Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:42

Карантин ва жазо: Ким, нима учун жазоланмоқда?


24 мартдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб коронавирус тарқашини тўхтатишга қаратилган кескин чоралар жорий қилинди.
24 мартдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб коронавирус тарқашини тўхтатишга қаратилган кескин чоралар жорий қилинди.

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси боис карантин эълон қилингач, тартибни бузганлик айби билан жазоланганлар сони кўпайди.

8 апрель ҳолатига кўра, 35 771 киши карантин қоидаларини бузишда айбланди, 11 та жиноят иши қўзғатилди.

Жумладан, Қибрайдаги карантинда сақланаётган 7 киши 15 суткага қамалди.

"Ўзини яккалаш" тартибига амал қилмаганлар камида 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилмоқда.

Мазкур жараённи ушбу жонли блог орқали биргаликда кузатамиз ва жазолаш механизмининг ҳуқуқий жиҳатларига мутахасислар ёрдамида жавоб излаймиз.

Мавзу бўйича билганларингиз, гувоҳи бўлганингиз ҳолатлар борасида Озодликка хабар қилинг.
Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755.
Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com

"Карантин қоидаларини бузгани учун жазоланганларнинг ҳаммаси ҳам айбдор эмас!

Карантин қоидаларини бузганлик важи билан жазоланаётганлар ҳолатини ўрганаётган мустақил журналист Алексей Волосевич уларнинг айримлари ноҳақ жазоланаётганини айтади.

Жумладан, Волосевич Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетиклар” сиҳатгоҳида карантин қоидаларини бузганлик айби билан қамалган 7 кишини "режим қурбонлари" дея атайди:

- Бу кишиларни сиёсий маҳбуслар деб ҳисоблаш мумкин. Чунки уларни сохталаштирилган жиноий иш билан қамашди. Олий суд матбуот котиби уларни милиция ходимларини сўкканликда айблади. Биринчидан, уларнинг ҳаммаси сўкмади. Видеода фақат бир киши сўкингани кўринади. Иккинчидан, улар бекорга сўкинмади, чунки уларни карантин тугагач, ҳеч бир тушунтиришсиз ушлаб туришди. Одамларнинг озодлигини чеклаб, ушлаб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Милиция ҳам, бошқасининг ҳам, умуман ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ бировнинг озодлигини чеклашга. Улар сиёсий маҳкумлар, репрессия қурбонлари. Уларни бошқалар қўрқиши учун, бошқаларга ўрнак бўлиши учун қамашди.

Журналист Алексей Волосевич билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00
Бевосита линк

Кибрайдаги сиҳатгоҳда карантинда ушлаб турилганлар: "Қийналиб кетдик!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:05 0:00

Таҳлилчи карантин тақиқларининг қонунийлигига шубҳа билдирди

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Ўзбекистонда жорий қилинган карантин режимининг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил қилган.

Таҳлилчи айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб карантин режими жорий этилишига асос бўладиган нафақат қонун, ҳатто президент фармони ҳам йўқ дейди:

“Масъул шахслар қўл қўйган ва бундай қарор қабул қилинишига рухсат берадиган, бутун мамлакатдаги ҳаётни кескин ўзгартириб юборадиган ва жамоатчилик учун очиқ бўлган ҳеч қандай ҳужжат йўқ”.

Бугунги кунда мамлакатда карантин қоидаларига тегишли ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар коллекцияси йўқлигини айтган Илҳомов жорий қилинаётган тақиқларнинг ҳуқуқий жиҳатига шубҳа билдиради:

“Ўзини яккалаш” режимини жорий этиш тўғрисидаги хабарда бир ноаниқлик бор: тақиқ фақат 65 ёшдан катта бўлган шахслар учун жорий этиляптими ёки ҳамма учунми? “Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади”, деган жумла кимларга тегишли? Ушбу бандни фақат “65 ёшдан катта” деб талқин қилиш мумкин. У ҳолда ўша ёшга етмаган барча кишилар исталган зарурат билан кўчага чиқиши мумкин экан-да. Лекин хабарларга қараганда, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоят марказларида тегишли рухсатномаси бўлган тоифадаги ходимлардан бошқа барча ёшдаги кишиларнинг ҳаракатланиш режими де-факто чекланган. Ушбу ҳаракатланиш чеклануви режимига риоя этилишини Миллий гвардия патруллари назорат қилмоқда, улар нафақат 65 ёшдан катта, қолаверса, режимни бузаётган ҳар бир кишини ушламоқда”.

Таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрларини қуйидаги мақолада тўлиқ ўқишингиз мумкин:

“ЙПХ ходимлари гапимни эшитмай велосипедимизни жарима майдонига қўйишди”

Блогер карантин пайти ИИБ ходимларини масхара қилганликда айбланиб 7 суткага қамалди

Ўзининг Instagram-саҳифаси орқали танилган 21 ёшли блогер Гейдар А., “ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги” учун етти суткага қамалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасиининг 8 апрелда хабар беришича: “Таниқли Instagram-саҳифаларнинг бирида муаллиф санитария-эпидемиология талабларини менсимаганлигини намойиш этганлиги акс этган бир нечта фото ва видеолар, шу билан бирга беодоблик сўзларини ишлатиб ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг назарига тушди”.

Хабарда айтилишича, блогерга нисбатан ишни Миробод тумани маъмурий суди кўриб чиққан. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топди ва 7 сутка қамоқ жазоси белгилади.

Тошкентда ниқобсиз юрганини видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган ёшлар 15 суткага қамалди

Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган икки йигит ва бир қиз 15 суткага қамалди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, уларга нисбатан суд 7 апрель куни Юнусобод туман маъмурий судида бўлиб ўтган.

6 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу икки йигит ва бир қиз Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юргани тўғрисидаги видео тарқалган эди. Видеони олаётган қиз Амир Темур ҳайкалидан “Коронавирус Ўзбекистондан қачон кетади?” деб сўрайди ва баланд овозда бақиради.

Видеодаги йигитлардан бири эса карантин вақтида эплаб кўчада ниқобсиз юрганини айтган.

Аниқланишича, мазкур видео 2020 йил 1 апрель куни тахминан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида олинган.

“Юнусобод туман маъмурий судида 7 апрель куни мазкур фуқаролар — 1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган К.М., 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган У.Ҳ. ва 1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) асосида маъмурий иш кўриб чиқилган.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К.М., У.Ҳ. ва О.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилади Олий суд хабарида.

Маҳаллаларда одамларни 24 соат назорат қилувчи гуруҳлар ташкил этилди

Пойтахт Тошкентнинг 11 та туманидаги 514 та маҳаллада 6 апрелдан бошлаб “Маҳалламизни коронавирусдан асраймиз” шиори остида “Жамоатчилик назорати маскани” ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг билдиришича, “Жамоатчилик назорати маскани” таркиби маҳалла раиси, ҳудудга қарашли профилактика инспектори ва унинг ёрдамчиси, Фидокор ёшлар гуруҳи аъзолари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат.

“Ҳар бир гуруҳнинг бош вазифаси – карантин шароитида маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг ўта зарурат юзага келгандагина (керакли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотиб олиш) кўчага чиқишларини ҳамда ниқоб тақмасдан ҳаракатланмасликларини тўлиқ назорат остига олишдир”, - дейилади расмий маълумотда.

“Жамоатчилик назорати маскани” аъзоларига “туну–кун маҳаллаларда юриб, фуқароларнинг заруратсиз ташқарига чиқмаслиги ва карантин тартиб-қоидаларига амал қилишини таъминлаш” ваколати ҳам берилган.

6 апрелдан бошлаб одамларнинг заруратсиз кўчага чиқиши тақиқланди.
6 апрелдан бошлаб одамларнинг заруратсиз кўчага чиқиши тақиқланди.

Расмий: "Ўзини яккалаш" тартибига амал қилмаганлар камида 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилади

“Ўзини яккалаш” режими 6 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида МАЖБУРИЙдир ва бу тартибга амал қилмаганлар катта миқдорда жаримага тортилади”.

АОКА штабида 6 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов “”Ўзини яккалаш" ҳаёт тарзи фуқароларнинг хоҳишига кўрами ёки карантин ҳамма учун мажбурийми?” - деган саволга мана шундай жавоб берди.

“Бугунги кунгача ўзини яккалаш ҳаёт тарзи доирасида фақат 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан заруратсиз ташқарига чиқмасликлари сўралаётган эди. Энди бугун, 6 апрелдан бошлаб, "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида МАЖБУРИЙ РАВИШДА жорий этилади”, - деди расмий.

Ғайбулло Примовнинг айтишича, 6 апрелдан бошлаб сабабсиз уйдан кўчага чиққанларга қуйидагича жарималар солиниши назарда тутилган:

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш:

  • фуқароларга — 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача,
  • мансабдор шахсларга — 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар ушбу ҳаркатлар натижасида одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, шахс ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА тортилади.

Маълумотда жиноий жавобгарлик даражасига аниқлик киритилмаган.

Карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари қарийб 30 мингтага етди

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар 29 953 тага етди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига кўра, энг кўп қоидабузарлик Тошкент шаҳрида қайд этилган (4929 та ҳолат)

28438 та ҳолатда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юриш аниқланган бўлса, 360 та ҳолатда карантин жойи ташлаб кетилган. Шунингдек, ИИВ 954 та ҳолатнинг бошқа сабаблар билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Шу билан биргаликда, республика миқёсида карантин ва эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 11 та жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг 6 таси санитария ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларининг бузилиши (Жиноят кодексининг 257−1- моддаси), 2 таси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш (244−5-модда) ҳамда 3 таси ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш (228-модда) билан боғлиқ.

6 апрелдан амалга кирадиган янги тақиқлар ҳақида маълумот берилди

Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 6 апрелдан эътиборан ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилади. Бу ҳақда Коронавирус касаллигига қарши курашиш республика махсус комиссиясининг 4 апрелда қабул қилган қарорига таянган ҳолда Адлия вазирлиги маълум қилди.

“Шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Белгиланган тартибга асосан 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.

“Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин”, деб таъкидланади хабарда.

6 апрелдан бошлаб йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.

Бу жойларга келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, улар ичкарига киритилмайди. Айни пайтда тана ҳарорати юқори бўлган фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

Марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.

Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.

Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.

Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

ИИВ: сўнгги 20 кунда карантинни бузиш ҳолати 27 ярим мингтага яқинлашди

ИИВнинг маълум қилишича, 16 мартдан то 5 апрель эрталабки соат 9 га қадар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида шу йилнинг 16 мартидан карантин эълон қилинган.

Қоида бузиш ҳоллари энг кўп Тошкент шаҳри – 4 641 та, Фарғона вилояти – 3 223 та, Тошкент вилояти – 2 979 та, Самарқанд вилоятида – 2 691 та ҳолат.

Карантинни бузиш ҳолатлари, одатан - ниқобсиз юриш, карантин ҳудудини тарк этиш ёки бу ҳудуддан қочиш, махсус рухсатномасиз машина ҳайдашдан иборат бўлмоқда.

Карантин қоидасини бузганлик учун 11 ярим миллион сўмгача жарима солиниши ёки 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, 29 март, 2020
Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, 29 март, 2020

Фарғонада карантин қоидасини маст ҳолда бузган шахсга 4 та модда билан иш очилди, 15 суткага қамалди

Фарғона вилоятида карантин қоидаларига риоя қилмасдан тунги вақтда ниқобсиз, маст ҳолда велосипед ҳайдаб юрган фуқаро 15 суткага қамалди.

«Дарё» нашри хабар қилишича, 1 апрель соат тахминан 22:30 ларда Фарғона кўчасида фуқаро Б.Ю. карантин қоидаларига риоя қилмасдан ниқобсиз, велосипед ҳайдаб юрган.

Профилактика инспектори уни тўхтатганида, бақир-чақир ва профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, фуқаролар осойишталигини бузган.

2 апрель куни Фарғона шаҳар маъмурий суди бир йўла 4 та модда:

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми,

- 138-моддаси 5-қисми (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши),

- 183-моддаси (Майда безорилик) ва

- 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмини қўллаб, бу шахсни 15 суткага қамаган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 16 мартда карантин эълон қилинганди.

ИИВнинг маълум қилишича, ўшандан буён карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган.

Карантинга қарамай армиядан қайтган ўғлига зиёфат қилиб берган ота жазоланди

Карантинга қарамай Жиззахда ота армиядан қайтган ўғлига зиёфат қилиб берган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик расмий сайтида билдирилишича, 3 апрель куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Чўлқувар қишлоғида 53 яшар ота ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошини йиғиб зиёфат уюштирган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, карантин тартибига бўйсунмаган ота Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.

ИИВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда карантин карантин эълон қилинган 27 мартдан буён мамлакат бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 25057 та ҳолат аниқланган.

Қибрайдиги сиҳатгоҳда карантинда сақланаётган 7 одам 15 суткага қамалди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетиклар” сиҳатгоҳида сақланаётган 7 нафар фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалди.

"Дарё" сайтининг Олий суд матбуот хизматига таяниб 3 апрелда хабар беришича, уларнинг барчаси Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва карантинга олинган эди.

“Улар ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилишган, уларнинг тинчлигини бузган. Улар тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган”, дейилади расмий хабарда.

7 нафар фуқарога нисбатан иш Юқори Чирчиқ туман маъмурий судида 3 апрель куни бўлиб ўтган. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида 15 суткага қамалган.

Озодлик радиоси 2 апрель куни мазкур сиҳатгоҳда карантинда сақланаётганлар билан боғлиқ вазият ҳақида лавҳа берган эди. Ўшанда Дубайдан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар Озодликка 14 кун деб айтилган карантин муддати тугаган бўлсада¸ уйларига қўйиб юборилмаётганига изоҳ талаб қилаётганларини айтган эдилар.

"Энергетик сиҳатгоҳи"да 17 март куни Дубайдан учиб келган аксари тужжорлар бўлган 254 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.

Сиҳатгоҳ раҳбарияти ҳам¸ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари ҳам "Энергетик сиҳатгоҳи"да 14 кунлик карантинга олинганларнинг айтилган муҳлат тугаганига қарамай¸ нега ҳанузгача ушлаб турилганига изоҳ бермади.

Кибрайдаги сиҳатгоҳда карантинда ушлаб турилганлар: "Қийналиб кетдик!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:05 0:00

Карантин режимига қарамай Олмаотага ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар жазоланди

Карантин режими жорий этилганига қарамай, Олмаотага яширин йўллар билан ўтмоқчи бўлган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.

Kazinform агентлигининг 31 март куни хабар беришича, қўлга олинганлар Алатау тумани Бурундай мавзесида жойлашган 3-назорат станциясини четлаб ўтиб, шаҳарга киришга ҳаракат қилишган. Улар ўша жойда қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, уч нафар ўзбекистонлик Олмаотага иш излаб бормоқчи бўлган.

“Айтишларича, улар карантин ҳақида билмаган. Албатта, бу уларни жавобгарликдан озод қилмайди. Ихтисослашган туманлараро маъмурий суд чет элликларни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 476-моддаси (фавқулодда ҳолат режимини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортди ва улар маъмурий қамоққа олинди”, дейилади хабарда.

18 мингга яқин карантин қоидасини бузиш ҳолати аниқланди; улардан 17 минги ниқобсиз юришга оид

1 апрель куни Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов АОКА ҳузуридаги штабдаги брифингда маълум қилишича, бугунги кунга келиб карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 17 668 та ҳолат аниқланган, бунинг 17 мингтаси ниқобсиз юрганлардир.

Ундан ташқари 4 нафар қоидабузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

149 та ҳолатда вақтинча тўхтатилган савдо ва кўнгилочар масканларни ишини давом эттирган.

314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудуди - шифохона ёки уйини ташлаб кетган.

23 та ҳолатда эса тўй маросимлари ёки бошқа тақиқланган йиғинлар ўтказилган ва бунинг учун фуқаролар жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон бўйлаб карантин жорий қилинган ва карантин қоидаларни бузган шахсларга 11 миллион сўмгача жарима солиниши, оғир ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

ИИВ Тошкентда юзлаб машина жарима майдончасига олинганини маълум қилди

АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1 912 та ҳолатда ҳайдовчи турли кўринишдаги қоидабузарлик содир этилгани аниқланган.

Улардан 766 таси карантин қоидасини бузган ва уларга тегишли 545 та автотранспорт жарима майдончасига жойлаштирилган. Уларнинг машинаси карантин тугамагунча, қайтарилмайди.

Шундай текширувлар бутун мамлакат бўйлаб давом этаётгани айтилмоқда.

Махсус рухсатномасиз ҳаракатланган автотранспорт воситалари учун ҳайдовчиларга 6 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион сўмгача жарима солиниши мумкин.

Ўзбекистонда 30 мартдан бошлаб, автотранспорт воситалари қатнови кескин чекланди, хусусий машинадан хусусий мақсадда фойдаланиш тақиқланди.

Рухсатсиз автомобиль бошқараётганларни аниқлаш учун рейдлар ўтказилади

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиологик назорат 1 апрелдан бошлаб қўшма рейдларни бошлади.

Рейдлар давомида махсус рухсатномасиз автомобиль бошқараётганларга жарима солинади, автомобиллар жарима майдончасига қўйилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси шу муносабат билан белгиланган жазо чораларини эслатиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) биноан, ҳуқуқбузарларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (фуқароларга) ва ўттиз бараваридан эллик бараваригача (мансабдор шахсларга) миқдорда жарима солиниши мумкин. Махсус рухсатномани (стикерни) қалбакилаштириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган!” дейилади расмий маълумотда.

30 март эрталабки соат 6 дан 20 апрель тунги соат 12 га қадар мамлакат бўйлаб, автотранспорт воситалари давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер) асосидагина ҳаракатланиши мумкин.

Шахсий машинадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатъиян ман этилади.

Ниқобсиз юрган 274 киши деярли 108 миллион сўм жаримага тортилди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш тартиб-қоидаларини бузганликда айбланган 274 киши 107 миллион 876 минг 250 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Олий суд матбуот хизматининг 31 мартда хабар беришича, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик қилганликлари учун жавобгарликка тортилган.

Жарима солинганларнинг 14 нафари аёл, 4 нафари 60 ёшдан ошган шахс, 2 нафари чет давлат фуқароси ва 2 нафари фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.

Улар жамоат жойларида ниқобсиз юрганликлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (31 март ҳолатига кўра, 1 115 000 сўм) миқдорда жаримага тортилган.

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаларисиз, яъни ниқобсиз бўлган шахслар жаримага тортилади.

Юнусободда ими-жимида "куёвнавкар чақириш" маросимини қилган ота устидан жиноят иши очилди

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсовнинг маълум қилишича, 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида “куёв навкар” маросимини ўтказган отага нисбатан жиноят иши очилган.

Матбуот котибига кўра, яшовчи 1965 й.т. фуқаро қизини узатиш мақсадида “куёв навкар” маросимини ўтказган. Тадбирга, ўзининг қариндошларини, куёв ва унинг дўстларини таклиф этган.

"Ваҳоланки бир кун олдин бу фуқаро профилактика инспектори ва маҳаллари раиси томонидан бундай тадбир ўтказиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш эканлиги билан, расмий равишда тилхат олиб огоҳлантирилган", деб маълум қилди Ғиёсов.

Аммо, огоҳлантирувга амал қилмагани учун бу шахсга Жиноят кодексининг 257 прим 1-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Ғиёсовга кўра, бу шаклда - “ими-жимида” тўй маросими ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тақиқланган. Агар ички ишлар органлари тўй ёки бошқа маросимларни ўтказилаётганини аниқласа, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби дафн маросимлари бундан мустасно эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

Пахтачида "коронавирусдан ўлган одам ҳақида ёлғон хабар тарқатган" шахс 30 суткага қамалди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи 43 ёшли А.Ш. “қўшниси коронавирусга чалиниб ўлгани” тўғрисида ёлғон хабар тарқатганликда айбланиб, ўттиз суткага қамалди.

Daryo.uz нашрининг 29 мартда ёзишича, Пахтачи туман маъмурий суди А.Ш.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) билан айбли деб топган ва 30 сутка қамоқ жазоси белгилаган.

Хабарда таъкидланишича: “фуқаронинг қилмиши ДХХ вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан фош этилган”.

Аниқланишича, А.Ш., 25 март куни соат 16:00 да марҳум маҳалладошини "кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун вафот этди" деб эшитган. У, шундан сўнг, ижтимоий тармоқда "Пахтачи тумани “Тома” маҳалласида яшовчи О., исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб, бугун вафот этганлиги айтилмоқда", деб хабар тарқатган.

26 март куни Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида маълум қилган эди.

Расмий маълумотда айтилишича, “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Қонун 26 март куни президент томонидан имзоланган.

Ўзгартишларга мувофиқ бундан буён юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатганлар БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

Бундан ташқари юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахсларга нисбатан 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишларига, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум жазолари ҳам белгиланган.

Юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахслар Ўзбекистонда уч йилгача қамалиши мумкин.
Юқумли касалликлар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган шахслар Ўзбекистонда уч йилгача қамалиши мумкин.

Тошкентда карантин шартларини бузиб, тўй ўтказганлар жазоланди

27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида эълон қилинган карантин шартларини бузиб, тўй ташкиллаштирганлар жазоланди.

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва пойтахт Тошкент 27 мартдан коронавирус тарқалиши олдини олиш учун карантинга олинган, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одам тўпланишига чеклов ўрнатилди.

Repost нашрига кўра, тўй эгалари одам тўплаб, карантин қоидасини бузгани етмай, ўзлари ва меҳмонларнинг аксар қисми тиббий ниқоб ҳам тақмаган.

Уйда яшовчи фуқаролар ИИБга мурожаат қилган ва воқеа жойига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари етиб келган.

Тўй ташкилотчилари билан суҳбат ўтказилиб, уларга карантин тартиб-қоидалари тушунтирилгач, маросим бекор қилинган.

Карантин қоидасини бузганлар 1 миллион сўмдан ошиқроқ миқдорда жаримага тортилган.

Янги қонун: Карантин қоидаларини бузганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилaди

26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди. Мазкур қонунга мувофиқ¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди”.

Янги қонунга кўра¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 200 бараваригача (айни кунда 44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ëки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади".

Бундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет орқали тарқатиш БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари; 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 3 йилгача озодликни чеклаш ëки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Янги қонун¸ шунингдек карантин қоидаларини бузганлик учун жазони кескинлаштирди ва бундай қоидабузарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллашни кўзда тутади.

XS
SM
MD
LG