Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Мирзиёев назарига тушган корчалон таълим тизимига ҳам кираяпти


 Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда) президент Мирзиёев билан бирга.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда) президент Мирзиёев билан бирга.

Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг Гачон университети билан ҳамкорликда илк тиббий хусусий олийгоҳ - Akfa университети очилиши кутилмоқда.

Бу ўқув юрти муассиси кейинги йилларда, айниқса, Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг, бизнес ва сиëсий доираларида танилган шахс - Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли Akfa ширкатидир.

Ортиқхўжаевнинг Akfa университети

Илк хусусий Akfa тиббий университети очилиши борасидаги президент қарори муҳокамаси 25 октябрь куни якунланади.

Норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган президентнинг янги олийгоҳ очиш борасидаги қарорига ҳозирча бирорта ҳам таклиф билдирилмаган.

Akfa Medline биноси.
Akfa Medline биноси.

Бироқ тиббий олийгоҳ очиш ташаббускори бўлган Akfa ширкатидан олинган маълумотга кўра, ширкатга қарашли Akfa Medline фирмаси Жанубий Кореянинг Гачон университети билан ҳамкорликни йил бошидаёқ бошлаб юборган.

“Гачон университетининг Гил госпитали вице президенти Мюнг Хи Чунг май ойида тиббиёт марказимизга келиб, университет очиш борасидаги лойиҳаларимиз билан танишиб кетган. Биз улар билан ўзаро ҳамкорлик борасида шартнома имзолаганмиз. Ҳозир университет очиш бўйича лойиҳамиз Кореяда тасдиқдан ўтишини кутаяпмиз”, деди Akfa Medline ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

Akfa Medline ходимлари маълумотига кўра, ҳали янги университет қаерда жойлашиши маълум эмас.

“Ҳали жой тайёр эмас. Қаерда бўлиши номаълум. Қидираяпмиз”, деди Озодлик боғланган Akfa Medline ходими.

Akfa Medline дан олинган маълумотга кўра, Гачон университети Akfa олийгоҳини зарур барча ўқув дарсликлари ва дастурлар билан таъминлашга ваъда берган.

Университетда таълим кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида амалга оширилади ва 6 йил давом этади. Айни пайтда тўлов-контракт нархи маълум эмас.

“Ҳозирча контракт пули аниқ эмас. Кореядан тасдиқ жавоби келиши билан Akfa Medline сайтида эълон қиламиз. Ҳозирча университетнинг сайти йўқ. Январь ойигача жавоб келишини кутаяпмиз”, деди Akfa Medline ходими.

Янги олийгоҳга 2019-2020 йил ўқув йилида илк талабалар қабул қилиниши ваъда қилинмоқда.

Корчалон ҳоким

Akfa Medline - AKFA ширкатлар гуруҳи томонидан ташкил этилган хусусий кўп профилли тиббий марказдир. Ўзбекистон алюминий ва пластик эшик-ойналар бозоридаги асосий ўйинчи ҳисобланган AKFA ширкатлар гуруҳининг эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади.

Ортиқхўжаев кейинги йиллар давомида¸ айниқса¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг, бизнес ва сиëсий доираларида танилган шахсдир.

43 яшар Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимликка тайинлангунга қадар Tashkent City давлат унитар корхонаси директори ва айни пайтда «Артел Инжиниринг» (Artel Engineering) масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнесига узоқ йиллар марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлик қилиб келгани ҳақидаги иддаолар мавжуд.

Ортиқхўжаевлар бизнеси Каримов даврида аввалига гуллаб¸ сўнгра жиддий босимларга учраган пайт ҳам айнан Гулнора Каримовага нисбатан муносабатнинг ўзгара бошлагани билан бир вақтга тўғри келгани кузатилади. Ўша пайт Ортиқхўжаевнинг ўзи¸ отаси ва ака-укаларига тазйиқлар бўлгани айтилади. Бу тазйиқлар ҳақида Гулнора Каримова 2013 йил 15 март куни эълон қилинган блогида ёзганди.

Ортиқхўжаев жорий йил 23 апрель куни Тошкентда Ашхобод боғининг очилиши пайти Мирзиёевнинг назарига тушгани айтилади. Боғ қурилишига бош-қош бўлган Ортиқхўжаев ўша куни Мирзиёев билан Бердимуҳаммедовга ҳамроҳлик қилганди. Орадан 3 кун ўтиб, Ортиқхўжаев пойтахтга ҳоким этиб тайинланди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Media Park, Atlas, ZOR TV, Multi MafeImzo, Ecobozor, Qanotchi, Autograph, Art Gallery ва Тошкентда янги қурилаётган "Дельфинарий"нинг ҳам эгаси экани айтилади. Бироқ Озодликда бу борада бирор расмий ҳужжат йўқ.

XS
SM
MD
LG