Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Мозийга ва музейга қайтиб. Қодирий набиралари давлатдан уй-жой муаммосини ечишда ёрдам сўрамоқда


Абдулла Қодирийнинг набиралари: Жамшид (чап) ва Хуршид. Абдуллаевлар. Тошкент, 2021, 31 май
Абдулла Қодирийнинг набиралари: Жамшид (чап) ва Хуршид. Абдуллаевлар. Тошкент, 2021, 31 май

Ўзбек романчилиги асосчиси, Сталин қатағонлари қурбони Абдулла Қодирийнинг уч набираси оиласи билан шу кунда тор ҳовлида ҳаёт кечирмоқда.

Уч ака-уканинг ўртанчаси 3,5 сотихли ҳовлига сиғмагани учун ижарага уй олиб чиқиб кетган.

Абдулла Қодирийнинг иккинчи ўғли Масъуд Абдуллаевнинг фарзандлари яшайдиган ҳовли адибдан мерос қолган ҳовлининг кичик қисмидир. Унинг катта қисмида 2019 йилда, авлодларининг истаги ва ташаббуси билан Абдулла Қодирий уй-музейи барпо этилган.

2019 йил декабрида Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза кўчасидаги адиб яшаган хонадонда очилган уй-музейни президент Шавкат Мирзиёев бориб кўрган эди.

Хуршид, Жамшид ва Умид Абдуллаевлар Абдулла Қодирийнинг иккинчи ўғли Масъуд Абдуллаевнинг фарзандларидир.

Музей қурилди, аммо...

Ака-укаларнинг тўнғичи - Хуршид Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда гапни бобосининг уй-музейини қуриш ташаббусини кўтариб, уни амалга оширгани учун Ўзбекистон президентидан миннатдорлиги чексизлигини изҳор қилишдан бошлади:

“Буюк бобомиз музейини яратиш тўғрисидаги гаплар 1960- йиллардан буён бўларди. Лекин амалга ошмаган. Бола пайтимдан буён бу йил бўлар экан, кейинги йили бўларкан, деган гапларни кўп эшитганман. Мана энди, президент Мирзиёевнинг даврида музей масаласи ҳал бўлди. Шунинг учун бутун оиламиз, Қодирийнинг барча авлодлари номидан у кишига катта миннатдорчилик билдирамиз”.

Сталин репрессиялари қурбони, 1939 йилнинг 26 августида отиб ўлдирилган Абдулла Қодирий уй-музейи адиб 1956 йили оқланганидан бир йил ўтиб, унинг фарзандларига мерос сифатида қайтариб берилган ҳовлида жойлашган.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатда адибнинг Самарқанд дарвоза кўчасидаги 25 сотихли ҳовлиси унинг икки ўғли ва уч қизига, тенг улушлар билан мерос қилиб ўтказиб берилгани қайд этилган.

1957 йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳар ижроқўми томонидан берилган ҳужжат.
1957 йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳар ижроқўми томонидан берилган ҳужжат.

Қодирийларнинг бир қисмига уй-жой берилган

Адибдан қолган мерос ернинг катта қисмига унинг уй-музейи қурилди ва давлат, Хуршид Абдуллаевнинг айтишича, ҳовлининг музей қурилган қисмида “томи бўлган” Қодирийларнинг ҳаммасига уй-жой берди:

“Бу ерда, бу ҳовлида бувамиз Абдулла Қодирийнинг беш фарзанди бўлган: икки ўғил, уч қиз. Бу ердан (бу ер ҳисобидан) кичкина қизларининг фарзандлари тўрт ака-укага уй жой ажратишди. Амакимизнинг катта ўғли Хондамир Қодирийга ҳам уй-жой ажратилди. Катта аммамизнинг невараси бор, унга ҳам жой ажратилди. Амакимизнинг кичик ўғлигаям жой берилди”.

Муаммо ҳовлининг музей учун олинмаган қисмида

Хуршид Абдуллаевнинг айтишича, ҳовлининг уй-музей қурилиши учун эгалланган қисмидан ортган қисми – 3,5 сотихда қолган уч оила: Хуршид, Жамшид ва Умид Абдуллаевларнинг оилаларига уй-жой ажратилмаган.

Хуршид Абдуллаев ака-укалар муаммосидан шаҳар ҳокимининг ҳам, бош вазирнинг ҳам шахсан хабари борлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, Бош вазир Арипов ва шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев 2019 йилнинг 19 августида Самарқанд дарвоза маҳалласи идорасига келиб, мажлис ўтказишган:

“Ўша йиғилишда шаҳримиз ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга, Бош вазир Абдулла Ниғматовичга ҳам тушунтирганман. Уч ака-ука 3,5 сўтикли ҳовлида яшаймиз, деб айтганман. Ҳаммамизга бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, битта укамга 3-4 хонали квартира ажратиб беринглар, деб илтимос қилганман”.

Хуршид Абдуллаевнинг укаси Жамшид Озодлик билан суҳбатда бундан бир неча йил олдин ҳозирда музей ҳудудига қўшилиб кетган ҳовлининг бир четига уй қурмоқчи бўлгани, бироқ оила аъзолари бу фикрдан қайтарганини эслайди:

"Ўша пайтларда чет элда эдим. Уч-тўрт сўм пул йиғиб, уй қурмоқчиман, деб акамга айтдим. Ўшанда Хуршид акам ва амакимнинг ўғли Хондамир акам (Қодирий) "йўқ, бу ерда музей бўляпти, қурилиш материалларни увол қилиб ўтирма, бу ернинг эвазига жой берилади", дейишгани учун ман ҳамма нарсани йиғиштириб, квартирага чиқиб кетганман. Мана энди юрибман, хайрон бўлиб. Битта ўғлимни уйлантирдим. У алоҳида квартирада яшаяпти. Ўзим хотиним билан иккинчи квартирада яшаяпмиз. Қачонгача бундай юраман, хайронман. Доим акамдан сўрайман. У ёзяпман, дейди холос. Натижа йўқ”.

Жамшиднинг акаси– Хуршид Абдуллаев мурожаатларидан ўзлари кутган натижа бўлмаётганини айтади:

“Музейнинг битишига оз фурсат қолганда мен таҳликага тушиб, жойсиз қоладиганга ўхшаймиз деб, шаҳар ҳокимиятига яна ариза билан мурожаат қилдим. Яна эски жавоб келди. Яъни “кадастр бўйича сизларнинг жойингизга тегмаганмиз, сизларга жой беролмаймиз”, деган жавоб бўлди. Оз вақт ўтгандан кейин Бош вазир номига хат ёздим ва уни ўзим олиб бориб қабулхонасига топшириб келдим”.

Бош вазир қабулхонаси аризачини куттирмаган: 3-4 кундан кейиноқ бир неча кишилик гуруҳ келган ва вазиятни ўрганиб, эски жавобни берган: биз сизнинг ҳовлингизни музей қурилиши учун банд қилмаганмиз, бу ерлар барибир бир кун келиб бузилади, ўшанда жойлик бўласиз, кутинг.

Масъуд Абдуллаевнинг кичик қизи Кумуш Абдуллаева бобосининг уй-музейи қурилганини олқишларкан, айни пайтда унинг атрофидаги уйлар бузилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмаслиги, Самарқанд дарвоза кўчасидаги уйлар бузилишини тарихнинг бузилиши, деб тушунишини урғулайди. Айни пайтда у ака-укаларининг чорасиз аҳволига эътибор қаратади.

“Уй билан боғлиқ ташвишларимиз бошланганига мана икки йил бўлди, икки йилдан бери эзилиб кетдик. Биз қиз фарзандлармиз, бизга хеч нарса керакмас, фақат шу ака-укаларимни тўлиқ уй билан таъминлаб беришсин, илтимос қиламиз”.

“Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетган эмас”

Абдулла Қодирий уй-музейи қурилиши муносабати билан адиб авлодларининг уйсиз қолиш хавфи тўғрисида 2019 йилнинг ёзида ижтимоий тармоқларда постлар пайдо бўлган эди.

Ўшанда адибнинг набираси Хондамир Қодирий (Хуршид, Жамшид ва Умид Қодирийларнинг амакиваччаси) маҳаллий матбуот орқали Тошкент шаҳри ҳокими уй-музей қуриш масаласида таклифларни кўриб чиқиб, ҳаммани рози қилиш чораларини кўраётганини хабар қилган.

Хондамир Қодирийнинг матбуотдаги чиқишидан бир неча кун ўтиб, 2019 йил, 19 августда Самарқанда дарвозага Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан Абдулла Арипов борган ва йиғилиш ўтказганди.

Масъуд Абдуллаевнинг катта қизи Гулмира Абдуллаева ота уйидаги вазият ҳақида гапираркан, бобосининг “Ўтган кунлар”идан иқтибос келтирди:

“Бобомларнинг ўзлари қаламлари билан ёзган жойлари бору: “Бу даргоҳдан ҳали ҳеч ким норизо бўлиб кетган эмас”, деб. Лекин бу ерда норозилик бўляпти”.

XS
SM
MD
LG