Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

“Новая газета” мақоласидан сўнг қамоқдаги қийноқ устидан иш очилди


Россиянинг Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ) ходимлари маҳбусни калтаклаётгани тасвирланган видеоёзув Интернетда тарқалиб, шов-шувга сабаб бўлди. Шундан сўнг Ярославль вилояти тергов қўмитаси ЖИЭФХ​ ходимлари хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани учун жиноий иш қўзғашга мажбур бўлди.

Инсон ҳақлари бўйича вакил Татьяна Москалькованинг бугун маълум қилишича, ЖИЭФХ раҳбарияти қийноқлар ҳақидаги маълумотни текшириш учун Ярославль вилоятига комиссия юборадиган бўлган.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳақлари бўйича кенгаш раҳбари Михаил Федотов Ярославль вилоятидаги ИК-1 (1-сонли ахлоқ тузатиш колонияси)ни бориб кўрмоқчи эканини билдирди. У Бош прокуратура билан Тергов қўмитасидан у ерда яхшилаб текширув ўтказишни талаб қилди.

Инсон ҳақлари бўйича кенгаш аъзоларига кўра, колония ходимлари маҳбусга оғир тан жароҳати етказгани етмаганидай, текширув вақтида ёлғон кўргазма ҳам беришган.

Қамоқхона биноси ёнида қийноқларга қарши якка ҳолда намойишлар бўлиб ўтди. Уни мухолиф сиёсатчиси Алексей Навальнийнинг тарафдорлари уюштирди.

“Новая газета” жума куни маҳбус калтаклангани акс этган 10 дақиқалик видеоёзувни эълон қилди.

Аниқланишича, калтакланган киши 2017 йили ИК-1 даги қийноқлар ҳақида гапирган Евгений Макаровдир. Ўшанда у билан бирга Москвадаги “Болотная майдони бандиси” Иван Непомняших ҳам қийноқлар ва ЖИЭФХ ходимлари босимидан шикоят қилган эди.

Қизиғи шундаки, Евгений Макаров ИК-1да бир йил олдин 2017 йил июнида калтакланган. Тергов қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказиб, унда қонун бузилмаган, деган хулоса берган.

Ҳамма гап “Новая газета” ўша видеоёзувлардан бирини эълон қилгандан сўнг бошланиб кетди.

Видеода ЖИЭФХ формасини кийиб олган 18 киши Макаровни ечинтириб, сўйил билан калтаклагани акс этган.

“Жамоат ҳукми” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари улардан 12 нафарининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.

Шундан сўнг Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатди, ЖИЭФХ эса қайтадан текширув бошлади.

XS
SM
MD
LG