Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Вобкентлик оила милиция ходимларини ўғлини уриб ўлдирганликда айблади


Шуҳрат Сирожев ўғли билан.
Шуҳрат Сирожев ўғли билан.

Бухоро вилояти Вобкент тумани Сариосиё қишлоғида яшовчи Сирожевлар оиласи Озодликка мурожаат қилиб, етти милиция ходимини уларнинг 35 яшар ўғли Шуҳрат Сирожевни калтаклаб ўлдирганликда айблади. Оила бошлиғи Раҳмон Сирожев ўғлининг ўлимига 3 ҳафтадан ошган бўлсада, унинг ўлимига сабабчи бўлганларга нисбатан бирор чора кўрилмаганидан шикоят қилди. Бош прокуратура ўлим факти юзасидан жиноят иши очилганини билдирди.

Вобкентлик оила милиция ходимларини ўғлини уриб ўлдирганликда айблади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:32 0:00
Бевосита линк

Сирожевлар оиласи аъзоларининг 6 сентябрь куни Озодликка хабар беришича, уларнинг 35 яшар ўғли Шуҳрат Сирожев 16 август куни ўлдирилган.

Марҳум Шуҳрат Сирожевнинг жияни 26 яшар Қуддуз Ражабовнинг айтишича, ўша куни кечки соат 11ларда у тоғасининг участка нозирлари томонидан "сабабсиз" олиб кетилганига гувоҳ бўлган:

Шуҳрат Сирожев
Шуҳрат Сирожев

- Маҳалламизда чорраҳа бор. У ерда дўкон, тўйхона бор. Ўша ерда биз машина ичида пиво ичиб ўтиргандик. Бир пайт иккита участковой келди. Бир оғиз ҳам гапиргани йўқ. Тоғам тўполон қилмаганди. Ҳеч ким билан уришмагандик, ҳеч ким билан гаплашганимиз ҳам йўқ эди. Биз машина ичида ўтиргандик. Участковой келиб, тоғамни машинадан тортиб туширди, машинасига ўтказмоқчи бўлганди, мен бориб, “Нима қилаяпсиз”, деб биттасини ушлагандим, у қўлимни қайириб синдирди. Ўтган куни гипсини очдим қўлимни, рентген қоғозлари турибди. Улар тоғамни машинага босиб олиб кетди. Кейин оперативний группа чақирган, улар тоғамни урган. Тоғамни ўлдириб, кейин больницага олиб боришган, - деди Қуддуз​Ражабов Озодлик билан суҳбатда.

Шуҳратнинг отаси Раҳмон Сирожевнинг айтишича, унга ўша куни ярим тунда ўғли борасидаги нохуш хабарни етказишган.

- Милиция ходимлари соат 2 яримда уйимга келишди. “Ўғлингизнинг аҳволи оғир, юрагининг мазаси йўқ экан. Юринг бизлар билан” деди. Чиқсам, улар кўпчилик экан. 4-5та машина билан бирга келишган экан. Мен тўғри касалхонага олиб боради, десам, мени моргга олиб борди. Моргда уже ўғлимнинг қонларини артган, ётқизиб қўйишган, жони чиққан, ўлик ҳолатда эди. Лат еган, шилинган жойлари бор эди. Менга “5 киши бу ишни қилган” деяпти. Лекин 7 киши қатнашган бу ишда. Икки киши олиб кетган. Оператив группада 5 киши келган. Булар икки кишини яшириб ўтирибди. Етти киши уриб, оғир аҳволга солганидан кейин “Тез ёрдам”га олиб борган, - дейди Раҳмон Сирожев.

Шуҳрат Сирожев ўлими ҳақидаги гувоҳнома
Шуҳрат Сирожев ўлими ҳақидаги гувоҳнома

Шуҳратнинг онаси Муяссар Сирожева иддаосига кўра, ўғлини милиция ходимлари томонидан калтакланганига гувоҳ бўлган одамлар бор.

- Машинага тиққанлар, лаблари ёрилиб кетган. Вобкент йўлида чекка бир уй бор, ўша ерга олиб бориб, урганлар. Кечаси соат 11 бўлган. Одамлар айтади, “Сув қуяётгандим, дод-вой бўлди. Келсам, машинага юклаётган эканлар. Машинага олиб боргунча, йиқилди” дейди... Моргдан олиб келди. Шундай бошидан кўтарсам, шундоқ иккита қўлим қон бўлди... Участковой нима қилади, уни олиб бориб, уриб? Жанжал қилгани йўқ. Гаини чақирсин, штраф қилсин. Машинани олиб борсин, номерини олиб қўйсин. Нима учун унинг ўзини олиб боради?, дейди Муяссар Сирожева.

Раҳмон Сирожев ўғлининг ўлими билан боғлиқ жиноятни бости-бости қилиш ҳаракати бўлиши мумкинлигидан хавотири борлигини айтади.

Шуҳрат Сирожевнинг икки ўғли етим қолди
Шуҳрат Сирожевнинг икки ўғли етим қолди

- Жиноятчилар ҳалиям бемалол ишини қилиб юрибди. Шуниси мени таажжублантиради. Жиноятчи бўлгандан кейин уни камерада ушлаб, тергов қилиб, сўроқ қилиши керак-ку. Тем более одам ўлдирган булар. Лекин улар формани кийиб, ўз ишини давом эттираяпти. Ишни бости-бости бўлишидан қўрқаяпман. Экспертизанинг натижасидан ҳам қўрқаяпман. Улар ҳар ишга қодир-да. Бориб, пул билан ўзгартириши ҳам мумкин, дейди Раҳмон Сирожев Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, Шуҳрат Сирожев ўлими юзасидан 17 август куни Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш )1-қисми бўйича жиноят иши очилган. Ҳозирда Бухоро вилояти прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Шуҳрат Сирожев 16 август куни Вобкент туман ИИБ навбатчилик қисми махсус автомашинасида тўсатдан вафот этган.

"Ш.Сирожевнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланиб, суд тиббий экспертнинг бирламчи маълумотига кўра, Ш.Сирожевнинг ўлими тилнинг орқага кетиши оқибатида юқори нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Иш юзасидан суд тиббий, биология, криминалистика, трасология ва бошқа қатор судга оид экспертизалари тайинланган.

Вобкент туман ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган", дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Сирожевларнинг ўғли ўлимига сабабчи бўлган милиция ходимларининг очиқда юргани борасидаги даъвосига Бош прокуратура мулозими қуйидагича жавоб берди:

“Биринчидан, жиноят иши шахсга эмас, фактга нисбатан қўзғатилган, милиция ходимларининг айби бор ёки йўқлигини тергов йўли билан текшириш керак! Иккинчидан, тергов қилиш жараёнида фақат қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилади деган талаб йўқ! Ишда экспертиза йўли билан текшириладиган ҳолатлар бор”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 ноябрда қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Мазкур фармонда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан белгиланган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт қилиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG