Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:18

Наманганда "қабристон акцияси"ни уюштирган фаоллар ИИБда сўроқ қилинди


Намангандаги норозилик тадбири
Намангандаги норозилик тадбири

Наманган шаҳар, Гулобод маҳалласи аҳолиси норозилик акцияси ўтказганидан бир кун ўтиб, акция иштирокчиларидан 4 киши 9 август куни ИИБга олиб кетилди ва ҳар биридан тушунтириш хати олинди.

Шаҳар ИИБ вакили гулободликларнинг ИИБга олиб кетилишини "режадаги профилактик суҳбат", деб атади.

8 август куни уч юзга яқин одам қабристон учун ажратилган ер қарийб 4 марта торайиб кетганидан норозилик тадбири ўтказган эди.

Озодлик мобил мухбирининг айтишича¸ улар ИИБга эрта тонгда олиб кетилган:

- Тадбирни уюштирган фаоллар: Абдумалик Эргашев¸Тоҳиржон Усмонов¸ Руҳиддин Муродов ва Жалолиддин Ўтамирзаевни 9 август куни эрталаб соат 6 да участка нозири келиб уйидан олиб кетган. Улар микрорайондаги иккинчи ИИБга олиб кетилиб, ҳар биридан тушунтириш хати ëздириб олиб ўша куни уйига қўйиб юборишди.

Озодлик ИИБга олиб кетилганлардан бири, Гулобод маҳалла фаоли Абдумалик Эргашев билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, ИИБ ходимлари нега рухсатсиз митинг уюштирдинг, дея “тириштирган”, яъни улар рухсатсиз митинг ўтказиш ва аҳолини маҳаллий мулозимларга қарши қўйишда айбланган:

- Холбуки мен намойиш ўтишидан олдин ҳокимиятга билдириб қўйганман. Жасурбек деган участкавойга¸ Ғулом ака деган маҳалла комитетга¸ ҳаммаси бўлиб учта маҳалла комитетга билдириб қўйганман. Қолаверса, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг ëрдамчисига шахсан айтганман. Хўб-хўб деб қўйишган. Энди эса, нега рухсатсиз халқни кўчага олиб чиқдинг, деб тириштириб ўтирибди. Яна олиб чиқаман десам¸ мени савол-сўроқ қилганнинг орқасида турган одам яхши муомала қилиб ҳайит кунлари чиқмай туринглар деб илтимос қилди.

"Ўзимни ëқаман"

Гулобод маҳалла фаоли Абдумалик Эргашевнинг яна айтишича¸ шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб қабристон деворини 50 метр суриб кенгайтириб беришга ваъда қилишган:

- Майли, 15 кун кутаман дедим. Агар 15 кун ичида ҳоким айтганидек қабристон деворини 50 метрга жилдирмаса устимга 20 литр бензин қуйиб ўзимни намойишкорона ëқиб юбораман. Жонимга тегди буларнинг ваъдаси! Намойишга келиб эл дардини тинглашга қўрқадиган ҳокимнинг ваъдасига ишонмайман.

"Шунчаки профилактика"

Наманган шаҳар ИИБ вакилининг айтишича¸ 9 август куни Гулобод маҳалласидагилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва уларга нисбатан жиноят ëки маъмурий ҳуқуқбузарлик иши очилмаган:

- Режа асосида маъмурий назоратга олинган ва профилактик ҳисобда турган Гулобод маҳалласидаги шахслар билан кунлик профилактик суҳбатлар ўтказилди. Бу суҳбат участка нозирининг иш режасида олдиндан белгиланган. Бу суҳбат “Ҳурматхон ая” қабристонидаги воқеа билан боғлиқ эмас, - деди ўзини ИИБ навбатчиси дея таништирган зобит.

Озодлик Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Телефонни кўтарган ҳоким Озодлкдан эканимизни билиб, телефонини ўчириб қўйди.

Намойиш

8 август куни Наманган шаҳар, Гулобод маҳалласида уч юзга яқин одам қабристон учун ажратилган ер қарийб 4 марта торайиб кетганидан норозилик акцияси ўтказган эди.

Маҳалла вакилларининг айтишича, қабристон учун 1994 йили 8,5 гектар ажратилган эди. Бугунги кунда мозор майдони 2,5 гектардангина иборат бўлиб қолган.

2017 йилдан буён қабристонга ажратилган ернинг қолган 6 гектарига иссиқхоналар, товуқхоналар ва маъмурий бинолар қурилган.

XS
SM
MD
LG