Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:56

Коронавирус: Сербия фавқулодда ҳолат жорий қилди; Эрондаги касалхоналарда жой тақчиллиги хавфи пайдо бўлди


Теҳрон марказида кўчалар янги вирусга қарши дезинфекция қилbyмоқда/
Теҳрон марказида кўчалар янги вирусга қарши дезинфекция қилbyмоқда/

16 мартгача дунё бўйлаб COVID-19 - янги коронавирусни юқтирганлар сони 162 минг нафардан, вирусдан ўлганлар сони эса 6 минг нафардан ошди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европани пандемиянинг янги ўчоғи дея эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг янги тури ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлаган эди.

Қуйида айрим мамлакатлардаги вазият билан танишинг.

Ўзбекистон ва Қозоғистон

Ўзбекистонда яна COVID-19ни юқтирганлик билан боғлиқ 5 та ҳолат аниқланди, жами оғриганлар сони 6 кишига етди, дея хабар қилди ҳукуматнинг Телеграмдаги ушбу касалликка бағишланган канали 16 мартда.

6 кишининг 4 нафари Франциядан қайтиб келган бир кишининг оила аъзоларидир, дейилади ҳукуматнинг алоҳида баёнотида.

Ўзбекистон 15 мартда тушдан олдин COVID-19 га чалинганлик ҳолатини тасдиқлаган эди.

Қўшни Қозоғистонда фавқулодда ҳолат жорий қилинди. Ҳокимият идоралари хабарига кўра, яна 3 та ҳолат қайд этилган ва жами вирус юқтирганлар сони 9 кишига етган.

13 мартда 4 киши касаллик юқтиргунга қадар Қозоғистон коронавирусдан ҳоли мамлакат бўлиб келаётган эди.

Президент фармони билан жорий этилган фавқулодда ҳолатга кўра, мамлакат миқёсида карантин жорий этилади ҳамда дипломатлар ва ҳукумат таклиф қилган кишилардан бошқа шахсларнинг мамлакатга кириши ва чиқиб кетиши чекланади.

Қозоғистонда олдинроқ Наврўз байрамини нишонлаш ва нацистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бекор қилиниши эълон қилинган эди.

Ҳукумат вакиллари аввалроқ 1000 дан ошиқ киши карантинга солинганини, 500 чоғли киши эса уйда ўзини-ўзи карантинда сақлаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон ҳам 15 мартда шундай кескин чоралар жорий қилиб, мамлакатга барча чет элликларнинг киришини, ватандошларининг эса четга чиқишини тақиқлади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам мактаб ва университетларни 3 ҳафтага ёпди, барча ижтимоий тадбирларни бекор қилди, 16 мартдан бошлаб, барча халқаро ҳаво ва автомобиль қатновларини тўхтатиб қўйди.

Марказий Осиё республикалари орасида фақат Қозоғистон билан Ўзбекистон глобал пандемия авж олиб кетган пайтда янги коронавирусга чалинганларни расман қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди.

Арманистон

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Севан кўли бўйидаги 2 кунлик изоляциядан чиқиб, пойтахт Ереванга қайтди. Унинг коронавирус юқтирган-юқтирмаганини аниқлаш бўйича ўтказилган 2 та текширувда гумон тасдиқланмади.

Пашинян Арманистон жанубига сафари чоғида қўл бериб кўришган кишилардан бирида коронавирус аниқлангандан сўнг иккинчи марта ўта хавфли вирусни аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтди.

“Текширувларимиз натижаси яхши чиқди. Эрталаб Ереванга қайтяпмиз”, деб ёзди Пашинян 15 мартда Фейсбукдаги постида ўзи билан умр йўлдоши Анна Накобияннинг текширув натижаларини назарда тутиб.

Эр-хотин 13 март куни кечқурун Севан кўли бўйидаги ҳукумат вилласида ўзларини изоляция қилишга ва коронавирус бўйича текширувдан ўтишга қарор қилган эди. Бунга маҳаллий ахборот воситалари Накобиян 7 мартда Бразилияга сафар чоғида ушбу мамлакат президенти Жаир Болсонаронинг рафиқаси билан кўришганидан хавотир билдиргани сабаб бўлган эди.

Болсонаронинг ёрдамчиси ва Бразилия ҳукумати бошқа бир расмийсининг коронавирус юқтиргани маълум бўлгач, президентнинг саломатлиги хусусида хавотирлар юзага келган эди.

Пашинян карантин сабаб келаси ойда конституция бўйича ўтказилажак референдум олдидан сиёсий кампанияни тўхтатиб қўйди.

Унга кўра, ҳукумат жорий ҳафтада вирус тарқаётган пайтда 5 апрелдаги референдумни ўтказиш-ўтказмаслик масаласини муҳокама қилади.

Референдумда сайловчилардан 2018 йил Пашинянни ҳокимиятга олиб келган умуммиллий норозилик намойишларидан олдин тайинланган Конституция суди 9 аъзосидан 7 нафарини бўшатиш учун Конституцияга ўзгартириш киритиш мақсадида овоз бериш сўралади.

15 март ҳолатига кўра, Арманистон соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари 28 та вирус юқтирганлик ҳолати тасдиқланганини, уларнинг ярмидан кўпи бир ҳудудда экани хабар қилинди. Улар айтишича, 1 мартда шифохонага ётқизилган бемор бутунлай соғайиб кетган.

Пашинян 15 мартда Арманистон ҳукумати Вагаршапат шаҳрини вирус тарқалиши олдини олиши мақсадида ёпганини айтди. Эчмиадзин номи ҳам бор Вагаршапат шаҳри пойтахт Еревандан 21 километр ғарбда жойлашган.

Арманистонда қайд этилган 28 та коронавирус юқтирганлик ҳолатининг ярмидан кўпи 46 минг аҳолиси бор Вагаршапат шаҳрида аниқланган. Пашинян ушбу шаҳарликлар фақат тана ҳарорати ўлчаб кўрилгандан сўнг бошқа жойга чиқиши мумкинлигини айтди.

Афғонистон

Афғонистон ҳукумати 15 мартда яна беш киши коронавирусга чалинганини, мамлакатдаги жами қайд этилган ҳолатлар сони 16 тага етганини хабар қилди.

Расмийлар жами касаллик юқтирган кишилар яқинда қўшни Эрондан қайтиб келганини билдирди.

Улар фикрича, ҳар куни Эрондан 15 минггача афғон мигранти ва қочқин қайтиб келади.

Эрон

Дунёдаги энг кўп коронавирус тарқалган мамлакатлардан бири - Эрон ҳукумати вакиллари агар касаллик юқтираётганлар сони шу тарзда ортиб борадиган бўлса, мамлакатнинг соғлиқни сақлаш муассасалари тўлиб-тошиб кетишидан огоҳлантирди.

15 мартга қадар Эронда 14 мингга яқин, жорий ой бошидан бери эса 1000 га яқин коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди.

Эрон Хитой ва Италиядан сўнг учинчи коронавирус энг кўп тарқалган мамлакатдир. Мамлакатдан ушбу вирус сабаб орттирилган касалликдан ўлганлар сони 15 мартга қадар 724 кишига етди, ўша куни яна 113 киши вафот этди.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Киануш Жаҳонпур телевидение орқали намойиш этилган матбуот конференциясида ватандошлар хавфли вирус тарқалиши олдини олиш учун “ҳар қандай сафарни бекор қилиб, уйда ўтириши кераклиги”ни айтди.

Покистон

Покистон президенти Ариф Алви хитойлик ҳамкасби Си Цзиньпин ва бошқа амалдорлар билан учрашувлар ўтказиш учун 16-17 март кунлари Хитойга сафар қилмоқда, дейилади унинг девони тарқатган баёнотда.

Баёнотда айтилишича, сафарнинг мақсади икки мамлакат ўртасидаги “тарихий алоқаларни янада мустаҳкамлаш”дир. Унда Хитой билан Покистон “қалин дўстлар ва содиқ шериклар” экани урғуланади.

Яна билдирилишича, Покистон Хитой мамлакат марказидаги Уҳань шаҳрида илк марта қайд этилганидан бери 157 мамлакат ва ҳудудга дахл қилган янги коронавирус тарқалишини “тийиб туриш бўйича ҳаракатларда” қатнашмоқда.

Бу Алвининг Покистоннинг стратегик шериги ва иқтисодиётига энг йирик инвестори бўлган Хитойга илк сафаридир.

Покистон ҳукумати 16 мартда яна 41 та коронавирусга чалинганлик ҳолати аниқланганини, жами касалланганлар сони 94 кишига етганини хабар қилди.

Покистон билан Эрон чегарасида карантинга солинган ўнлаб кишилар жамлоқлардаги гигиена ҳолати ёмонлигидан норозилик билдирди.

Карантинга солинган кишилар Эрондан қайтиб келаётган диний зиёратчилардир.

Сербия

Сербия коронавирус тарқалишини камайтириш учун мактабларни ва университетларни ёпиш, касалхоналарни қўриқлаш учун ҳарбий хизматчиларни жалб этиш билан фавқулодда ҳолат жорий қилди.

‒ Биз ўз ҳаётимизни сақлаш, ота-оналаримизни асраш, кексаларимизни асраш учун мамлакатни ёпамиз, ‒ деди президент Алдександар Вучич 15 мартда телевидение орқали халққа қилган мурожаатида.

У кўрилажак тадбирлар тафсилоти 16 мартда эълон қилинишини ва “барча турдаги чекловлар бўлиши”ни айтди.

Президент кўра, ҳарбий хизматчилар 16 мартдан бошлаб, касалхоналарни қўриқлайди, полиция карантиндаги ёки ўзини ўзи 14 ёки 28 кунга изоляция қилган кишиларни назорат қилиб туради.

Карантинни бузган кишилар уч йилгача қамаш билан жазоланиши мумкин, дея огоҳлантирди у.

15 мартда Сербия ҳукумати коронавирус тарқалиб кетган мамлакатлардан келган муҳожирлар учун чегараларни ёпишини эълон қилган эди. Бироқ Вучич чегарадаги тақиқ Хитойдан келганлар учун қўлланмаслигини айтиб, Пекинни Сербияга COVID-19 буҳрони вақтида ёрдам бергани учун мақтади.

У Европа Иттифоқини гўё тегишли ёрдам кўрсата олмагани учун танқид қилди.

Вучич халққа мурожаат қилгандан сўнг бош вазир Ана Брнабич давлат телевидениесига чегаралар фақат “сербияликлар, чет эллик дипломатлар ва истиқомат қилиш рухсатномаси бор чет эл ватандошлари учун” очиқ бўлишини айтди.

Ушбу Болқон ярим ороли мамлакатида шу пайтгача 48 нафар коронавирус юқтирган киши қайд этилган. Ҳозирча ўлим ҳолати аниқлангани йўқ, аммо соғлиқни сақлаш мутасаддилари икки кишининг аҳволи оғир эканини билдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG