторитаризмдан хавотирда эканини билдирган.

“АҚШ ҳукумати ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда, Россиянинг кимёвий қуролларни қўллаши ва инсон ҳуқуқларини поймол этиши жиддий оқибатларга олиб келишидан қатъий огоҳлантирмоқда”, – деб баёнот берди Блинкен.

Байден маъмурияти Навальний заҳарланиши билан боғлиқ санкциялардан ташқари Россиянинг АҚШ давлат идоралари ва хусусий ширкатлар компьютер тизимига қилган ҳужумига ҳам жавоб қайтариши кутилмоқда.

“Қора рўйхат”га киритилганлар орасида ФХХ раҳбари, Федерал жазони ижро этиш хизмати директори, бош прокурор ва бир нечта бошқа куч ишлатар тизим вакиллари бор.

Айни пайтда қамоқда тутиб турилган Навальний Ғарб давлатларини рус олигархларига қарши санкция жорий қилишга чақириб келади. Унинг фикрича, фақат Путинга яқин бўлган олигархларга қарши чораларгина унга таъсир этиши мумкин.

Россиянинг танқидчисига айланган собиқ инвестор Билл Браудерга кўра, АҚШнинг амалдаги санкциялари Путиннинг миллиардер гумашталарига таъсир қилмайди ва шу важдан кутилган самарани бермайди.

Сенат разведка қўмитаси раиси Адам Шифф АҚШ жазо чоралари жорий этишда кечикди деб ҳисоблайди.

“Россиянинг қонунбузарликларига муносиб жавоб бериш учун биз ҳамкорлар билан бирга қатор воситалардан, жумладан, санкциялардан ҳам самарали фойдаланишимиз лозим”, – дейди Шифф.

АҚШ ҳукумати илгари ҳам Россия расмийларининг халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид ҳаракатларига нисбатан чоралар қўллаган. Масалан, Обама маъмурияти АҚШда 2016 йилда ўтказилган сайловга Россиянинг аралашувига жавобан 35 рус дипломатини 72 соат давомида мамлакатдан чиқариб юборган. Трамп маъмурияти эса Россиянинг Сан-Францискодаги консуллигини ёпган.

XS
SM
MD
LG