Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Иккинчи ва охирги муддат. Мирзиёев Конституцияни ўзгартирмоқчи


Шавкат Мирзиёевни Президент сифатида қасамёдга келтириш маросими - Тошкент, 6 ноябрь, 2021 йил. Президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёевни Президент сифатида қасамёдга келтириш маросими - Тошкент, 6 ноябрь, 2021 йил. Президент матбуот хизмати.

6 ноябрь куни Тошкентдаги Сенатнинг янги биносида иккинчи муддатга Президент сифатида қасамёд қилган Шавкат Мирзиёев ўзининг инаугурацион нутқида мамлакат асосий қонунига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Daryo.uz нашри Мирзиёевнинг «Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз", деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

"Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак», — деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Шу йил 24 октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Мирзиёев Конституциянинг айнан қайси бандларини ўзгартириш назарда тутилаётганига тўхталмаган.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституциясига мувофиқ, бир шахс 5 йилдан фақат икки муддат президент лавозимини эгаллаши мумкин.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги иккинчи президентидир. Унинг салафи Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этгунига қадар 4 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми ўтказиш йўли билан президентлик ваколатлари муддатини узайтирган эди.

Охирги президент сайлови арафасида Ўзбекистон парламенти ҳар икки палатасининг икки нафар юқори мулозими амалдаги давлат раҳбарини "Миллат сардори" деб аташни таклиф қилган эди. Ҳозирча бу таклиф қонунчилик ташаббуси кўринишини олгани йўқ.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги сайловда 64 яшар Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланганини эълон қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари сайловни эркин ва демократик дея тан олгани йўқ. ЕХҲТ миссиясининг 25 октябрь куни эълон қилинган дастлабки хулосаларида сайловга мухолифат қўйилмагани, ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмагани, Ўзбекистон ҳукумати қатор халқаро мажбуриятларини ҳануз бажармай келаётгани таъкидланган.

Президент матбуот хизмати ҳозирча Мирзиёев нутқининг тўлиқ матнини эълон қилгани йўқ.

Қум бўрондаги маросим

Икки соатга яқин давом этган инаугурацион нутқида Мирзиёев шунингдек, яна бир бор журналистлар ва блогерларни ҳимоя қилиш, экологияни асраш, экстремизм ва терроризмга қарши кураш ҳақида гапирган.

У сўз эркинлигини кенгайтириш ҳақида гапираркан, "қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар" бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлишини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими 4 ва 5 ноябрь кунлари Тошкентга ёпирилган чанг ва қум бўронлари ҳамда ижтимоий тармоқларнинг ёппасига блокланиши билан боғлиқ йирик можаро манзарасида ўтмоқда.

Қасамёд маросимидаги нутқида Мирзиёев Ўзбекистонда "экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бораётгани, буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам тасдиқлагани"ни айтган.

Ижтимоий тармоқларда аксарият ўзбекистонликлар, хусусан, Тошкентдаги чанг ва қум бўронларида ҳокимиятни айблашган. Уларга кўра, пойтахтда охирги беш йилда олиб борилган тартибсиз қурилишлар ва коррупция яшил ҳудудларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига ҳисса қўшмоқда.

OzodLive: Президент сайлови 2021 (Махсус дастур)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 2:01:43 0:00

Мирзиёевнинг қасаёд маросими арафасида ҳукумат ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ йирик сиёсий можаро марказида қолди.

3 ноябрь куни Ўзбекистонда Telegram, Facebook, Instagram, YouТube ва Одноклассники тармоқлари расман блоклаб қўйилди. Кейинроқ президент Мирзиёев бундан "хабар топгани" ва ҳукуматга келишилмаган чекловни олиб ташлашга буйруқ бергани маълум қилинди. Ҳодиса ортидан "Ўзкомназорат" раҳбари, АКТ вазири ва Бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди.

Айни пайтда Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat тармоқлари блокланганича қолмоқда.

Чекловлар президент Мирзиёев шу йил июлида имзолаган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг 27-1-моддаси талабларига мувофиқ жорий этилган.

Қонун Ўзбекистон фуқароларига доир шахсий маълумотларнинг "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда" сақланишини назарда тутади.

XS
SM
MD
LG