Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:43

Тошкент марказида кўтарилган қизил байроқ. Бош прокуратура депутат мурожаатини ўрганмоқда


Россия элчихонаси уюштирган тадбирда СССР байроғи кўтарилди. Тошкент, 2021, 1 май.
Россия элчихонаси уюштирган тадбирда СССР байроғи кўтарилди. Тошкент, 2021, 1 май.

"Миллий тикланиш" партияси раҳбари, Олий Мажлис депутати Алишер Қодировнинг 1 май куни Тошкентда собиқ Совет Иттифоқининг қизил байроғи кўтарилиши юзасидан мурожаати Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Бу маълумотни Бош прокуратура вакили 4 май куни Озодликка тасдиқлади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров унинг партияси Тошкентнинг марказий майдонларидан бирида қизил байроқ кўтарилганини “ғаразли провокация “ ва “ўзбек халқига нисбатан ҳақорат” деб атаб, Бош прокуратура бу провокацияга тегишли баҳо бериши лозимлигини айтган.

1 май куни Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонида россиялик “Хор Турецкого” ва “Soprano” гуруҳларининг «Ғалаба қўшиқлари» концерти ўтказилди.

Ўзбекистон ҳукумати рухсат берган концерт

Россиянинг МДҲ, чет давлатларда яшайдиган россияликлар масалалари ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги – “Россотрудничество” уюштирган концерт чоғида СССР байроғи кўтарилди.

“Россотрудничество” 1 май кунги баёнотида концерт Россиянинг қатор расмий идоралари, шунингдек Ўзбекистон ҳукумати қўллови билан уюштирилгани айтилган.

Kun.uz сайти ўзи қўлга киритган маълумотга таяниб, концертни ўтказишга шахсан бош вазир Абдулла Арипов розилик билдиргани, уни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги қатор мутасаддиларга топшириқ берганини хабар қилди.

Орни уйғотган Хор

Тошкент марказида ўтказилган концертда қизил байроқ кўтарилгани ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотди.

Озодликка Қашқадарёдан келган хат муаллифи қизил байроқ ўзига "оғир ботгани"ни ёзади:

Нега биз ўзбеклар ким тупириб кетса, ўшанга катта эътибор кўрсатамиз, нега?

“Табиатдан жуда рашкли, орли фуқароман. 1 майдаги ҳолат – Тошкентда қизил байроқ кўтарилгани менга жуда оғир ботди. Нега биз ўзбеклар ким тупириб кетса, ўшанга катта эътибор кўрсатамиз, нега?”

“Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров 2 май кунги баёнотида “Биз санъатга қарши эмасмиз, санъатни сиёсатга қурол қилинишига қаршимиз. Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаймиз”, деб ёзди.

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров.
"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров.

“Бош Прокуратурадан бу провокацияга тегишли баҳо берилишини кутиб қоламиз”, деб якунлаган Алишер Қодиров ўз баёнотини.

Бош прокуратура ва қизил байроқ масаласи

Бош прокуратуранинг масъул ходими Озодликнинг “1 май кунги концерт давомида қизил байроқ кўтарилганини юзасидан текширув ўтказилаяптими?” деган саволига жавобан “Йўқ. Бу воқеа юзасидан текширув ўтказилаётгани йўқ. Бироқ Алишер Қодировнинг воқеа юзасидан мурожаати Бош прокуратурага келиб тушган, мурожаат ўрганиляпти ва расмий жавоб эълон қилинади”, деди.

Бош прокуратуранинг расмий сайти ва Телеграм каналида ҳозирча бу хусусда маълумот йўқ. Прокуратуранинг Телеграм каналидаги энг сўнгги постлардан бирида “айни кунларда мамлакат бўйлаб “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш борасида тайёргарлик ишлари жадал суръатларда давом этаётгани” хабар қилинган.

Маданият вазирлиги қизил байроққа эътибор бермади

Қизил байроқ кўтарилган концертнинг Ўзбекистондаги уюштирувчиларидан бири сифатида “Россотрудничество” 1 май кунги баёнотида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳам тилга олинган.

Маданият вазирлиги 3 май кунги баёнотида концерт уюштирувчиларига ҳамкорлик қилганини тан олиб, “фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олган”ини билдирди. Вазирлик ўз баёнотида қизил байроқ масаласига тўхталмади.

Қизил байроққа қарши депутатни руҳий экспертизадан ўтказиш талаби янгради

Айни пайтда таҳририяти Тошкентда жойлашган, рус тилидаги сайт "ташаббусчилар гуруҳи" СССР байроғининг мустақил Ўзбекистон пойтахтида кўтарилишига қарши чиққан "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодировни психиатрик экспертизадан ўтказишни сўраб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси номига хат тайёрлаб қўйганини ёзди. Хабарда даъво қилинишича, депутатнинг қизил байроққа қарши чиқиши унинг "руҳий соғлом эмаслиги аломатидир".

Таҳлилчи: Россияпарастлик кучаймоқда

Совет даврида қатағон қилинган ўзбек зиёлилари қолдирган илмий-адабий меросни ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида ҳаракат қилиб келаётган фаоллардан бири, тарихчи Анвар Назир охирги 4 йилда Ўзбекистонда совет рамзлари қайтаётганига эътибор қаратади.

Бундай ёндошув кейинги 3 – 4 йил ичида кучайиб кетди: советпарастлик, россияпарастлик учун йўллар кенг очиб қўйилди.

“Энг аввало, концерт бўлиб ўтган куни коронавирус билан боғлиқ янги, кескин чекловлар киритилганини ёдингизга солмоқчиман. Бас, шунга қарамай, ҳукуматнинг ўзи кўпминг кишилик концерт ўтказишга ҳамкорлик қилдими, демак, Россия учун Ўзбекистонда ҳамма нарса мумкин. Ва бундай ёндошув кейинги 3 – 4 йил ичида кучайиб кетди: советпарастлик, россияпарастлик учун йўллар кенг очиб қўйилди”.

Айни пайтда Анвар Назирнинг айтишича, миллат тарихи билан боғлиқ тадбирларни ўтказишга қатор чекловлар мавжуд.

Анвар Назир Ўзбекистонда россияпарастликнинг янада кучая бошлаганини Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Олег Мальгиновнинг шахси билан боғлади:

“Бу одам Россия пропагандасини собиқ иттифоқ ҳудудида назорат қилганлардан биридир. У пропаганда учун жавоб берган, бу ишда фаол қатнашган. Олдинги элчи Владимир Тюрденев Ўзбекистонда жуда узоқ вақт ишлади. У жуда консерватив одам эди. Янги элчи эса, жуда айёр. Унинг олдида Ўзбекистонда Россия пропагандасини кучайтириш вазифаси қўйилгани ҳақида маълумотлар бор”.

Россия бош пропагандачиси ўзбек ҳамкасбларига дарс ўтмоқда

CCCРдан мустақилликка эришганига 30 йил тўладиган йилда Тошкент марказида СССР байроғи кўтарилган 1 майдан икки кун ўтиб, Ўзбекистон пойтахтига россиялик телебошловчи Дмитрий Киселев келди.

Давлат назоратидаги Россия телеканалларининг бош тарғиботчиси сифатида танилган Киселев Тошкентга 3 май – Халқаро матбуот куни Тошкентда Россия ОАВ вакиллари иштирокида медиафорумда иштирок этиш, Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат телеканаллари ахборот-таҳлил дастурлари бошловчилари учун мастер-класслар ўтиш учун келгани айтилди.

Дмитрий Киселевнинг Тошкентга келганига эътибор қаратган блогер Отабек Бакиров уни "Геббельсдан ҳам ўтадиган пропагандачи” деб атади.

“Форумда ёлғон ва пропагандада ҳатто фашист Геббельсни ортда қолдирадиган Дмитрий Киселев ҳам маҳорат дарслари билан иштирок этиши айтилмоқда. Россиянинг империяча сиёсати, босқинчилиги, журналист ва ўзгача фикрловчи фаолларнинг ўлдирилиши, қамалиши, Путин етовидаги банданинг чексиз ҳокимиятини оқлаб, асослаб беришда Киселевга тенг келадиган ҳозирча йўқ”.

XS
SM
MD
LG