Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

ЖССТ раҳбари: Коронавирус лабораториядан тарқалгани эҳтимолини истисно қилишга эрта


Ухандаги P4 лабораторияси
Ухандаги P4 лабораторияси

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус коронавирус лабораториядан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария муддатидан илгари истисно қилинганини тан олди. Расмий олимлар коронавирус келиб чиқишини аниқлашга уринар экан, Хитойни очиқ-ойдин маълумот беришга чақирди.

ЖССТнинг қудратли аъзоларини камдан-кам танқид қиладиган Гебреисус COVID-19 манбасини аниқлаш учун жорий йил бошида Хитойга ташриф буюрган халқаро олимлар гуруҳи учун маълумот тўплаш мушкул бўлганини айтди. COVID-19 вирусини юқтириш ҳолатлари илк маротаба Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилган эди.

Тедрос журналистларга ЖССТ «Хитойдан шаффофлик, очиқлик ва ҳамкорликни сўрамоқда, айниқса пандемиянинг дастлабки кунларида биз сўраган маълумотлар бўйича», деди.

Унинг сўзларига кўра, вирус Ухандаги ҳукумат лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария муддатидан олдин четга сурилган. Бу қараш ЖССТнинг март ойида эълон қилинган ҳисоботига зиддир: ташкилот ўшанда вирус лабораториядан тарқалгани эҳтимолдан узоқ, деган хулосага келганди.

«Мен ўзим лаборатория мутахассиси бўлиб ишлаганман. Иммунологман ва лабораторияда ишлаганман, лабораторияда бахтсиз ҳодисалар рўй бериб туради. Бу кенг тарқалган нарса», - деди Тедрос.

Сўнгги ойларда пандемия қандайдир йўл билан лабораториядан бошлангани ва эҳтимол, сунъий яратилган вирус билан боғлиқ экани тўғрисидаги қарашга тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Хитой COVID-19 пандемиясини лаборатория билан боғлашга қаратилган уринишлар сиёсий асосга эга эканини таъкидлаб, зўр бериб бу назарияни рад этиб келади. Пекин ҳатто пандемия бошқа мамлакатда бошланган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. ЖССТга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари учун баҳорда уюштирган йиллик анжуманда Хитой келажакда COVID-19 вирусининг келиб чиқишини бўйича тадқиқотлар бошқа мамлакатларда давом эттирилиши кераклигини таъкидлади.

Аксарият олимлар коронавирус кўршапалаклардан юққан, деб гумон қилмоқда. Аммо вирус айнан қайси йўл билан илк бор одамларга юққани (воситачи ҳайвон орқалими, ёки бошқа йўл биланми) аниқланмаган. Одатда, Эбола ёки SARS каби ҳайвон вирусларининг табиий манбасини аниқлаш учун ўнлаб йил кетади.

«Бизга ушбу лаборатория ҳолати пандемиядан олдин ва бошланишидан кейин қандай бўлгани тўғрисида маълумот, тўғридан-тўғри маълумот керак», - деди ЖССТ раҳбари.

Тедрос Хитой ушбу масала бўйича тўлиқ ҳамкорлик қилиши жуда муҳим эканини таъкидлади.

«Агар бизга тўлиқ маълумот берилса, [лаборатория назариясини] истисно қилишимиз мумкин бўлади».

Пандемия давомида Тедрос Хитой тезкорлик билан ва етарлича маълумот берганини олқишлаб келади. Аммо ЖССТнинг юқори лавозимли мулозимлари хитойлик ҳамкасблари тўлиқ маълумот бермаётганини айтиб, хавотир изҳор қилган.

Шунингдек, кўплаб соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар ЖССТ суд-тиббиёт таҳлилини тегишли тарзда ўтказиш учун сиёсий таъсирга эга эмаслигини ва БМТ агентлиги бир йилдан ошиқ вақт давомида Хитойдан муҳим тафсилотларни ололмаганини айтиб, COVID-19нинг келиб чиқишини мустақил равишда текширишга чорламоқда.

Жоржтаун университети профессори, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқшунос мутахассис Лоуренс Гостин Тедрос Хитойни ҳамкорлик қилишга чорлаётгани ЖССТ қанчалик заиф эканини кўрсатишини айтди.

«Жаҳон соғлиғи учун муҳим бўлган маълумотни қўлга киритиш учун ЖССТнинг на ваколати, на сиёсий қудрати бор», - деди Гостин.

«Тедроснинг қўлидан минбарда туриб сўзлаш келади холос. Аммо унинг гапларига ҳеч ким қулоқ солмайди», - деди у.

XS
SM
MD
LG