Линклар

Шошилинч хабар
16 январ 2025, Тошкент вақти: 11:51

Украинадаги уруш 2025 йилда тугайдими? Экспертлар фикри


Украина, Донецк минтақаси.
Украина, Донецк минтақаси.

Украинада мустаҳкам сулҳ битими ҳали-бери тузиладиганга ўхшамайди. Аммо, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп урушни тезда тугатишга ваъда берганини ҳисобга олсак, оташкесим бўлиши деярли муқаррар. Хўш, 2025 йилда қуролларнинг оғзи юмилиши эҳтимоли қанча ва бу Украина учун нимани англатади?

Россиянинг Украинани тезда тиз чўктириш режаси тўлақонли босқиннинг илк ҳафталаридаёқ барбод бўлган эди, аммо ўшандан бери икки йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, кўпчиликка бу урушнинг адоғи йўқдек туюлмоқда.

Сўнгги ойларда вазият ўзгарди. Бунинг қатор сабаблари бор – жанг майдонидаги вазият билан боғлиқ омиллардан тортиб АҚШда Доналд Трамп президент бўлиб сайланиши ортидан жамоатчилик фикрида юз берган эврилишларгача. 2025 йил 20 январда Оқ уйга қайтажак сиёсатчи Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик қуролли можарога бир ёки икки кун ичида нуқта қўяман, деб бир неча бор баёнот берган.

Хўш, Россиянинг Украинага қарши уруши 2025 йилда ростдан ҳам тугайдими?

Агар мақсад мустаҳкам сулҳ битими бўлса, йўқ, тугамайди, дейишмоқда таҳлилчилар. Уларнинг гапида жон бор: Россия президенти Владимир Путин, сулҳдан лоф ургани билан, Украинада Москва ҳукмронлигини қолдирмайдиган келишувга рози бўлмайди. Бироқ бунақа шарт Киев ва унинг иттифоқчилари учун мақбул эмас.

Экспертларга кўра, Путин Россия ҳамиша Украинага таҳдид солиб туришини ва, унинг назарида тамаддунлар тўқнашувидаги агрессор бўлмиш Ғарб билан муқобала қилишини истайди.

Украинага босқин: 1057-кун | Канберра австралияликнинг ўлими юзасидан Россиядан тушунтириш талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:48 0:00

Украинлар ўз ҳудудларининг расман Россияга берилишини ва Москвани Украинада қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортишдан воз кечишни назарда тутувчи сулҳни қабул қилмайдилар.

“Менимча, уруш ҳали жуда, жуда узоқ давом этади”, дейди Лондондаги Стратегик тадқиқотлар халқаро институтининг Россия ва Евроосиё бўйича эксперти Найжел Гулд-Дэвис.

Бироқ ўт очишни тўхтатишга интилиш – бугунги кун воқелигидир, айниқса Трампнинг ваъдаларини ҳисобга олганда. Оташкесим музокаралари бўлиши эҳтимоли тобора ортмоқда.

“Трамп россияликлар ва украинларни ҳам ўзи билан, ҳам бир-бирлари билан гаплашишга мажбур қиладиган кўринади. Бу яхши ғоя”, дейди Озодлик билан суҳбатда Crisis Group’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари директори Олга Оликер.

“Ўйлайманки, 2025 йилда махфий ёки очиқ музокаралардан сўнг де-юре бўлмаса ҳам, де-факто оташкесимни кўрамиз”, дейди Лондондаги Қироллик коллежи ҳузуридаги Россия институти профессори ва Европа сиёсати таҳлил марказининг демократик барқарорлик бўйича директори Сэм Грин.

Ер ва хавфсизлик

Оташкесим келишуви қопқон бўлиши ҳам мумкин, хусусан, Россия ундан қайта гуруҳланиш ва яна ҳужум қилиш учун фойдаланиши эҳтимоли бор. Агар Украинани ҳимоя қилиш ва Россияни тийиб туришнинг самарали механизмлари яратилмаса, шундай бўлиши тайин.

Шунингдек, ҳар қандай битимга хос ғовлар ҳам мавжуд. Уларнинг айримлари можаронинг энг муҳим аспектларидан келиб чиқади.

Масалан, ҳудудлар масаласи. Оташкесим битими бугун муқаррардек туюлаётган экан, бунга Россиянинг жанг майдонида жуда секинлик билан ва фавқулодда катта талафотлар эвазига эришаётган, айни чоғда барқарор силжишлари манзарасида “ҳориган, ҳолдан тойган ва чекинаётган” Украина Россия оккупация қилган ҳудудларнинг катта қисмини Москва вақтинча норасмий тарзда назорат қилиб туриши шарти билан ўзида сақлаб қолишга майл билдираётгани қисман сабаб бўлаётир.

Аммо Путинга бу камлик қилади. У Украинанинг тўрт вилоятини, жумладан бу вилоятларнинг ҳозирда украин ҳарбийлари назорат қилиб турган ҳудудларини тамомила Россияга тегишли деб эътироф этиш талаби муҳокама қилиниши мумкин эмас деб ҳисоблайди. Киев эса бунақа позицияни қабул қила олмайди, албатта.

Битим йўлидаги яна бир ғов – Украина учун жиддий, самарадор хавфсизлик кафолатлари заруратидир.

Россия Украинанинг НАТОга киришига мутлақо қарши. Москва тўлақонли босқиннинг олдини олиш чораси сифатида Киевдан ҳеч қачон альянсга аъзо бўлмасликка ишонтиришни талаб қилгани маълум. Шу боис таҳлилчилар Ғарб ҳарбий блокига аъзоликнинг виртуал эквиваленти бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай келишув Кремлни ғазабга солади, дейишмоқда.

Гулд-Дэвис фикрича, Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари кафолат шакли эмас, мазмуни мавжуд бўлган бирон-нима ташкил қилишга урингудек бўлсалар, Путин бунга йўл қўймаслигини дарҳол очиқ англатажак.

“Бунинг шакл-шамойилини тасаввур қилиш жуда, жуда қийин”, дейди эксперт иккала томонни ҳам қониқтирадиган хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапирар экан.

“Унинг ғалаба назарияси”

Сўнгги ҳафталарнинг муҳокама мавзуларидан бири – ўт очиш тўхтатилган тақдирда Украинага Ғарб қўшинларини юбориш истиқболидир. Европада бу масалада ихтилоф бор. Россияни эса Украинада чет эл ҳарбийлари бўлиши умуман қониқтирмайди.

“Кремл оташкесимга риоя этилишини назорат қилиш чизиғида Ғарб қўшинлари, хусусан НАТО кучларини кўришни истамайди. Чунки у ташаббус кучини сақлаб қолишни, яна эскалация бўлса вазиятни ўз қўлига олишни кўзламоқда”, дейди Грин.

“Ғарб билан Киев Москвани битимни қабул қилишдан бошқа танлов қолмайдиган позицияни эгаллашга мажбур эта оладими, йўқми? Ҳамма гап шунда”, қўшимча қилади у.

Россия жанг майдонида илгарилаётган, унинг иқтисодиёти санкцияларга бардош бераётган ва Ғарбнинг Украинага келгуси ёрдами борасида мавҳумликлар қолаётган ҳозирги шароитда бу истиқбол жуда йироқ туюлади.

“Айни пайтда Путин ўзининг ғалаба назариясини тасдиқланяпти деб ҳисоблайди ва Россияни Украина каби кичикроқ душманга қарши уруш юкини кўтариш, уни ҳарбий маънода эзиб ташлаш ва сиёсий жиҳатдан Ғарбга дош бериш учун етарлича буюк ва кучли мамлакат деб билади”, дейди Гулд-Дэвис.

“Путинни ўз фикрини ўзгартиришга ва келажакка бошқача кўз билан қарашга фақат Трамп маъмурияти мажбур қила олиши мумкин. Бунинг учун Трамп Путинга қаттиқ босим ўтказиши, урушни давом эттиришнинг иқтисодий оқибатлари билан таҳдид қилиб уни ўз режими хавф остида қолажагига ишонтириши керак бўлади”, қўшимча қилади у.

Трамп урушни қандай қилиб тугатмоқчи экани ҳақида ҳеч нима демаган. У Украинага ҳарбий ёрдамни ҳам Киевга, ҳам Москвага таъсир ўтказиш воситаси ўлароқ қўллашини айтган, холос.

Путин Трамп лавозимга ўтиришини кутяпти ва, афтидан, бир-бирига зид муждалар йўллаб икки ёқлама ўйин қилаётир, яъни Россияни конструктив ва ён беришга тайёр қилиб кўрсатиш баробарида Киев ва Ғарб учун мақбул бўлган ҳар қандай битим йўлида турли тўсиқлар тикламоқда.

Ёрқин мисол: 19 декабр куни тўғридан-тўғри мулоқот чоғида у Россия Украина бўйича компромисга тайёрлигини билдирди ва кетидан, бунинг аксига гувоҳлик берувчи бир қанча гаплар айтди.

"Путин тузуми уруш атрофига қурилган".
"Путин тузуми уруш атрофига қурилган".

“Уруш атрофига қурилган”

Бир тарафдан, Путин Украина президенти Владимир Зеленскийни нолегитим лидер қилиб кўрсатади, у билан ҳеч қандай битим тузмаслигини таъкидлайди. Бошқа тарафдан эса, тўлақонли босқин бошланганидан бир неча ой ўтиб Москва билан Киев ўртасидаги мулоқот узилиб қолиши арафасида эълон қилинган Истанбул коммюникеси ҳар қандай музокаралар учун асос бўлиши кераклигини иддао қилади.

“Путин нафақат НАТОга аъзо бўлишдан воз кечган, балки демилитаризация қилинган, яъни Россия учун келгусида оппа-осон ўлжа бўладиган нейтрал Украина яратилишини назарда тутувчи ушбу келишувлар келгусида ҳар қандай сулҳ битими марказида бўлиши шарт деб ҳисобламоқда. У сулҳ тузиш жараёнини мумкин қадар қийинлаштиряпти, айни чоғда ўзини келишув учун тап-тайёрдек кўрсатишга уринмоқда”, деган эди Россия бўйича эксперт Марк Галеотти 22 декабр куни ўз подкастида.

Сэм Гринга кўра, Путин Украинага таҳдид солишда давом этажагига ва Ғарб билан зиддиятини сақлаб қолишига амин бўлган тақдирдагина зўравонликдан воз кечиш ва оташкесимни муҳокама қилишга тайёр бўлиши мумкин.

“Россия иқтисодиёти ҳозирда фақат уруш шарофати билан ишлаб турибди. Россия сиёсий тизими уруш атрофига қурилган. Бу тизим ўта марказлашувни, репрессияларни, мафкуравий назоратни оқлайди. Кремл оташкесим томон юз бурганида ҳам Украина билан, Ғарб билан конфронтацияни ҳозирги даражада, ҳатто кенгроқ маънода сақлаб қолишга интилади, деб ўйлайман”, дейди Грин Озодликка берган изоҳида.

Пропаганда нуқтаи назаридан Путин ва Кремл ўзига риторик манёврлар учун каттагина майдон қолдирди: улар ҳатто муваққат ёки қисман ғалабани ҳам бир неча усулда белгилашлари мумкин, деб ишонади Грин.

Украинага босқин: 1049-кун | Украина Курскка бостириб кирганига 5 ой тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:42 0:00

“Улкан хато”

Олга Оликер фикрича, Россиянинг ҳудудий ва бошқа масалаларга доир иддаолари битимга эришишни буткул истисно қила олмаслигини айтади.

“Музокаралар бошланиши жуда муҳим. Бошланганидан кейин эса томонлар музокаралардан олдин рад қилиб келган айрим ёнберишларга рози бўлишлари мумкин”, дейди эксперт.

2025 йилда битим тузилади деб ҳеч ким аниқ айтолмайди. Бироқ музокаралар бўлиб, келишувга эришилган тақдирда Ғарб мамлакатлари жуда эҳтиёткор бўлиши ва масалани ҳал қилинган деб ҳисобламаслиги керак.

“Европанинг ҳар қандай оташкесим битимига реакцияси фавқулодда муҳим – Украина учун ҳам, европаликларнинг ўзлари учун ҳам”, дейди Озодлик билан суҳбатда Лондондаги Қироллик коллежининг ҳарбий тадқиқотлар кафедраси эксперти Рут Дейермонд.

“Кўплаб мамлакатлар, аксар ҳолларда Россия бузғунчилиги оқибатида келиб чиққан ички сиёсий туғёнларни бошидан кечирмоқда. Оташкесим битими уларга худди урушнинг якуни ва Россия билан алоқаларни қайтадан йўлга қўйиш учун имкониятдек кўриниши мумкин. Бу катта хато бўлади. Чунки Россия Европа хавфсизлигига жиддий, анъанавий ва ноанъанавий таҳдидларини давом эттиражагига шубҳа йўқ”, огоҳлантиради Дейермонд.

Форум

XS
SM
MD
LG