Кейинги пайтларда ўзбек журналистикасига онасини мама, отасини папа дейдиганлар авлоди кириб келдими, деган шубҳага бориб қолдим. Назаримда, бу авлод ўзбек тилидан фақат ёзганда фойдаланади, бу тилда ҳеч нарса ўқимайди. Гап шу ҳақда.
“Ҳақида”нинг ўрнига ҳам, “тўғрисида”нинг ўрнига ҳам “борасида”ни ишлатаётган ҳамкасбларим билан баҳсга киришмоқчи эмасман: бу дид масаласи бўлақолсин.
“Ҳақда” ёзиш лозим ҳолатда ҳам “ҳақИда” ёзадиганлар билан киришгим келади баҳсга: бу дид масаласи эмас, савод масаласидир.
Лекин кеча бир хабарга кўзим тушдию “ҳақда”нинг “ҳақИда”дан фарқи ҳақида гапиришга ҳали эртадай кўринди.
Мана сайтлардан биридаги кечаги хабардан парча:
“Лойиҳалаштириш ишлари «Боштранслойиҳа» АЖ муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган. Кўприкнинг умумий узунлиги 256 метр бўлиб, жами 9 та (устойлари билан) таянч устунлари оралиғида монтаж қилинадиган 1 та (24 метр) ва 7 та (33 метр) оралиқ қурилмалардан (балкалар) ташкил топади. Таянч устунларининг пойдевори диаметри 1,5 ва 1,7 метрли 25 метргача чуқурликка бурғилаб ўрнатиладиган 78 та қозиқлардан (сваи) иборат бўлиб, жами 112 дона оралиқ қурилмалари (балка) ўрнатилган”.
Келтирилган парчадаги “лойиҳалаштириш ишлари”, 78 та қозиқлар” каби иборалардаги ноқисликлар муҳокамасини ҳам бошқа галга қолдирамиз.
Ҳозир эса, қорайтирганларимгагина қаранг. Ўзбекчани эндигина ўрганаётган ажнабий бу гапларни ўқир экан, ўзбекларнинг тили ўрисча чиққан экану мухбир бечора қийналиб, айтадиганини ўзбекларга ўрисча ёрдамида тушунтиришга уринаяпти, деб ўйлайди.
Аслида ундай эмас. Аслида мухбир бечора на ўрисчани билади, на ўзбекчани!
“9 та (устойлари билан) таянч устунлари” – “устойлари билан” деганда нимани назарда тутганини умуман тушунмадим. “Таянч устунлари” эса, “опорные стойки”нинг калькаси. Бу иборадан қўрқмай "таянч"ни ташлаб юбориб, “устун”инигина олса бўлаверади. Чунки... (шу ердан қайтаман, “опора” ҳам, “стойка” ҳам алоҳида-алоҳида “устун” маъносини беролмаслигини тушунтираман десам, чўзилиб кетади)
“Оралиқ қурилмалардан (балкалар)” – “Балка” ўзбекчада “тўсин”дир. Хабарни ёзган мухбир менга ишонмаса, смартфонлар чиққунча туғилган отасидан сўрасин, отаси билмаса ё бўлмаса, луғатдан сўрасин. Ҳа, айтганча, “Луғат” деган китоблар бўлади, уларда сўзлар бўлади алфавит тартибида берилган.
“78 та қозиқлардан (сваи)” – биринчидан, “78 та қозиқлар” эмас, “78 та қозиқ” бўлади (боя айтдима, бу масалага тегинмайман, деб...), иккинчидан, “сваи”нинг ўзбекча эквиваленти бўлмагани учун шу сўзнинг ўзини ўзбекчалаштириб (масалан: свай, свая) олиш ёки “бетон қозиқ”, “темир-бетон қозиқ”, деб олиш мумкин. Ҳа, айтганча, 1984 йилги “Русча-ўзбекча луғат” “сваи”ни “қозиқоёқ”, деб берган. Бироз сунъий, лекин “78 та қозиқлардан (сваи)” деган шармандаликдан яхшироқку, тўғрими?
Хуллас, кейинги пайтларда ўзбек журналистикасига онасини мама, отасини папа дейдиганлар авлоди кириб келдими, деган шубҳага бориб қолдим. Назаримда, бу авлод ўзбек тилидан фақат ёзганда фойдаланади, бу тилда ҳеч нарса ўқимайди.
Ундай десам, бутун ўзбек шундай бўлиб қолгандай: бугун ўрганганимиз - парчасини олганимиз хабарни босган сайт шу хабар чиққан куни бошқа бир материал – Тошкентда янги очилган магазиндан фоторепортаж берди. Магазин ичидаги ёзувларнинг мутлақ ҳаммаси русча ёзилганини кўрдим. Битта ҳам ўзбекча ёзув кўрмадим.
Ўзбекистон пойтахтидаги магазинда битта ҳам ўзбекча ёзув кўрмадим.