Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:07

Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди


Блогер Отабек Сатторий
Блогер Отабек Сатторий

10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди блогер Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Суднинг 10 май, эрталаб 25 дақиқа давом этган мажлисида 1980 йилда Термиз шаҳрида туғилган судланувчи Отабек Сатторийга сўнгги сўз айтиш имкони берилган ва судьяга мурожаат қилиб, суд залидан озод қилишни сўраган эди.

Отабек Сатторий иши жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси Т. Абдираимов раислигида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида қатнашган маҳаллий блогерларга кўра, судья ўз ҳукмини 10 май, соат 17. 20 да ўқиди.

Олий суднинг яшин тезлигида чиққан баёноти

Орадан бир неча дақиқа ўтибоқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғининг расмий канали Сатторий иши бўйича чиқарилган ҳукм юзасидан баёнот эълон қилди.

Унда айтилишича, "О. Сатторий айбловнинг жабрланувчи Н. Нарбаевани ҳақорат қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди билан ҳамда Т. Кўчаров, А. Худойқулов ва З. Хурсановга нисбатан такроран товламачилик қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқланган".

Олий суд баёноти давомида блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича айбдор, деб топилгани ва унга қандай жазо қўлланилгани айтилган:

"О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди", дейилган Олий суд баёнотида.

Олий суд, шунингдек, "ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона “Vivo-X50” русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона “Redmi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона “Zotac” русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди", деб хабар қилди.

Сатторийнинг ҳимоячиси ҳукм устидан шикоят қилмоқчи

Отабек Сатторийнинг адвокати Умид Давлетов маҳаллий журналистларга Музработ судининг ўқиган ҳукмидан норози эканлигини билдириб, ишни қайта кўриб чиқиш учун, Сурхондарё вилоят судига шикоят апелляциясини тақдим этилишини айтди. Агарда вилоят суди ҳам ушбу ишни кўриб чиқмаса иш Олий судга оширилиши мумкинлигини инкор этмади.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

Гапирганга ўн беш йил,
Эшитганга йигирма

Отабек Сатторий устидан ҳукм ўқилиши биланоқ ижтимоий тармоқларда бу воқеага муносабатлар билдирила бошлади. Телеграмдаги 30568 обуначиси бор Девонайи Ҳақгўй | Жадидлар издоши "Блогер Отабек Сатторий Абдуманнонзода узил-кесил 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди", деб хабар бераркан, бу хабар олдидан шоир Эркин Воҳидовнинг бир шеърини кўчириб босган:

Эгил, ўзни пана қил,
Борлигингни билдирма.
Йўталганга ўн беш йил,
Аксирганга йигирма.

Кар бўл, кўр бўл, тишла тил,
Бошга бало келтирма.
Гапирганга ўн беш йил,
Эшитганга йигирма.

Қаламингни душман бил,
Қоғоз узра жилдирма,
Роман ёзсанг – ўн беш йил,
Достон ёзсанг – йигирма...

ЭРКИН ВОҲИДОВ

"Ҳа, бу жуда катта сигнал"

Бундай сарлавҳа остида қуйидаги фикрини Телеграмда 23996 обуначиси бор Yuristkadr канали эълон қилди:

"Бу ҳукм Ўзбекистондаги сўз эркинлигига ва блогосферага жиддий таъсир ўтказса керак. Ҳар ҳолда қаттиқ бир силтаниш кузатилди.

Апелляция шикояти берилиши олдиндан маълум. Кейинги судлардан адолат кутиб қоламиз".​


Суднинг 4 май кунги мажлиси баъзи муҳим тафсилотлари

Отабек Сатторий устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 4 май кунги мажлисида давлат айбловчиси уни 11 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган эди.

Танқидий чиқишлари билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинган.

Суднинг 4 май кунги мажлисида прокурор блогерга қўйилган айбловлардан учтасини рад этиб, бештаси бўйича айбдор деб топишни сўраган.

Ўша мажлисда блогернинг адвокати, суд жараёнида прокурор Отабек Сатторийнинг айбларини исботловчи далиллар тақдим қилмади, деди.

"Ҳимояланувчимнинг нафақат 11 йиллик қамоқ, 15 суткалик ҳибсга арзийдиган айби йўқ. Чунки, бу иш тахминлардан иборат, бундан ташқари ҳар битта эпизодни мустаҳкамлаш, айбини тасдиқлаш учун бирорта процессуал ҳаракат қилинмаган. Жиноят ишида сохталаштириш ҳаммаси. Эътирозларимиз эса инобатга олинмади", деган эди адвокат Умид Давлетов.

10 май куни адвокат Умид Давлетов маҳаллий журналистлар саволларига жавоб берар экан, судья унинг мижози Отабек Сатторийни оқлаб, суд залидан озод қилишига умид қилаётганини билдирди:

"Прокурор 11 сўрагани учун халқимиз жуда ваҳимага тушиб қолди. У сўров тарафлар музокараси пайтида прокурор билдирган фикр холос. Биз эса, оқлашни сўрадик ва бунга асосимиз бор. Амалиётда кўрдик, далил етарли бўлмагани учун.16 йилга қамаш сўралганларни оқлаб юборганларини, 18 йил сўралганларни оқлаб юборганларини кўрдик".

Суднинг 4 май кунги мажлисидан сўнг

Тармоқларда танқидчи блогерга сўралган жазо Сардоба фожиаси айбдорларига қўллангани айтилаётган жарима жазоси билан қиёсланди.

Олий Мажлис депутати Кушербаев буни “даҳшат”, таниқли блогер Зафарбек Солижонов “халқдаги ишонч қолдиқларининг чилпарчин бўлиши”, блогер Отабек Бакиров эса “қўрқитиш акти” деб баҳолади.

Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Блогер устидан маҳкама жараёни 11 март куни Музработ туман судида бошланган.

"Ҳаммаси уюштирилган" - блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

XS
SM
MD
LG