Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:13

АҚШдаги норозилик намойишлари муаммонинг илдизлари чуқур эканлигини кўрсатди


Калифорниядаги норозилик намойиши, АҚШ, 2020 йил 2 июни.
Калифорниядаги норозилик намойиши, АҚШ, 2020 йил 2 июни.

Ўтган ҳафтада АҚШда яна бир қуролсиз афроамерикалик оқ танли полиция ходими қўлида ҳалок бўлиши ортидан оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди.

Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида оқ танли полиция ходими Дерек Шовин қора танли Жорж Флойдни кишанлаб, тиззаси билан бўйнини қарийб тўққиз дақиқа босиб туриши ортидан ҳалок бўлди. 20 долларлик сохта пулни ишлатишга уринишда айбланган Флойд Шовинга бир неча марта нафас олишга қийналаётганини айтиб, фарёд қилган.

Флойд чеккан азиятни бир неча гувоҳ телефонига ёзиб олди ва ижтимоий тармоқларда бўлишди. Натижада Миннеаполисда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Америка бўйлаб 140 дан ортиқ шаҳарда полиция зўравонлигидан ғазабланган америкаликлар намойишга чиқди. Айрим акциялар давомида маҳаллий дўконлар талон-торож қилинди, натижада баъзи штатлар Миллий гвардияни сафарбар қилишга мажбур бўлди.

Нима учун бу масала бунчалик оғриқли?

АҚШдаги афроамерикаликлар ҳуқуқ-тартибот органлари уларга холис муносабатда эмаслигидан бир неча ўн йилдан бери шикоят қилиб келади. Хусусан, улар ирқий профайлинг, яъни полиция томонидан шахсларнинг териси ранги, миллати, дини ёки жинси туфайли тўхтатилиб, сўроқ қилиниши кенг тарқалганидан шикоят қилиб келадилар.

Қора танли америкаликлар мамлакат аҳолисининг 13 фоизини ташкил қилади. Аммо маҳбусларнинг 60 фоиз афроамерикаликдир. Шунингдек, полиция қўлида нобуд бўлган қора танлилар сони оқ танлиларга солиштирганда анча юқори.

The Washington Post газетаси тўплаган маълумотларга кўра, полиция ҳаракатлари туфайли ўлганларнинг 26 фоизини қора танлилар ташкил қилади. Шунингдек, полиция отиб ўлдирган қуролсиз америкаликларнинг учдан бир қисмини ҳам афроамерикаликлар ташкил қилади.

Собиқ полиция ходими Роналд Дейвис ўтган йилнинг кузида Конгресс олдида сўзлаган нутқи давомида полиция томонидан кўплаб қора танлилар ўлдирилаётгани тасодиф эмаслигини айтди:

- Бу отишлар, қонуний ёки қонуний эмаслигидан қатъи назар, яширин нохолис қарашлар, қора танли эркаклардан ҳайиқиш, ирқчилик ёки буларнинг қоришмаси туфайли содир бўлаётгани ҳақидаги фикр хаёлимдан кетмайди.

Қора танлиларни ўққа тутган полиция ходимларига қарши чора кўрилдими?

Оқ танли полициячилар қора танли шахсларга қарши ошиқча куч ишлатганини кўрсатувчи видео далиллар бўлса-да, улар кўп ҳолатларда оқланади. Шунинг учун Америкадаги афроамерикаликлар полиция уларга холис муносабатда эмаслигига ишонадилар.

2013 йилда ёнида қуроли бўлмаган, 17 яшар қора танли Травон Мартин отасини кўргани борган пайтда 28 ёшдаги оқ танли полиция ходими Жорж Циммерман томонидан отиб ўлдирилди. Суд Циммерманни қотилликда айбдор деб топмади. Натижада Black Lives Matter – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» ҳаракати бошланиб кетди.

Бундай намойишлар тез-тез содир бўладими?

2014-2016 йиллар орасида кўп сонли қора танлиларнинг полиция ходимлари томонидан ўлдирилгани полиция зўравонлигига қарши норозилик акцияларига туртки бўлди.

2014 йилнинг июлида оқ танли полиция ходимлари Эрик Гарнерни ноқонуний тарзда тамаки сотишда айблаб, тўхтатди. Ёнида қуроли бўлмаган Гарнерни полиция ерга ётқизганини ўткинчилар видеога ёзиб олди. Полиция ходимларидан бири 43 ёшдаги қора танли Гарнернинг бўйнини бўғди. Ҳаво етишмаётганини бир неча марта айтган Гарнер орадан кўп ўтмай жон берди. Аммо унинг ўлимига сабаб бўлган офицер айбсиз деб топилди.

Гарнер ўлимидан бир ой ўтиб, полиция ходими Фергусон шаҳрида ўсмир Майкл Браунни отиб ўлдирди. Браун ўлдирилган пайтда унинг ёнида қуроли йўқ эди. Уни ўлдирган полициячи ўзини ҳимоя қилиш учун ўт очганини айтди ва судда айбсиз деб топилди.

Бундай намойишлар қачондан бери содир бўлиб келади?

АҚШда 1960- йилларда афроамерикаликлар ҳибсга олиниши ортидан бир неча норозилик намойиши бўлиб ўтган.

1965 йилнинг августида полиция 21 ёшдаги қора танлини автомобилини эҳтиётсиз ҳайдагани учун тўхтатди. Унинг полиция билан тўқнашуви ортидан полиция зўравонлиги ва оғир яшаш шароитларига қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди. Олти кун давом этган тартибсизликлар давомида 34 нафар одам нобуд бўлди, юзлаб иморат зиён кўрди.

1967 йилда асосан оқ танли полиция ходимлари томонидан қора танлиларнинг ҳибсга олиниши ортидан Нью-Жерси ва Мичиган штатларида яна норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Барча ҳолатларда вазиятни назоратга олиш учун Миллий гвардия сафарбар қилинди.

1992 йилда оқ танли полиция ходимлари қора танли Родни Кингни дубулға билан аёвсиз калтаклаётганини видеога тушиб қолди. Бунинг ортидан Америка бўйлаб полициянинг қора танлиларга нисбатан зўравонлиги яна қизғин муҳокама қилинди. Кингни калтаклаган полиция ходимлари айбсиз деб топилиши ортидан Лос-Анжелесда норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди, ўнлаб одам нобуд бўлди.

Айни дамда содир бўлаётган намойишларда COVID-19 пандемиясининг роли борми?

Давом этаётган COVID-19 пандемияси барча қатори қора танли америкаликларни ҳам мушкул аҳволга солди. Аммо штатлардан олинган маълумотларга кўра, афроамерикаликлар вирусни кўпроқ юқтирди, ўлганлар орасида ҳам қора танлилар сони кўпроқ.

Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳолат афроамерикаликлар гавжум маҳаллаларда яшаши ҳамда тиббий хизматлардан оқ танлилар билан тенг кўламда фойдалана олмаслиги билан боғлиқ. Шунингдек, кўплаб қора танли америкалик олисдан бажариб бўлмайдиган ишларда ишлайди. Бу эса уларнинг вирусга чалиниш эҳтимолини оширди.

Кейинги ойларда аҳоли ғазабини кучайтирган қандай ҳодисалар содир бўлди?

Май ойида ирқчилик билан боғлиқ танглик аллақачон кескинлаша бошлаган эди. 5 май куни қўлига қурол тутган икки нафар оқ танли шахс бир нафар афроамерикаликка ҳужум қилгани акс этган видео тарқалди.

23 февралда эса нафақадаги полиция офицери Грегори Макмайкл ҳамда унинг ўғли Трэвис Макмайкл куппа-кундуз 25 ёшдаги Аҳмод Орберининг йўлини тўсди. Макмайклларнинг сўзларига кўра, улар Орбери яқинда содир этилган икки ўғриликка алоқадор бўлиши мумкин, дея тахмин қилишган. Трэвис Макмайкл ва Орбери жанжаллашиб қолиши ортидан Макмайкл уни отиб ўлдирди. Бу ҳолат ортидан ҳам маҳаллий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Ушбу ҳолат ҳақида полицияга бошидан маълум бўлган бўлса-да, тўқнашув видеоси кенг тарқалганидан кейингина ота-ўғил Макмайкллар қўлга олинди.

25 май куни қора танли Кристиан Купер Нью-Йоркдаги марказий паркда итини сайрга олиб чиққан оқ танли аёлни қоидаларга амал қилишга ва итини боғичга бойлашга чорлади. Оқ танли аёл эса полицияга телефон қилиб, афроамерикалик эркак унга таҳдид солаётганини иддао қилди.

Купер бу ҳолатни видеони ёзиб олди, унинг синглиси эса уни Интернетда улашди. Видео тез орада 40 миллион мартадан кўп кўрилди.

Ҳукумат қандай чора кўряпти?

Айни дамда АҚШ конгресси ирқий профайлингни тугатиш қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Лойиҳада полициянинг ирқ, миллат, дин ва жинс асосида хулоса чиқаришини ва чора кўришини ман этиш назарда тутилган.

Ўтган йилнинг сентябрида Конгресс полиция фаолиятини кўриб чиқиб, полиция ва афроамерикаликлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ҳамда қуроли бўлмаган ва таҳдид туғдирмайдиган қора танлиларнинг полиция томонидан ўлдирилишини тугатиш масаласида мутахассислар фикрини эшитди.

Афроамерикаликлар етакчилари нима демоқда?

Собиқ президент Барак Обама – Оқ уйга сайланган илк афроамерикалик шахс – 1 июнь куни эълон қилинган мақоласида содир бўлаётган намойишларни Америкада полиция ҳамда адлия тизимларидаги камчиликлар келтириб чиқарганига оид асосли хавотирлар борлигини ёзди.

Аммо Обама талон-торож ва тартибсизликларни тўхтатишга чақирди.

XS
SM
MD
LG