Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:27

"Олтин қалам" соҳиби: Судландим, оқландим, айбловни уюштирганлар қилмишларига жавоб бермаяпти


Бухоролик журналист Жаҳонгир Исмоилов "Олтин қалам" мукофоти билан.
Бухоролик журналист Жаҳонгир Исмоилов "Олтин қалам" мукофоти билан.

“Олтин қалам” журналистика соҳасида Ўзбекистоннинг бош миллий мукофотидир. Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

OzodMaktub рукнида "Олтин қалам" мукофоти соҳиби, бухоролик журналист Жаҳонгир Исмоиловдан келган хатни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Хат таҳрирсиз, муаллифнинг имло ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилаяпти.

***

Мен — Жаҳонгир Исмоилов, 40 йилдан ортиқ матбуот соҳасида ишладим. 13 йилдан кўпроқ вилоятнинг бош нашрлари — “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталарига бош муҳаррирлик, жамоатчилик асосида эса Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилдим.

Фидойи меҳнатим учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирландим. Босма нашрлардаги чиқишларим “Олтин қалам” танловида биринчи ўринга муносиб кўрилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосиман. 20 га яқин китобларим нашр этилган.

Умрим бадиий ижод ва журналистиканинг заҳматини тортиб, метиндан ҳам қаттиқ ҳалол нонини еб ўтди.

Энди тафсилот:

Менга нисбатан профессионал фаолиятим билан боғлиқ буюртма асосида 2015 йил баҳоридан таъқиб олиб борилди. Шантаж уюштирилишидан қўрқиб 2 сентябрда ишдан кетдим. 29 сентябрда мутлақо ғайриқонуний жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилди.

Шаҳар суди томонидан тергов айбловидаги 5 ҳолатдан икки ҳолат тўлиқ, бир ҳолат қисман асоссиз топилсада қолган уйдирма айблов билан 2015 йил 2 декабрда ҳукм ўқилди.

Шундан бошлаб мен тинимсиз шикоят ёздим. Президент девони, Бош прокуратура ва Олий судга қарийб 30 га яқин шикоятларимдан, қабуллларга кирганимдан сўнг жиноят иши аризамга асосан қайта ўрганилди. Айбсизлигим хусусида келтирилган барча далилларим асосли топилиб Бош прокуратура Олий судга протест киритди. Ниҳоят ОҚЛАНДИМ.

Жиноят иши нима сабабдан, қандай қилиб, айнан кимлар томонидан уюштирилгани тафсилотлари “Адабиёт газетаси”нинг шу йил 1 апрель сонида чиққан “Чала тикланган адолат” мақоласининг Сизга айнан нусхаси юборилган матнда батафсил баён этилган:


Энди муддаом:

Мен реабилитация қилиндим. Лекин менга нисбатан уюшган ҳолда жиноят иши ясаган Бухоро шаҳар прокуратураси терговчиси А. Э., Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ж. Б, МХХ Бухоро вилояти бошқармаси ОАВ куратори Ҳ. Ю. ва тезкор вакили К. Ғ. ўша соҳаларда фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Президент виртуал қабулхонасига, Бош прокурорга уларни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб ва асослаб берган аризаларим оқибатсиз қолдирилмоқда.

Улар 30-35 ёшнинг нари-берисидалиги ҳисобга олинса, ҳали яна камида 20-25 йил ўша тизимларда ишлашади. Балки кўтарилиб, янада каттароқ ваколатларга эга бўлишади.

Ҳар йили мен сингари 2-3 кишига нисбатан ана шундай жиноий ишлар уюштириб жавобгарликка торттиришга эришсалар ҳали улардан жуда кўп фуқаролар жабр-зулм кўришлари мумкин.

Ноҳақ айбланадиган фуқароларнинг орқасида оиласи, бутун бошли авлодлари борлиги, адолат ва қонунларга ишончи назарда тутилса жамиятга қанчалик катта зиён етказилишини бир тасаввур этинг!

Бугун фош этилган шов-шувли номлар ҳам бир пайтлар менинг “қаҳрамонларим” сингари фаолиятларини қуйи бўғиндан бошлаб кирдикорлари жазосиз қолавергач шу даражада юқори лавозимларга эришганлар. Демак, уларни фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш жамият, келажак, одамлар манфаатларига хизмат қилади.

Уюшган шахслар тааллуқли бўлган ташкилотлар раҳбарлари ҳозиргача 2-3 мартадан ўзгарди. Лекин шикоятларим юқори раҳбарларигача етиб бормаётир. Келгусида мурожаатим уларгача етишига ва жазо муқаррарлиги таъминланишига умид қиламан.

Жаҳонгир Исмоилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” танлови ғолиби.

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.​

XS
SM
MD
LG