Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

Пиллакорлар пилла ўрнига пул топширди. Расмийлар  фермерни айбламоқда


Ҳукумат пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни 2 йилга даромад солиғи тўлашдан озод қилди. 
Ҳукумат пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни 2 йилга даромад солиғи тўлашдан озод қилди. 

Озодликка боғланган пиллакор фермерлар пилла режаси фақат қоғозда бажарилаётганини айтишмоқда.

Фермерларга кўра, режани бажариш учун пилланинг 1 килосига 20 мингдан 25 минг сўмгача пул тўлашга мажбур бўлишган.

Пилла етиштириш бўйича масъул ташкилот – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мулозими режани бажара олмаган пиллакорлардан пул олинаётганини инкор қилмади.

“Сувга оққан қуртлар”

Озодликка боғланган жарқўрғонликлардан бири Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги пиллакорлар бу йилги пилла режасини қоғозда бажараётганини хабар қилди.

Аксар ҳудудларда бу йил пиллани касаначилар етиштирди.
Аксар ҳудудларда бу йил пиллани касаначилар етиштирди.

“Оилавий боғбонларга мажбур қилиб, 1-2 қутидан ипак қурти беришди. Мажбуран беришди. Боғбонларда тутзор бўлмаса, нима билан боқади? Боғбонлар ипак қуртини олиб, сувга оқизиб юборишди. Деярли ҳеч ким боқмади. Энди ҳаммаси пул бериб, режасини бажаряпти. Битта боғбон 90 сотих ерига 450 минг сўм тўлади. Бир ғаллакор фермер эса, жами 17 миллион сўмга пилла сотиб олиб, қарзини бажарди. Пилланинг килосини 22 мингдан 25 минг сўмгача сотиб олишди”,- деди Озодлик илтимосига кўра, вазиятни ўрганган жарқўрғонлик исми очиқланмаслик шарти билан.

Озодлик суҳбатлашган жарқўрғонлик боғбон буни тасдиқлади, бироқ боғини тортиб олишларидан қўрқишини айтиб, тафсилотларга тўхталмади.

“Ховосда ҳам шу аҳвол”

Сирдарё вилояти Ховос туманида пилла режасини бажармаган фермерлар пилланинг бир килоси учун 20 минг сўмдан зиёд пул беришга мажбур бўлишган.

Фермерларга кўра, улар пилла режасини пул билан тўлдирмоқда
Фермерларга кўра, улар пилла режасини пул билан тўлдирмоқда

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ховослик йигитга кўра, фермер ўртоғи пилла режасини бажариш учун 1 миллион 500 минг сўм тўлашга мажбур бўлган:

“Бошида фермерларни ипак қурти боқишга мажбурлашди. Ўртоғимга 40 гектар ерига 1,5 қути ипак қурти берилди. План 70 кило пилла. Бироқ ўртоғим боқишга имкони йўқлиги учун ипак қуртини боқмади, лекин планни бажарди. Ховосда ўзи деярли кўпчилик пилла боқмади. Ҳамма пиллани сотиб олиб, план бажарди. Ўртоғим ҳам планни бажариш учун 1 миллион 500 минг сўм пул берди”.

“1 кило пиллани 25 мингдан сотиб олдим”

Наманган вилояти Поп туманидан Озодликка боғланиб, аноним қолиш истагини билдирган фермер йигит ҳам пилла режасини бажариш учун пул берганини яширмади:

“15 апрелда қурт боқиш бошланди. Фермернинг ерига қараб ипак қурти беришди. Менга еримнинг 5 гектарига 1 қутидан берди. Лекин бу ҳам таниш-билишчилик билан қилинди. Кимдир ери кўп бўлса ҳам кам қурт олди. Мен кластерда ишлаганим учун вақтим йўқ қурт боқишга, шунинг учун маҳалламизда одам ёллаб, пилла боқтирдим. Ҳар бир қути учун 300 минг сўмдан 700 минг сўмгача пул бердим. Бу нарх ёлланма боқувчи билан келишишимизга қараб ҳар хил бўлди. 20 майда пилла териш бошланди. Бу йил қуртлар касал бўлгани учун ҳосил кам бўлди. Режани бажара олмадим. Лекин режага етмаган пилланинг килосини 25 мингдан тўлаб, сотиб олишга мажбур бўлдим. Мен пилладан фойда эмас, фақат зарар қилдим”.

Расмийлар тасдиғи

Поп туман ҳокимлиги сайтидаги пиллага оид хабарда “Поп тумани пиллакорлари юқори сифатли ҳосил олишга эришгани” ёзилган.

Хабарда айтилишича, пилла ҳосилини топшириш тадбирида қўй сўйиб, “Яратгандан барака сўраб, дуо қилинган”.

Пилла ҳосили мўл бўлишини тилаб, дуо қилаётган попликлар. (Поп туман ҳокимлиги сурати)
Пилла ҳосили мўл бўлишини тилаб, дуо қилаётган попликлар. (Поп туман ҳокимлиги сурати)

Озодлик Сурхондарё, Сирдарё ва Намангандаги “Агропилла” МЧЖлар масъуллари билан боғланди.

Сурхондарё ва Сирдарёдаги “Агропилла” масъуллари пиллакорлардан пул олинаётганини яширишга уринди. Бироқ Намангандаги “Агропилла” масъули буни қисман тасдиқлади:

“Мен сизга расман пилла қоғозда бажариляпти, деган гапни ҳеч қачон айтмайман. Буни бундай изоҳлаш нотўғри. “Агропилла” ширкатлари қилган харажатини қандай қоплайди? Буниси ҳеч кимни ўйлантирмайди. Фермерлар турли баҳона билан пилла режасини бажармайди. Кейин “режани бажар” десанг, додлаб, турли жойларга ёзиб юради”.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг Озодлик 7 июнь куни боғланган мулозими пилла режасини бажара олмаган фермерлардан пул олиниш ҳолатларини инкор қилмади:

“Озодлик ҳар йили шу мавзуни ёзиб, чарчамадингларми? Ҳеч қаерда қонунга зид ҳолатни топа олмайсиз барибир. Фермер пул эмас, пилла берсин! Ҳеч ким улардан режадан ортиқ пилла учун пул сўрамайди. Улардан фақат режани бажариш талаб қилиняпти”.

Пилла етиштиришни ошириш режаси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пиллачилик соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” ассоциацияси ташкил этиш ҳақида 2017 йилнинг 29 мартида қарор қабул қилган эди.

Ушбу қарорга кўра, 2021 йилгача Ўзбекистонда пилла етиштириш ҳажмини 50 фоизга кўпайтириш ҳақидаги режаланганди.

2020 йилдан бошлаб тўрт мавсумда ипак қурти боқиш жорий қилиниб, жами 21 минг тонна пилла топшириш режаланган.

Ўтган йили қабул қилинган “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига кўра, пиллачилик ва тутчилик ташкилотларининг харажатларини бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши лозим.

Қонунга кўра, 2023 йил 1 январгача уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар даромад солиғи тўлашдан озод этилди.

Расмий маълумотга кўра, дунё бўйича Ўзбекистон ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин 3-ўринни эгаллайди, аҳоли жон бошига пилла ишлаб чиқариш бўйича эса дунёда 1-ўринда.

XS
SM
MD
LG