Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:05

Пекин матбуоти Тожикистон яна Хитой ҳудуди эканини ёзди. Душанбе Хитойга норозилик нотаси йўллади


Пекин нашрлари Помир ҳудуди Хитойга тегишли экани ҳақидаги иддаоларни бир неча йиллардан бери ёзиб келади.
Пекин нашрлари Помир ҳудуди Хитойга тегишли экани ҳақидаги иддаоларни бир неча йиллардан бери ёзиб келади.

Хитойнинг қатор нашрлари Тожикистон ҳудуди тарихан ҳар доим Хитойга тегишли бўлгани ҳақида ёзди. Мақолада нафақат Тожикистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳудуди ҳам Хитойга тегишли бўлгани шама қилинади.

Расмий Душанбе Хитой матбуотида чоп этилган бу каби мақолаларга ўз норозилигини билдирди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу мақолаларни “провокация” деб баҳолади. Хитой ҳукумати эса расман бу воқеага муносабат билдирмади.

Вазир: Нотадан сўнг Хитой сайтларидаги провокацион мақолалар ўчирилди

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожидин Муҳриддин Душанбеда 15 февраль куни ўтган матбуот анжуманида Хитойга мазкур мақола юзасидан расман норозилик нотаси топширилганини билдирди.

Бундан ташқари Тожикистоннинг Пекиндаги элчихонаси расмийлари бу мақолани чоп қилган нашр раҳбарлари билан ҳам учрашган.

“Биз бу провокацион мақолалар юзасидан зарур бўлган ишларни амалга оширдик. Хитой Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини топширдик, Хитойдаги элчихонамиз вакиллари бу мақолаларни чоп этган нашрларда учрашувлар ўтказди. Оқибатда бу мақолаларнинг барчаси сайтлардан ўчириб ташланди”,-деб билдирди Сирожидин Муҳриддин.

Вазирга кўра, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги нотага жавоб йўллаган ва унда “мақолада айтилган фикрлар расмий Пекиннинг позицияси эмас” лиги таъкидланган.

Аммо Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Хитой ҳукумати бу воқеа юзасидан матбуотга муносабат билдирмаган.

Хитой тарихчиси иддаоси: Хитой ерларига қўшни давлатлар эгалик қилмоқда

Хитой матбуоти аввал ҳам Тожикистон Хитой ҳудуди экани иддао қилинган мақолаларни чоп этиб келган.

Жумладан, 3 январь куни “Гул – тарих кўзгуси” порталида эълон қилинган мақолада: “Цин ва Тан империялари даврида Тожикистон Хитойнинг бир қисми бўлган. Кейинроқ Хитой Хўтандан бошлаб форслар салтанатигача бўлган ҳудудларни босиб олган. Ҳозирда бу ҳудуд Марказий Осиё деб аталади”,-деб ёзилган.

Ўтган йили эса тарихчи Чу Йао Лу “Тожикистон Хитойга тегишли ерларни ва Помир тоғларини ерлари ҳақиқий эгасига қайтарди” сарлавҳали мақола ёзган эди. Бу мақолада Тожикистон ҳудудининг ҳақиқий эгаси Хитой экани ва 11 йиллик музокаралардан сўнг Тожикистон Хитойга 1158 квадрат километр ҳудудни қайтаргани айтилади.

Тожик ҳукумати эса Хитойга 1100 квадрат километр ҳудуд қайтарилганини, бу Хитой қайтаришни талаб қилган баҳсли ҳудуднинг уч фоизи эканини таъкидлаб келади. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеани “дипломатик ғалаба” деб атаган.

Хитой матбуотида Тожикистон ҳақида чоп этилган мақолаларда Марказий Осиё 128 йил олдин Хитойдан ажраб чиққани иддао қилинади.

“Хитой замонавий давлатчилиги шаклланган 1911 йилдан кейин ҳукуматнинг биринчи галдаги вазифаси йўқотилган ҳудудларни қайтариб олиш бўлди. Айрим ерлар қайтариб олинди, аммо айримлари ҳалигача ҳам қўшни давлатлар назоратида қолмоқда. Ҳудди мана шундай қадимий ҳудудлардан бири Помирдир. Помир жаҳон етакчи давлатларининг босими остида 128 йилдан бери Хитойдан ажратиб қўйилди”,-деб ёзган Чу Йао Лу.

Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига ҳудудий эътирозлари

Расмий Пекин Хитой матбуотидаги бу каби мақолалар ҳукумат расмий позицияси эмаслигини билдирса-да, амалда Марказий Осиё давлатларига ҳудудий эътирозларни билдириб келади.

Мазкур ҳудудий эътирозлар ортидан ўтказилган музокаралар натижасида Тожикистон Хитойга ўз ҳудудининг 0,77 фоизини, яъни 1100 квадрат километрни берган.

Расмий маълумотларга қараганда Қозоғистон Хитойга 407 квадрат километр ерни қайтарган.

Қирғизистон эса 1999 йилда Узанги Қуш деб номланган ҳудуднинг 161 квадрат километри, яъни 39 фоизини Хитойга берган.

XS
SM
MD
LG