Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:13

АҚШ Сенати Трампни импичмент бўйича маҳкамага тортади


Трампнинг иккинчи импичменти бўйича Сенат тинглови - Вашингтон, 9 февраль, 2021
Трампнинг иккинчи импичменти бўйича Сенат тинглови - Вашингтон, 9 февраль, 2021

АҚШ Сенати Трамп адвокатларининг Сенат собиқ президентга нисбатан импичмент иши бўйича маҳкама ўтказиш учун юридик ваколатга эга эмаслиги ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Мазкур қарор 50 нафар демократ ва уларга қўшилган 6 нафар республикачилар томонидан ёқланди.

Демократларга кўра, Трамп Капитолий биносига оломон ҳужумини келтириб чиқаргани учун жазоланмаса, импичмент жараёни ҳар қандай маънони йўқотади - бўлғуси президентларга лавозимдаги сўнгги кунларида ўз ҳокимиятини ҳеч қандай жавобгарликсиз суиистеъмол қилишига йўл очилади.

“Сайловда ютқазган президент лавозимини сақлаб қолиш илинжида ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилишига бундан ҳам ёрқинроқ мисолни ўйлаб топиш қийин”, дея республикачи сенатор Жо Негусдан иқтибос келтирмоқда Ассошиэйтед Пресс (AP) агентлиги.

Тарихдан сабоқлар

19-асрда яшаб ўтган АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Уильям Белнап 1976 йилда порахўрлик айбловлари билан импичмент маҳкамасига тортилган эди. Белнап Сенат уни устидан маҳкамани бошлашига саноқли дақиқалар қолганда у истеъфога чиққанини эълон қилган. Белнап у ортиқ амалдор бўлмагани учун Сенат маҳкамасига тортилиши Конституцияга зид, деб иддао қилганди.

Сенаторлар бу иддаони рад этиб, импичмент маҳкамасини давом эттирган. Алалоқибат Белнап оқланган бўлса ҳам, демократларга кўра, бу прецедент Сенат шу йўсинда Трампни ҳам маҳкамага тортиши жоизлигини намойиш қилмоқда.

Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирди. Вашингтонда комендантлик соати жорий қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

Трампнинг адвокатлари Конституцияда импичмент маҳкамасига фақатгина амалдаги расмийлар тортилиши белгиланганлигини иддао қилганлар. Лекин ҳатто таниқли консерватор ҳуқуқшунослар ҳам Трамп маҳкамага тортилиши Конституцияга зид эмаслиги борасида демократлар билан ҳамфикрдир. Эндиликда эса, импичмент маҳкамаси учун “ягона масъул” бўлмиш АҚШ Сенати собиқ президент Дональд Трампга нисбатан бошлатилган импичмент жараёнини мамлакат конституциясига мувофиқ деб топди.

Трамп адвокатлари ўртасидаги яққол тафовут

Трамп ҳимояси тафовутларнинг яққол намойиши бўлди. Ҳимоя адвокат Брюс Касторнинг 40 дақиқага чўзилиб кетган чиқиши билан эсда қолди. Ягона диққатга сазовор нуқта Кастор Трамп тан олмаган нарсани тан олиши эди: президент Жо Байден ҳақиқатан ҳам сайловларда ғолиб бўлган.

“Эски маъмурият ёқмаса, янги маъмуриятни танлай олишга АҚШ фуқароларининг ақли етади. Улар яқинда шундай қилди ҳам.”

Трампнинг иккинчи адвокати Дэвид Шоен сўзга чиққанда, оҳанг дарҳол ўзгарди. Трампнинг биринчи импичмент маҳкамасини эслатиб юборадиган усулда Шоен демократиянинг муқаддас қадриятига беписандларча муносабатда бўлганликда демократларни айблади.

Шоен “импичмент жараёни қуролга айлантирилганлигини” қоралаб, демократларни Трамп яна президентликка сайланишининг олдини олиш орқали унинг миллионлаб тарафдорларини сиёсий жараёнлардан четлаштираётганликда айблади.

“Тарихимизда бир маротаба кузатилган фитна каби, бу маҳкама ҳам мамлакатимизни иккига бўлиб юбориши мумкин”, дейди Шоен АҚШ фуқаролар урушини назарда тутиб.

Бу чиқишлардан ҳатто Трампнинг Сенатдаги эски иттифоқчилари ҳам ҳайратда қолди.

“Биринчи адвокат жуда мужмал гапирди. Иккинчи адвокат яхшироқ гапирди. Лекин мен жуда кўп адвокатлар чиқишини, уларнинг далилларини кузатганман. Буларнинг чиқишлари кўрганларимнинг орасида энг яхшиларидан бўлмади”, - дейди республикачи сенатор Жон Корнин.

Демократлар ўз даъвосини 6 январь куни Трамп тарафдорлари Капитолий биносига қилган ҳужумининг видео ва фотожамланмаси намойишидан бошлади. Жамланма Трамп ўз тарафдорларини “жон-жаҳди билан жанг қилиш”га чорлаши, “акси ҳолда, бу мамлакатдан маҳрум қолишлари” ҳақида огоҳлантириши билан бошланади. Шундан кейин оломон “Капитолийни заб этиш” ҳақида қичқира бошлайди. 13 дақиқалик видео Сенат мажлислар залида ўрнатилган мониторлар орқали кўрсатилди.

Кун воқеаларини хронологик кетма-кетликда намойиш қилиш орқали, импичмент жараёнига масъуллар ғалаён оқибатларини (ўша пайтда 6 киши нобуд бўлганди, 140 нафар полициячи жароҳат олганди) урғулашга ҳаракат қилди. Улар шунингдек Трампнинг фитна чиқарувчи чақириқларини унинг тарафдорларининг ҳатти-ҳаракатига боғладилар.

Ғалаёнлардан сўнг Трампнинг Twitter cаҳифаси ўчирилган эди. Унинг барча твитлари маҳкамага тақдим этилди.

Трамп тарафдорлари Байден ғалабасидан кейин Мичиганда йиғилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:01 0:00

Сенат собиқ президентни оғир жиноятда айбдор деб топиши керак, деган иддаони асослаш учун демократлар Трампнинг твитларига бафуржа мурожаат этди.

Трамп бир твитида собиқ вице-президент Майк Пенсни сайловларни тан олмаслик ҳуқуқидан фойдаланмаётгани учун танқид қилган. Ҳолбуки, вице-президентда бундай ваколат йўқ эди.

“Майк Пенс қилиниши керак бўлган нарсани қилиш учун ўзида журъат тополмади”, деб ёзган эди Трамп твитларнинг бирида. Майк Пенс эса ўша пайт “Пенсни осамиз” деб қичқираётган оломондан жон сақлаётган эди.

Яна бир твитда эса, Трамп сайловдаги ғалаба ундан ўғирланганини айтиб, оломон хуружини оқлашга ҳаракат қилган.

“Узоқ вақт ноҳақ камситилиб келинган фидойи ватанпарварлардан сайловдаги оламшумул ғалаба безбетларча ўғирланса мана шундай ҳодисалар рўй беради. Энди уйга тинч боринг. Бу кунни ҳамиша эсда тутинг”, деб ёзган Трамп.

Трамп озод ва адолатли тарзда ўтган сайловларда ютқазган. Буни мамлакат бўйлаб барча сайлов комиссиялари тасдиқлаган. Трамп ва унинг тарафдорларининг судга қилган мурожаатлари ҳам асоссиз деб топилган.

Қайта овоз бериш

Бешта республикачилардан бошқа барча республикачи сенаторлар ўтган ой Трамп импичмент жараёнини ўтказмаслик учун овоз берганди. Бу билан республикачилар партияси импичмент масаласида қандай позицияда турганини яққол намойиш қилган эди. Сешанба куни эса, олтинчи республикачи сенатор демократларга кўшилиб, импичмент жараёнини давом эттириш учун овоз берди.

“Мен ҳар доим бетараф ҳакам бўлишимни айтиб келганман”, - дейди Билл Кассиди. Унинг таъкидлашича, ушбу овози Трампни айбдор деб топиш тарафдори эканлигини англатмайди. Шунчаки, демократлар ўз иддаосини асослаб бера олди, Трамп адвокатлари эса йўқ, деб ҳисоблайди у.

“Демократлар уюшган ҳолда, ҳам прецедент, ҳам Конституция, ҳам ҳуқуқшуносларнинг фикрига асосланган ҳолда ўз далилларини тақдим этди. Трамп жамоаси эса уюшмаган ҳолда, гўё хижолат бўлгандек ўзини тутди”, - дейди Кассиди.

Трампга импичмент эълон қилиниши учун қарорни Сенатдаги 100 аъзодан учдан бири, яъни 67 нафари ёқлаши шарт. Демократлар Сенатда собиқ президент импичменти учун бунча овоз йиға олиши амри маҳолдир.

XS
SM
MD
LG