Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:06

Муҳожир 4 банкоматни кетмон билан бузмоқчи бўлди. Рус матбуоти мигрантлардан бўжи ясамоқда (ВИДЕО)


Сбербанк банкоматларини кетмонча билан бузишга уринган марказий осиёлик тергов ҳибсхонасига киритилди.
Сбербанк банкоматларини кетмонча билан бузишга уринган марказий осиёлик тергов ҳибсхонасига киритилди.

Ногинск шаҳрида (Москва области) марказий осиёлик меҳнат муҳожири Сбербанк банкоматларини кетмонча билан бузиб очишга урингани учун ҳибсга олинди.

Бу воқеа Россия матбуотида сўнгги икки ойда “мигрантлар жиноятлари кескин ўсгани”га оид хабарлар кескин кўпайган бир пайтда юз берди.

Россия ҳукумати вакиллари эса, аксинча, охирги уч ойда мигрантлар содир этаётган жиноятлар сони камайганини айтмоқда.

“Тўртта банкоматни кетмонча билан бузиб очмоқчи бўлди!”

Москва область Ички ишлар бошқармаси Ногинск шаҳрида бир кечада тўртта банкоматни бузмоқчи бўлган шахс ҳибсга олганини хабар қилди.

ИИБ матбуот хизмати раҳбари Татьяна Петрова банкоматларга қилинган ҳужум ортидан Ногинскда шу кечасиёқ ушланган шахс 30 яшар марказий осиёлик муҳожир эканини билдирди:

- Аниқландики, жиноятда айбланувчи оддий боғ кетмончаси ёрдамида 3-чи Интернационал кўчасида жойлашган тўртта банкоматни бузиб очмоқчи бўлган. Сигнализация ишга тушиши биланоқ у сейфларни очолмасдан, ҳодиса жойидан ғойиб бўлаверган. Ёзув камераларини кўздан кечирган полиция ходимлари гумонланувчи шахсни жиноят содир бўлган жой яқинида ҳибсга олди.

Терговчилардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айбланувчи кетмончани ҳам қўшнисининг ҳовлисидан ўғирлаб кетганини айтди.

Сўроқ пайтида жиноятга қўл уриш сабабларини тушунтирар экан, исми ошкор этилмаётган марказий осиёликк 30 яшар муҳожир карантин пайтида иш топа олмагани боис, пулсиз қолганини маълум қилган.

Полиция Тергов бошқармаси РФ Жиноят кодексининг 158- моддаси асосида марказий осиёликка нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу моддага кўра, айби суд жараёнида аниқланса, хорижлик 10 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

(Москва вилоят ИИБси тақдим этган видео)

Москва вилоят полицияси эълон қилган видеода жиноятда айбланаётган шахснинг бир нечта банкоматларни бузиб очишга уринаётгани, қўлга олинганидан кейин эса терговчилар саволларига жавоб бераётганини кўриш мумкин.

Жумладан, кўринишидан осиёлик бўлган мигрант олдин ҳам ўғрилик моддаси билан судланганини айтади.

Кузатувчилар Россияда изоляцияда қолаётган хорижликлар билан боғлиқ айрим жиноий ҳолатлар маҳаллий миллатчилар ва сиёсий кучлар томонидан мутлақо бошқа кўринишда талқин этилаётганини гапирмоқда.

Рус нашрларида “мигрантлар хатари” тўғрисида гап-сўзлар кўпаймоқда

Россия оммавий ахборот воситаларида сўнгги икки ой давомида “мигрантлар жиноятчилигининг кескин ўсиши” мавзусига бағишланган мақола, ток-шоу ва видеорепортажлар сони кескин кўпайганини ҳам кузатиш мумкин.

Мигрантофобия кайфиятидаги мақола ва фоторепортажлар билан ном қозонаётган “Московский комсомолец” «Ишсиз мигрантлар кетишмаса, криминал ҳолат кескин портлайди!» деган сарлавҳа билан мақола чоп этди. “Мослента” нашри эса, “Очарчилик, ўғрилик ва ўз жонига қасд қилиш: коронавирус мигрантларни қай аҳволга етказди”, дея ваҳима тарқата бошлади.

Миллатчилик ва ирқчилик руҳидаги бу каби мақолалар, ток-шоулар ва суҳбатлар “мигрантлар орасида криминал вазиятнинг кескинлашиши” мавзусига эътибор қаратиб, рус жамиятида меҳнат муҳожирларига қарши кайфиятни қўзғатмоқда.

Жумладан, change.org сайтида бир гуруҳ рус миллатчилари касаллик тарқаган ва “изоляция ҳолати” киритилган бир вақтда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларини мамлакатдан чиқариб юбориш петициясига имзо йиғди.

Владимир Путинга йўлланган бу мурожаатномада россияликларнинг демпинг туфайли ишсиз қолаётгани, “собиқ гастарбайтерлар” орасида эса талончилик ва ўғриликка қўл ураётганлар кўпайиб бораётганига эътибор қаратилди.

“Ўзини яккалаш” режимининг 11 майгача узайтирилиши ва мамлакатда коронавирус касаллигининг тарқалиши авж олиб бораётгани русларнинг Россия ҳукумати қарорларидан норозилигини ошириб бормоқда. Қатор минтақаларда маҳаллий аҳолининг оммавий норозилик чиқишлари кузатилди.

Қийин иқтисодий аҳволда қолган россияликларнинг норозилиги ошаётган бир пайтда “Комсомольская правда”дек нашрда “Рус камбағаллари чиқинди бакларини титаётган бир пайтда мигрантларга озиқ-овқат юк машиналарида ташилмоқда” (“Русские бедняки роются в мусорных баках, пока мигрантам везут бесплатную еду грузовиками”) деган хабарлар тарқатилмоқда.

“Айрим кучлар мигрантофобияни ўз мақсадларида ишлатмоқчи!”

Рус жамоатчилиги “ишсизлик ва иложсизликдан” турли жиноятларга қўл ураётган муҳожирлар сонининг кўпайиб бораётганини тахмин қилса, ҳукумат вакиллари охирги уч ойда мигрантлар орасида жиноятчилик ҳажми камайгани борасида ҳисобот берди.

Россия жамиятида урчиб бораётган бундай кайфиятга жавобан Москва мэри Сергей Собянин мигрантлар орасидаги жиноятчилик кўлами кенгайиб бораётгани борасидаги гап-сўзларни инкор этди:

- Рақамлар бизда жиноятчилик кескин ошганини тасдиқламаяпти, аксинча. 2020 йилнинг дастлабки уч ойида муҳожирлар орасида жиноятчилик ҳолатлари камайди. Ҳукумат мигрантлар билан боғлиқ вазиятни, жумладан улар жипс яшайдиган жойларни назоратга олди.

У охирги ойларда биргина Москва кўчаларида 9-13 минг патрул ходими тартибни назорат қилаётганини билдирди.

Россия ИИВ: Москвадаги "ўзбеклар бандаси" ҳужуми видеоси - фейк

Россия Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармаси охирги ҳафта давомида катта шов-шувга сабаб бўлган ҳодисалардан бири - гўё бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг Москванинг Петровско-Разумовский мавзесида ота-болага ҳужум қилгани тўғрисида пайдо бўлган видео бўйича тарқатилган хабарларни сохта эканига алоҳида эътибор қаратди.

Апрель ўрталарида ижтимоий тармоқларда тарқатилган бу видеоёзув остида “Россия пойтахтида ишсиз қолган беш нафар Ўзбекистон фуқароси кўчада ота ва болага ҳужум қилиб, уларни дўппослаган ва 2 минг рубль пулни ўғирлаб кетган” деган изоҳ қолдирилганини кўриш мумкин.

Error rendering VK.

Тармоқларда тарқалган бу фейк хабар кўплаб бошқа нашрларда ҳам ўзгартирилмасдан чоп этилди.

Пойтахт полиция бошқармаси ҳодисага бошқача таъриф берди.

“Бир гуруҳ шахс квартирада алкоголь ичиб ўтирганида кўчада бир йўловчи улар машинаси капотига чиқиб сакраётганини кўриб қолади. Ғазабланган москваликлар кўчага чиқиб, безориларни калтаклаган. Муҳожирлар орасида жиноятчилик кўлами кенгаяётгани кузатилгани йўқ. Москва полицияси гражданларга хушёр бўлиш ва расмий маълумотларга таянишни тавсия этади”, - хабар қилди Москва полицияси матбуот маркази.

"Нашр сўзларимни бузиб берибди!"

Россияда фаолият юритиб келаётган "Ўзбеклар, ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси" (ВКУУ) раиси Иброҳим Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда “Московский комсомолец” газетаси яқин кунларда чоп этган мақолаларидан бирида унинг сўзларини бузиб талқин этганидан таассуф билдирди.

Суҳбатдош Россиядаги миллатчи кучлар юзага келган вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланишга уринмоқда, дейди:

- Куни кеча “Московской комсомолец” гўё “Муҳожирларни эвакуация қилиш керак, улар ҳақиқатан хатарлидир! Улар кўчаларга чиқиб, руслардан егулик сўраяпти!”, деб менинг сўзларимни бузиб берибди. Аслида мен “мигрантлар оғир аҳволда, улар ҳам ёрдамга муҳтож, мигрантлар масалаларига тизимли муносабат шакллантириш керак”, деган эдим.

Айтишим керакки, Россиядаги айрим кучлар ОАВ орқали зиддиятли ва мураккаб пайтда миллатлараро масалани қўзғаб, мигрантофобияни кучайтириб, ўзларининг сиёсий мақсадларида ишлатмоқчи. Эпидемия даврида оғир вазиятда қолган оддий руслар ва мигрантлар орасида эса якдиллик ўрнатилган, ҳеч қандай миллатчиликка ўрин йўқ! деди Иброҳим Худойбердиев.

Унинг сўзларича, мигрантларга қарши кампанияни бошлаган айрим россиялик гуруҳлар ва сиёсатчилар маҳаллий аҳоли ғазабини хорижлик ишчиларга қарши йўналтириш ва ўз рейтингини ошириш ҳаракатида.

У ҳалигача Россияда қолаётган легал ва нолегал мигрантлар сонига оид ҳатто аниқ рақамлар келтирилмаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG