Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Диний идорада безорилик қилганликда айбланганлар устидан суд бошланди (ВИДЕО)


Судланувчилар Рустам Каримов (чапда) ва Тўлқин Астанов.
Судланувчилар Рустам Каримов (чапда) ва Тўлқин Астанов.

Жорий йилнинг апрелидан бери "диний" айбловлар билан ДХХ ҳибсхонасида ушлаб турилган ижтимоий тармоқлар фаоли Рустамбек Каримов ва тилхат асосида қўйиб юборилган Тўлқин Астановлар устидан Тошкент шаҳар судида 23 август куни бошланган маҳкама 6 сентябрга қолдирилди.

ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тузилиб, Тошкент шаҳар прокуратураси тасдиқлаган айблов хулосасига кўра, (Озодликда нусхаси бор) , диний-экстремистик материалларни сақлаганликда ҳамда тарқатганликда айбланмоқда.

Тергов материалларида Тўлқин Астанов ўз айбига қисман иқрор бўлгани кўрсатилган. Рустамбек Каримов эса, яқинлари билдиришича, ўзига қўйилган айбловларни тўлиқ рад этмоқда.

23 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 1975 йилда туғилган Каримов Рустамбек Абдурашидович ва 1971 йилда туғилган Астанов Тўлқин Тошмуродовичга нисбатан суд маҳкамаси бошланди.

Судланувчи судга адвокатсиз келди

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Рустамбекнинг укаси Дилшод Каримовга кўра, Тўлқин Астанов ҳимоячисиз суд залига келган ва судья Қиличев ушбу ҳолат қонунчиликка зид экани, унга давлат томонидан ҳимоячи таклиф этилишини ёки мустақил адвокат ёллаши мумкинлигини айтган ва суд мажлисини бошқа кунга кўчирган:

- 23 август куни суд мажлиси 6 сентябрга қолдирилди. Сабаби Астанов Тўлқин “Адвокат ёллайман” дегани учун. Менинг акам Рустам Каримов адвокатдан воз кечган. “Ҳеч нарса ўзгармайди”, деб ўзини ўзи ҳимоя қиляпти. Терговчи билан гаплашганимда, 244-1- моддани қўллашибди. Ўзбекистонда тақиқланган диний ақидапарастлик видеоларни сақлагани, тақиқланган сайтларга киргани учун. “Жамоат тартибини бузди”, деб унга аввал 15 сутка беришди ва шу кунлар ичида унга 244-1- моддани ёпиштириб, мана 4 ойдан бери қамоқхонада,- деди Дилшодбек Каримов.

Суд маҳкамасида ўзини ўзи ҳимоя қилишини айтган Рустам Каримов "қонун ишламаган жамиятда ҳамма қамалаверади", деганини айтди Озодликка суд жараёнини кузатган айбланувчининг укаси.

Айблов хулосаси
Айблов хулосаси

Дилшодбек терговчилар акаси билан 4 ойдан бўён учрашишга рухсат берилмаётганига ҳам этибор қаратди. У Давлат хавфсизлик хизмати терговчилари уларнинг яқинларини тергов жараёнига яқинлаштирмаганини ва суд маҳкамаси адолатли олиб борилишига жиддий шубҳа билдирди.

Суҳбатдош акаси унга қўйилаётган айбловларни қатъиян рад этиб келаётгани ва унинг телефонидаги материаллар бошқалар томонидан мессенжерлар ва тармоқлар орқали юборилган материаллар эканини айтаётганини билдирди.

- Бундай материаллар ҳаммада топилади. Бундай айбловлар асосида ҳаммани қамоққа тиқиб қўядиган бўлса, Ўзбекистонда одам қолмаслиги керак, - деди Дилшод Каримов.

Рустамбек Каримов ва Тўлқин Астанов жорий йилнинг 8 апрелида Мусулмонлар идорасида майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабини бажармасликда айбланиб ҳибс этилган ва 15 суткага қамалган эди.

Шундан сўнг 20 апрель куни ДХХ Тергов бошқармаси Рустамбек Каримов ва Тўлқин Астанов устидан ЖКнинг 244-1 - моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган, тузилган айблов хулосасини Тошкент шаҳар прокуратураси 5 августда тасдиқлаган.

Айблов хулосасига кўра, иш қўзғатилишига Каримов ва Астановнинг “телефонларида мавжуд бўлган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга хизмат қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида сақлаб келганлиги” ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар асос бўлган.

Айблов хулосасида Рустам Каримов ҳақида нима дейилган?

Айблов хулосаси мазмунидан судланаётган Каримов ва Астановга билдирилган айбловлар асосан уларнинг телефонидаги ёзувлари, фото ва видеоматераиллари ҳамда Фейсбукдаги постларига таяниб чиқарилгани англашилади.

ДХХ терговчилари Рустам Каримовнинг “Huawei” телефонида, масалан, қуйидагиларни топган:

- Рашод Камоловнинг (Қирғизистонлик имом) “дўзах аҳлининг аксариятини аёллар ташкил этиши”;

- “Ироқ ва Шом ислом давлати” террорчи ташкилоти томонидан тайёрланган қатл этиш саҳналари” акс этган видеолар ва бошқа материаллар;

- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев масхара қилинган расм;

- аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган ҳамда зўравонлик, беҳаёлик, бесоқолбозликни тарғиб қилувчи турли порнографик мазмундаги материаллар.

Айблов хулосасида Тўлқин Астанов​ ҳақида нима дейилган?

Айблов хулосасидан Тўлқин Астанов унинг қўл телефонида топилган қуйидаги мазмундаги материаллар асосида айбланаётгани маълум бўлди:

- хотин-қизлар, Янги йил байрами бидъат эканини тушунтириш кераклиги мазмунидаги фикрлар акс этган сурат;

- масжидлардаги Қуръон хатм маросимлари, араб тили грамматикаси ва Қуръон ўқитиш қоидалари ҳамда ислом тарихига оид электрон китоблар, диний мультфилмлар;

- "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотининг атрибути саналмиш байроқ фотоси;

- Абдулло Бухорий, Қобил Тошпўлатов маърузалари ва дарсликлари, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” китоби ва бошқа диний мазмундаги видеоматериаллар.

Шунингдек, айбловчилар Тўлқин Астанов ва Рустам Каримовнинг Facebookдаги саҳифаларидаги матнлар, комментарийлар, фотосуратлар ва уларга билдирилган шарҳлар бирма-бир таҳлил қилиб чиқилгани ва айблов хулосасига киритилгани маълум бўлди.

Судланаётганлар ҳақида нима дейишмоқда?

Ижтимоий тармоқларда Тўлқин Астанов ва Рустам Каримов ҳимоясига акция давом этмоқда. Терговни кузатиб бораётган ижтимоий фаол Дилобар Эркинзода айблов хулосаси бир кун олдин Тўлқин Астановнинг Facebook саҳифасида пайдо бўлгани ва ўша куниёқ олиб ташланганини айтди.

- Тўлқин аканинг саҳифасида пайдо бўлганида мен бахтли тасодиф туфайли ҳужжатларни кўчириб олдим. Кейин ўчириб ташлашди. Ўзи Рустам Каримни Польша ҳукумати депорт қилмаслиги керак эди, чунки у учун қамалиш хавфи бор эди. У ҳукуматни қаттиқ танқид қиларди. У Ўзбекистонда ҳам тек юрмади: рўмол масаласида можаро бошланганида улар диний идорага боришган, Абдулазиз Мансур билан учрашишган, ҳеч қандай жанжал бўлмаган, домла китобини совға қилган. Лекин кейин негадир улар милиция чақиртириб, буларни безориликда айблаб, 15 суткага қамашди, деди Дилобар Эркинзода.

Фаолнинг маҳбуслар яқинларига таяниб айтишича, биринчи ой давомида Рустам Каримнинг қаерда экани ва нимада айбланаётгани тўғрисида хабар берилмаган. У давлат томонидан берилган адвокатга ишонмаслиги боис, унинг хизматларидан воз кечгани ва ўзини-ўзи ҳимоя қилаётганини айтди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 244- моддаси 1-қисмида (“Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳар қандай шаклдаги маълумот ва материалларни тарқатганлик”) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда.

Жиноят кодексининг 244-1- моддасида назарда тутилган жиноятлар учун беш йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Апрелдаги воқеа

Мусулмонлар идораси безориликда айблаган Facebook фаоллари - Рустам Каримов (Каримов Рустамбек Абдурашидович) ва Тўлқин Астанов (Астанов Тулкун Ташмурадович)лар 15 суткага ҳибсга олингани тўғрисида Бош прокуратура маълум қилгани тўғрисида Озодлик 10 апрелда хабар берган.

Бунинг ортидан тилга олинган шахсларга оид материаллар ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ДХХнинг Тергов Бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган, Р. Каримов ва Т. Астановга тегишли мобил телефонлар хотираларида Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган экстремистик ташкилотларга тегишли ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар мавжудлиги аниқланган ва улар ДХХ ҳибсхонасига қамалган эди.

XS
SM
MD
LG