Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:36

Беларусда норозилик намойишлари бошланганига 13 ҳафта бўлди


 7 ноябрь Минскдаги норозилик намойиши пайти.
7 ноябрь Минскдаги норозилик намойиши пайти.

8 ноябрь куни Беларусда минглаб одам президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб 13- марта якшанба куни норозилик намойишига чиқиши кутилмоқда.

Ўтган якшанбада Беларусь полицияси 200 нафар норозилик акцияси қатнашчисини ҳибсга олган эди.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўзни ёшлантирувчи газ ва дубулғаларни ишга солди.

Куни кеча эса расмий рухсат берилмаган норозилик акциясида қатнашган ўнлаб тиббиёт ходими ҳибсга олинди.

«Весна» инсон ҳуқуқлари гуруҳининг хабар беришича, 7 ноябрь куни 60 га яқин тиббиёт ходимини полиция қўлга олиб, полиция бўлимларига олиб кетган.

Шу йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида норозилик чиқишлари бошланган.

8 ноябрь Минскда намойишчини ҳибсга олиш пайти.
8 ноябрь Минскда намойишчини ҳибсга олиш пайти.

Норозилар расмийларни мисли кўрилмаган сохталаштирув ва митинг иштирокчиларига нисбатан шафқатсизликда айблаб, Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Мухолифат етакчиси Светлана Тихановская тиббиёт ходимларини кўрсатган жасоратлари учун олқишлаб, пандемия давом этаётган бир пайтда соғлиқни сақлаш ходимлари қўлга олинганини кескин танқид қилди.

Бир неча шифокор намойишларда қатнашгани ёки иш ташлагани учун ишидан айрилди.

Тихановская бу ҳолатни қоралаб, Лукашенко ҳокимият тепасида қолиш учун ўз халқини қурбон қилаётганини айтди.

Лукашенко коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли карантин чекловларини жорий қилишдан бош тортиб келади.

Баҳорда у пандемияга аҳамият бермади, аммо кузга келиб, Европада пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши ортидан мамлакат чегараларини қисман ёпди.

9 август куни ўтказилган сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан Литвага қочиб ўтишга мажбур бўлган Тихановская Беларусь расмийларини пандемия кўламини кичрайтириб кўрсатишда айблаб келади.

7 ноябрга қадар 105 283 нафар одам вирусга чалинди, уларнинг 1 004 нафари нобуд бўлди.

«Весна» гуруҳининг билдиришича, 7 ноябрь куни аёллар ўтказган яна бир норозилик акциясининг камида 14 нафар қатнашчиси ҳибсга олинган.

7 ноябрдаги аёллар намойиши пайти. Минск
7 ноябрдаги аёллар намойиши пайти. Минск

Тихановская Лукашенкони Островец туманида, Литва билан чегара яқинида халқ розилигисиз атом электр станциясини (АЭС) қургани учун танқид қилди.

Литва АЭС атроф-муҳитга таҳдид солишини айтиб, лойиҳага кескин қарши чиқиб келади.

7 ноябрь куни Беларусдаги илк АЭСнинг очилиш маросимида Лукашенко:

«Островец атом электр станцияси келажак сари, мамлакатимизнинг энергия соҳасида хавфсизлигини таъминлаш йўлида ташланган янги қадамдир», - деди.

АЭС Россия ҳукуматига тегишли «Росатом» корпорация томонидан қурилди. Москва лойиҳа учун 10 миллиард доллар қарз берган.

Островец АЭС Вилия дарёсидан олинган сув билан совитилади. Айни дарё Литвани ичимлик суви билан таъминлайди.

АЭС ҳафта бошида ишга тушди. Лойиҳага бошидан бери қарши чиқиб келаётган Литва Беларусдан электр токини импорт қилишни тўхтатди.

Беларусь халқи 1986 йил содир бўлган Чернобиль авариясидан катта талафот кўрган эди. Шу сабабдан кўплаб белорус мамлакатда АЭС қурилишига эътироз билдирган эди.

XS
SM
MD
LG