Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Бишкекда коррупция ҳақида мақола эълон қилган сайт редактори калтаклаб кетилди


«FactCheck» портали муҳаррири Бўлўт Темиров.
«FactCheck» портали муҳаррири Бўлўт Темиров.

Бишкекдаги «FactCheck» портали муҳаррири Бўлўт Темиров 9 январда пойтахт марказида калтаклаб кетилди. Журналист хужумни ўзининг касбий фаолияти билан боғламоқда. У раҳбарлик қилаётган «FactCheck» сайти сўнгги пайтларда бир қатор шов-шувли материалларни эълон қилган эди.

«FactCheck» порталида эълон қилинган Давлат божхона хизмати раиси собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг турмуш ўртоғи Уулқан Турғунова ва унинг ўғлига тегишли қиматбаҳо соатлар, кийим-кечак ва автомашиналар тўғрисидаги журналистик суриштирув Қирғизистонда катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Бўлўт Темировга кўра, тушлик пайти сайт идораси ёнида уни уч йигит ерга ётқизиб тепкилаган:

- Соат 12:30лар атрофида идора ёнидаги аркадан ўтаётганимда уч йигит ҳужум қилди. Ҳеч нарса гапирмай калтаклай бошлашди. Бизга қўшнилар: “Спорт кийимдаги одамлар икки кундан бери «FactCheck» сайтининг идораси шу уйдами?” деб излаб юришибди”, деб айтишганди. . Мен бугун йўлда кетаётганимда йигитлардан бири орқамдан келиб уриб йиқитди. Шундан сўнг улар ҳеч нарса демай, юзимга уришни бошлашди, - деди журналист.

Темиров мазкур ҳужум «FactCheck» порталида Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов турмуш ўртоғининг буюмлари борасидаги мақола эълон қилингани сабабли уюштирилган, деб ҳисобламоқда.

Бўлўт Темиров калтаклангани юзасидан милицияга мурожаат қилгани ва тиббий текширувдан ўтганини ҳам маълум қилди. Бироқ журналистнинг калтакланиши «FactCheck» порталида чиққан мақолага боғлиқ экани тўғрисидаги иддаоларга Матраимовлар оиласи ҳозирча муносабат билдирмади.

Кўчадаги назорат камераларига журналистни калтаклаган уч одамнинг қочиб кетаётгани тушиб қолган.

Бишкек шаҳар Ички ишалар бошқармаси матбуот котиби Улан Жумаков журналист Бўлўт Темировга ҳужум қилганлар бўйича тезкор гуруҳ ишлаётганини, ҳозирча гумонланувчилар қўлга олинмаганини билдирди.

17-декабрда Factcheck.kg сайти Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг турмуш ўртоғи Уулқан Турғунова ва унинг ўғлига тегишли қиматбаҳо соатлар, кийим-кечак ва автомашиналари тўғрисида изланишлар натижаларини эълон қилган.

Мақола муаллифлари Матраимов оила аъзолари 2015-2017-йиллари ижтимоий тармоқларда эълон қилган суратлардаги буюмларнинг ҳақиқий баҳоси 24 миллион қирғиз сўми, яъни тақрибан 342 857 долларга тенг экани аниқланган.

Райимбек Матраимовнинг 2015-2016-йилги солиқ декларацияларида кўрсатган даромади эса бу каби қииматбаҳо буюмларни сотиб олишга етмайди. Солиқ декларациясида Матраимовнинг оиласи икки йилда 15,6 миллион қирғиз сўми миқдорида даромад топгани кўрсатилган.

Ўша кунлари Factcheck.kg сайтининг Матраимовлар яқинлари тўғрисидаги мақоласини кўчириб эълон қилган бир қатор сайтлар ишламай қолган.

2018-йилдан бери ишлаб келаётган factcheck.kg сайти бир қанча баҳсли маълумотлар ва воқеаларга боғлиқ фактларни ўрганиб, ўнлаб мақолаларни эълон қилган.

Мазкур ресурс “Қирғизистонда медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар” лойиҳаси асосида “Сорос Қирғизистон” фонди томонидан қўллаб келинади.

XS
SM
MD
LG