3 июнь куни Ўзбекистоннинг энг катта ва энг қимматбаҳо стадиони “Бунëдкор” стадиони номи ими-жимида ўзгартирилди. Президентнинг бу ҳудудга келиши олдидан катта қилиб ëзилган “Бунëдкор” номи олиб ташланиб¸ нисбатан кичик “Milliy” деган сўз пайдо бўлди. Ҳозирча стадион номининг ўзгариши ҳақида ким¸ қачон¸ нимага қарор чиқаргани ҳам¸ бу ном ўзгаришининг ўзи ҳам жамоатчиликка эълон қилинмади.
Кейинги кунлар давомида Озодлик гаплашган Ўзбекистон футболи бошқарувига бевосита алоқадор мулозимлар¸ шарҳловчи ва футболчиларнинг ўзлари йил охирига қадар нафақат “Бунëдкор” стадиони¸ балки шу номдаги футбол клубининг ўзи ҳам қолмаслигини айтдилар.
Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг Озодлик гаплашган расмийси¸ бундай эҳтимолни бутунлай инкор қилмаган ҳолда¸ клубга ëрдам бериш йўллари изланаëтганини айтди.
Ҳомийлар ўйиндан чиқа бошлади
2005 йили “Қурувчи” номи билан 2-лигада майдонга тушиб¸ 2008 йили “Бунëдкор”га айланиб¸ узоқ йиллар олий лига(суперлига)да пешқадамлик қилиб келган футбол клубининг бош ҳомийси¸ клуб сайтида ëзилишича “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти¸ асосий ҳамкори эса¸ “Ўзтрансгаз” каби ўнлаб акциядорлик компанияларини ўз ичига олувчи “Ўзбекнефтгаз” давлат концернидир.
Озодлик гаплашган “Бунëдкор”га яқин манбалар¸ асосий хўжайини давлат бўлган бу спонсорлар “Бунëдкор”га пул беришни тўхтатиб қўйганидан бошлаб клубнинг “жон томири” узилганини билдиришди.
“Президент Султоновга (“Ўзбекнефтгаз” раҳбари Алишер Султонов – таҳр.) кераксиз харажатларни камайтир¸ деганидан кейин “Ўзбекнефтгаз” фақат “Бунëдкор” эмас¸ балки “Шўртан” ва “Нефтчи” клубларига спонсорликни деярли тўхтатиб қўйди. Ҳозир бу клублар ҳам оғир аҳволда. Лекин энг оғири “Бунëдкор”ники ва бунинг ўзига хос сабаблари бор (бу ҳақда қуйироқда ўқийсиз – таҳр.)”¸ дейди Ўзбекистон футбол клублари фаолиятига бевосита алоқадор мулозим.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директорининг ўринбосари¸ таниқли футбол шарҳловчиси Диëр Имомхўжаев Озодлик билан 6 июнь кунги суҳбатда “Бунëдкор” футбол клубининг молиявий жиҳатдан оғир аҳволда қолганини эътироф этди:
- Ҳозир Ўзбекистон футбол клубларининг кўпчилигида¸ айниқса¸ нефтгаз клубларида (асосий ҳомийси Ўзбекнефтгаз бўлган клублар назарда тутилмоқда – таҳр.) муаммо бор. Бунақа жами олтита клуб бор¸ шулардан тўрттаси суперлигада. “Бунëдкор”¸”Бухоро”¸”Нефтчи”¸ “Насаф”¸ пролигада “Шўртан” ва “Машъал” бор. Буларга спонсор берадиган маблағ жорий йилнинг март ойига келиб кескин қисқарди. Ҳар йили бу клубларга, айтайлик¸30 ëки 40 миллиард сўм бериб келинган ва булар ўз сметасини шунга қараб тузган бўлса¸ март ойидан бу маблағ¸ 10-15 миллиард сўмга туширилган¸ деди Диëр Имомхўжаев.
Озодлик 6-7 июнь кунлари "Бунëдкор" клубининг асосий ҳомийларидан нима учун ҳомийлик маблағининг кескин камайганига оид изоҳ ола олмади. “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” раҳбариятининг Озодлик боғланган вакиллари ўзларида бундай саволга жавоб бериш ваколати йўқлиги¸ саволлар ëзма юборилган тақдирда¸ улар кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.
Ҳомийлик пули кескин қисқарди¸ ЎФА харажатларни оширувчи талаблар қўйди
“Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” “Бунëдкорга берилган маблағни кескин камайтирган бир пайтда¸ Ўзбекистон Футбол ассоциацияси суперлигадаги клубларга қўйилган талабларни кучайтирган ва бу уларнинг 2018 йилги бюджетини янада танг ҳолга солиб қўйган.
Имомхўжаевга кўра¸ суперлига клубларига аëллар футболи бириктирилган ва аëллар клубига ҳам асосий стадиондан жой ажратиш¸ футзал клубини ривожлантириш талаби қўйилган ва бу талаблар август ойидан тўлиқ ижро этилиши лозим.
- Бу эса¸ суперлига клубларининг расходи ошишини англатади¸ дейди Имомхўжаев.
Бундай вазиятда¸ йилни ўтган йилги спонсор маблағи (тақрибан 40 миллиард сўм)га асосланган бюджет билан бошлаб¸ харажатларини шунга яраша олган “Бунëдкор”¸ бу маблағ 10 миллиард сўмга тушиб¸ харажатлари ошиши ортидан молиявий жиҳатдан бўҳронга тушиб қолган.
“Бунëдкор” устидан чиқарилган билвосита ўлим ҳукми?
“Бунëдкор” клубига бериб келинган спонсор маблағи кескин камайиши билан бир пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси суперлига клубларига жорий қилган яна бир талаб¸ Озодлик гаплашган ўзбек футболи шарҳловчиларига кўра¸ “Бунëдкор” устидан чиқарилган ўлим ҳукми бўлиши мумкин.
ЎФА мамлакат суперлигасида ўйнайдиган клубларнинг йиллик бюджети энг камида 25 миллиард сўм бўлиши керак¸ деган талабни ўртага қўйди. (Бундай талаб жорий этилганини ЎФА расмийси Диëр Имомхўжаев ҳам Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.)
- ЎФА энг ками 25 миллиардинг бўлсин¸ бўлмаса¸ сенга суперлигага йўл бўлсин¸ деб турган бир пайтда¸ ҳомийлари бераëтган пул 10 миллиарддан ошмайдиган “Бунëдкор” қандай қилиб яшаб қолади? Шу йил охиригача бунақа футбол клуби қолмайди¸ дегани ва бу иш атайлаб “Бунëдкор”ни йўқ қилиш учун қилинаяпти. Бу иш тепасида ЎФА президенти Умид Аҳмаджоновнинг ўзи турипти. Бу одам “Пахтакор”нинг одами¸ асосан шу клуб манфаатларини илгари сураяпти. Кўрасиз¸ бу йил “Пахтакор”ни чемпион қилишади¸ “Бунëдкор”ни эса¸ ҳар хил баҳона билан йўқ қилишади. Бу жараëн бошланди – “Бунëдкор”дан стадионни ҳам¸ футбол академиясини тортиб олишди. Ўйинчилари ойлардан бери ойликсиз ўйнаб¸ келажаги йўқлигини билганидан “Пахтакор”¸”Локомотив” каби бошқа клубларга ўтиб кетишга мажбур бўлаяпти ¸ дейди Озодлик билан исми очиқланмаслиги шарти билан гаплашган “Бунëдкор” клубига яқин мутахассисларидан бири.
Йиллар давомида “Ўзбекнефтгаз”дан ҳаммадан кўра кўпроқ маблағ олиб келган “Бунëдкор”¸ қолаверса “Насаф”нинг жиддий молиявий қийинчиликда қолганини эътироф қилган ЎФА расмийси Имомхўжаев¸ ассоциация бу клубларга ëрдам бериш устида бош қотираëтганини таъкидлади.
- Бу гапларда асос йўқ. Умид Аҳмаджонов суперлигада ўйнаëтган энг яхши клублардан бирининг йўқ бўлиб кетишидан манфаатдор эмас. Унинг президентлиги даврида бутун бошли машҳур клуб йўқ бўлса¸ бу Аҳмаджоновнинг ўзи учун жуда ëмонку! Бундай гап-сўзларнинг чиқишига “Бунëдкор” стадиони ва футбол академиясининг ЎФА балансига олинаëтгани сабаб бўлаяпти¸ назаримда. Лекин бу ишлар ЎФА эмас¸ шахсан президент қарори билан амалга оширилаяпти¸ деди Имомхўжаев.
Айни пайтда суҳбатдош¸ "Бунëдкор" клубини ҳозирги бўҳрондан омон чиқариш учун ЎФА томонидан қандай аниқ чоралар кўрилаëтганини очиқламади.
"Бунëдкор" президент ташаббуси билан "Миллий"га айланди
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директорининг ўринбосари Диëр Имомхўжаев "Бунëдкор" стадиони ва "Бунëдкор" қошидаги футбол академиясининг Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказиш президент Шавкат Мирзиëев фармони билан амалга оширилаëтганини билдирди.
-"Бунëдкор"ни ЎФА ихтиëрига ўтказиш жараëни бошланди. Ҳали ўтмади¸ ҳозир шунинг юридический ишлари давом этаяпти. Бу чўзиладиган жараëн¸ ҳаммаси қонуний бўлади. Кабминга таклиф киритилади ва Вазирлар Маҳкамасидан қарор чиқади¸ шундан кейин балансга ўтади¸ деди Имомхўжаев.
Бу мулозимга кўра¸ икки йил ичида Ўзбекистонда ҳозирча ягона хусусий клуб бўлган "Пахтакор" ўзига янги стадион қуриб¸ "Жар"ни бўшатиб беради ва қайта таъмирдан чиқариладиган "Жар" "Бунëдкор"га берилади.
- Унгача¸ клуб базаси бошқа жойга кўчади¸ лекин ўйинларини "Бунëдкор"(янги номи Milliy -таҳр.) стадионида ўйнашда давом этади¸ деб таъкидлади Имомхўжаев.
Озодлик гаплашган футбол соҳаси мулозимларидан яна бири¸ "Бунëдкор" клуби базасининг "Пахтакор"га берилиши¸ Бобур Шодиев ("Пахтакор" клуби президенти - таҳр.) "Бунëдкор" базасини ўзига олиб¸ ҳатто стадионга ҳам кўз тикаëтганини иддао қилди.
Озодлик бу иддаолар ва клубнинг бугунги вазияти¸ унинг яқин келажакдаги тақдирига оид саволларга жавоб олиш мақсадида 6-7 июнь кунлари "Бунëдкор" клуби бош мураббийси Миржалол Қосимов билан боғланишга ҳаракат қилди¸ аммо ҳозирча бунга муваффақ бўла олмади.
“Президент “Бунëдкор”ни ëмон кўради!”
“Бунëдкор” клуби фаолияти¸ хусусан¸ унинг бош ҳомийси Zeromax бўлган “юлдузли даври” тафсилотларидан яхши хабардор футбол мулозими¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг “Бунëдкор”ни суперклуб қилган Zeromax бошқарувчиси¸ ўз замонида президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқин шериги саналган Миродил Жалоловга нисбатан салбий муносабати бу клубнинг бугунги аянчли вазияти ортидаги асосий сабаблардан бири эканини иддао қилди.
“Бунëдкор” деган ном янги ҳукумат¸ хусусан¸ президент Мирзиëевга ўз ўтмишидаги кўнгилсизликлар символларидан бири. Шавкат Мирзиëев Жалоловни ëмон кўради ва у “Бунëдкор”га Жалоловнинг боласи деб қарайди. Шунга клуб-плуби билан йўқ қилгин¸ деган гап бўлган шекилли¸ пул бермай қўйишди¸ стадионини олишди. Бошқа тарафдан¸ “Бунëдкор” баҳонасида қилинган откатлар¸ “Ўзбекнефтгаз”нинг миллионлаб долларларини ҳавога совуришганини ҳам кўпчилик яхши билади. “Бунëдкор” олдинги спонсор ва бошқарувчиларининг хато¸ балки жиноятлари учун жавоб бераяпти. Футбол¸ сиëсий ва шахсий муносабатлар тўқнашувида қурбон бўлаяпти”¸ дейди бу мулозим.
2010 йили ўзини банкрот деб эълон қилган Zeromax ширкати бугун миллиардлаб долларлик қарз устида халқаро маҳкамага тортилган¸ унинг халқ орасида Одилбой деб танилган собиқ директори Миродил Жалолов эса¸ 2010 йилдан бери қамоқда. Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларидаги манбалари Жалоловнинг 2017 йил 4 январида озод этилгани¸ аммо бир неча ой ўтиб¸ қайта ҳибсга олинганини билдирган. Ҳозирча Жалоловнинг қайси жиноятларда айбланиб¸суд ҳукми билан қандай жазога лойиқ топилгани ва жазони қаерда ўтаëтганига оид аниқ маълумот Озодлик ихтиëрида мавжуд эмас. (Бундай маълумот сизда бўлса¸ уларни Озодликка йўлланг – шахсингиз сир қолиши кафолатланади -таҳр.)