Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:39

Аҳмад Вали Маъсуд: Қаршилик ҳаракати Афғонистонда партизанлар урушини кучайтирди (ВИДЕО)


Аҳмад Вали Маъcуд Женевадаги Афғонистонга бағишланган анжуманда - Швейцария, 7 сентябрь, 2021
Аҳмад Вали Маъcуд Женевадаги Афғонистонга бағишланган анжуманда - Швейцария, 7 сентябрь, 2021

Дам олиш кунлари Афғонистонда яна қатор портлаш овозлари янгради. Мамлакат жанубида толибларнинг ўзлари нишонга айланмоқда. Жалолободда 18 ва 19 сентябрь кунлари Толибон жангариларига қарашли бир нечта автомобиль ҳавога учирилди. Натижада уч киши ўлиб, 20 га яқин киши жароҳат олди. Яна бир портлаш Кобулда содир бўлди. ОАВ маълумотига кўра, қўпорувчилик ҳаракати магнитли мина ёрдамида амалга оширилиб, уч кишини ярадор бўлишига олиб келган.

Террористик хуружлар учун жавобгарликни “ИШИД-Хуросон” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Бу орада толиблар Кобул ҳокими этиб тайинлаган Ҳамидуллоҳ Нуъмоний муниципалитетда ишловчи аёлларга, агар уларнинг вазифасини эркаклар бажара олса, ишга чиқмасликни амр қилди. У Толибон раҳбарияти аёлларнинг ишлашини бир муддат тўхтатиб туришга буйруқ берганини айтган. Нуъмоний айтишича, пойтахт муниципалитетида тахминан минг нафар аёл ишлайди.

Аввалроқ Толибон ҳукуматининг Таълим вазирлиги ўрта мактабларнинг ўқувчи қизлари ва муаллималарига мактабга боришни тақиқлаб қўйганди. Толиблар бу муваққат чоралигини айтиб, мактабларда ўғил ва қиз болаларни айри-айри ўқитиш учун шароит яратилганидан сўнг ўқувчи қизлар ва муаллималар у ерга қайтарилишига ваъда беришмоқда.

“Настояшчее время” телеканали Афғонистоннинг келажаги ва Панжширдаги вазият ҳақида Миллий қаршилик жабҳасининг Европадаги вакили Аҳмад Вали Маъсуд билан суҳбатлашди. Аҳмад Вали Маъcуд – қаршилик ҳаракати йўлбошчиси Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг амакиси ва Афғонистон қаҳрамони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг укасидир.

– Жаноб Маъсуд, Миллий қаршилик жабҳаси етакчиси ҳозир қаерда? Нега Аҳмад Маъсуддан ҳеч қандай дарак йўқ? Тирикми у?

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа, у тирик ва соғ-саломат. Макони сир тутилмоқда, аммо тез орада унинг мурожаати эълон қилинади.

– Панжшир забт этилишидан олдин кўпчилик толибларнинг бу минтақани қўлга кирита олмаслигини башорат қилганди. Панжшир қулашига нима сабаб бўлди?

– Толиблар 33 вилоятнинг барчасидаги ўз кучларини йиғишди, мамлакатда мавжуд ҳамма террорчи гуруҳларни ёллашди ва ҳар хил турдаги сон-саноқсиз қуроллар билан устимизга келишди. Пировардида 10 кундан сўнг улар мудофаа чизиғини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Бироқ Панжширни тўлиқ ишғол эта олганлари йўқ. У ерда ҳамон қаршилик давом этяпти. Минтақанинг катта қисми бизнинг назоратимизда.

– Яқинда толиблар Миллий қаршилик жабҳасининг қурол-аслаҳа, ёқилғи ва озиқ-овқат сақланаётган улкан омборларини қўлга киритишганини эълон қилишди. Панжшир вилояти ҳар тарафдан қуршовга олинганини ҳисобга олсак, қаршилик ҳаракати яна қанчага чўзилиши мумкин?

– Миллий қаршилик жабҳасининг захиралари кўп эмасди ўзи. Худди шу сабабга кўра қаршилик кучлари толиблар билан юзма-юз тўқнашувларга узоқ дош бера олмади. Ва уруш ҳозирда партизанлар уруши тусини олган. Бу ўринда таъкидлаш муҳимки, Панжширда 40 йилдан буён босқинчиларга қарши партизанлар уруши олиб борилмоқда.

Ҳозирда қаршилик жабҳаси, айрим ҳозирликлардан сўнг яна партизанлар урушини фаоллаштирган. Ишончингиз комил бўлсин, курашнинг бу тури Панжширдан чеккага ҳам ёйилиб, Афғонистоннинг барча шимолий вилоятларини қамраб олади.

Орадан бир ой ўтиб халқимиз толибларнинг ҳеч бир муқаддас нарсаси йўқлигига ва улар аҳоли муаммоларини ҳал қила олмаслигига тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам қаршилик тобора ривож топяпти.

– Нега бошқа минтақаларда қаршилик ҳаракати толиблар келиши билан бошланмади?

– Негаки ҳамма президент Ашраф Ғанининг 300 минг кишилик армиясига умид боғлаганди. Одамлар ҳукумат қўшини Толибон ҳужумига бардош бера олади, деб ўйлашди. Армия бу қадар тез сочилиб кетиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Ана шу умидларга алданиб, қаршилик учун ҳеч қанақа ҳозирлик кўришмаган-да.

Ҳозирда, Афғонистоннинг ўзидан ташқари, четда, дунёнинг кўп мамлакатларида аксилтолибон кампанияси кетмоқда. Одамлар намойишларга чиқишяпти, сиёсий маслаҳатлашувлар бўлмоқда.

– Сиз Миллий қаршилик жабҳасига оид сиёсий масалалар бўйича масъулсиз. Айтинг-чи, биринчи қаршилик жабҳасининг собиқ етакчилари – Дўстум, Халилий, Муҳаққиқ, Нур ва бошқалар билан бирор алоқа борми?

– Ҳа, уларнинг барчаси Миллий қаршилик жабҳаси етакчиси билан бевосита алоқада бўлиб турибди. Худо хоҳласа, тез орада қаршилик – Афғонистонда яшовчи барча эл ва элатлар иштирокидаги умумхалқ курашига айланажак.

Толиблар куч билан босиб олишдан бошқасига ярамаслигига, уларнинг бир тўда террорчилардан бўлак кадрлар захираси йўқлигига бугун ҳамма амин бўлди. Улар мамлакатни идора қилишга қодир эмас. Иқтидорга келишганидан бери ақалли жамиятнинг бирламчи эҳтиёжини қондира олишмади. Куч ишлатиш ва тажовузкорликдан бошқа ҳеч нимани намоён эта олишгани йўқ.

– Сиздан Миллий қаршилик жабҳаси ва толиблар ўртасидаги музокаралар барбод бўлгани ҳақида сўрамоқчиман. Толибоннинг айрим раҳбарлари иддао қилишича, толиблардан Афғонистон янги ҳукуматидаги вазирлик лавозимларининг чорак ҳиссасини талаб қилган экансизлар. Шу гап ростми?

– Мутлақо нотўғри. Музокаралар давомида Миллий қаршилик жабҳаси асло бунақа талабларни илгари сургани йўқ. Биз доимо мамлакатнинг бўлажак бошқарув шакли ҳақида суҳбат олиб борганмиз. Миллий жабҳа толибларни вакилликка асосланган ва Афғонистон халқи манфаатларини ифода эта оладиган тузилмани қабул қилишга чақирган.

Биз бўлғуси ҳукумат қоида ўлароқ амал қилиши мумкин бўлган қадриятлар – сайлов, демократия, аёллар ҳуқуқлари, фуқаролик ҳақлари, инсон эркинлиги ва сўз эркинлиги хусусида гапирдик.

Миллий қаршилик жабҳаси ҳеч қачон лавозимларни тақсимлаш масаласини қўймаган. Таассуфки, толиблар бир неча вазирлик курсисини бошқа кучлар вакилларига бериш орқали ўзлари эълон қилган амирликни машруълаштиришмоқчи. Бироқ биз бундай ёндашувга асло рози эмасмиз.

– Сўнгги кунларда толиблар билан Афғонистоннинг бошқа ғайрипаштун этник гуруҳлари вакиллари ўртасидаги эҳтимолий музокаралар ҳақида кўп гапирилмоқда. Яқинда Покистон ва Тожикистон раҳбарлари шунақа вариантни муҳокама қилишди. Нима деб ўйлайсиз, Покистон толибларни инклюзия ҳукумат тузишга мажбур қила олармикан?

– Покистон раҳбарияти шу пайтгача аввал берган биронта ваъдасини бажарган эмас. Улар ҳеч нима қила олишмаган. Толибларни инклюзив ҳукумат тузишга мажбур этамиз, деб илгари ҳам айтишганди, лекин қўлларидан келмади.

Энди улар яна ваъда беришяпти, Тожикистон президентига ваъда беришяпти. Натижасини, ўйлайманки, тез орада кўрамиз.

– Аҳмад Маъсуднинг Ғарб нашрларида эълон қилинаётган мурожаатлари ва сизнинг саъй-ҳаракатларингизга қараганда, Миллий қаршилик жабҳаси Ғарбдан кўмак изламоқда. Нега айнан Ғарбдан – 90-йилларда биринчи қаршиликни дастаклаган мамлакатлар, хусусан, Эрон, Ҳиндистон ва Россиядан эмас?

– Минтақа мамлакатлари толиблар билан ўзлари учун фойдали тарзда музокара олиб бориш мумкин, деб ўйлайди. Аммо улар ҳадемай толиблар билан музокаралар ўз манфаатларига мос эмаслигини тушуниб етишади, бу қайтага зарар келтиришини ҳис қиладилар. Зеро толиблар – жаҳон терроризмининг бир бўлагидир, улар терроризмдан йироқлаша олишмайди. Террорчи гуруҳлар учун эса чек-чегара деган нарса йўқ. Ва улар биринчи имконият туғилганидаёқ минтақа мамлакатларига суқилиб киришга уринадилар. Ғарб мамлакатларида эса ўзгача қадриятлар ҳукмрон. У ерда жамоатчилик фикри Толибон ғояларини ҳазм қилолмайди.

XS
SM
MD
LG