Вазирлар Маҳкамаси ва президент Халқ қабулхонаси олдида икки кундан бери йиғилаётган камида 60 киши ўзлари қатнашаётган издиҳомни "норозилик намойиши" деб атамоқда.
Норозилардан айримлари Озодлик билан суҳбатда 4 март куни Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида бошланган намойишда Жиззах, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида яшовчилар қатнашаётганини айтишди.
Уларга кўра, акцияда асосан аёллар иштирок этмоқда. 4 март кунги намойишда иштирок этган камида 15 эркакни ички ишлар ходимлари ўша куни эрталаб автобусга босиб, бўлимлардан бирига олиб кетган ва кечқурун қўйиб юборган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бу хабарни қисман тасдиқлади.
Озодликка юборилган видео
Вазирлар Маҳкамаси олдида 4 март кунги тинч намойишда қатнашганлардан бири Озодликка юборган видеода ўнлаб одам қабулга киришни талаб қилаётгани, аммо уларни Миллий гвардия ходимлари ичкарига киритмаётганини кўриш мумкин.
Видеодаги аёллар “Биз 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами арафсида қабулга келдик. Нахотки, ҳеч бўлмаганда байрам ҳурмати учун бизларни қабул қилишмаса?!” деб савол қўядилар Миллий гвардия ходимларига.
Аммо Миллий гвардия зобити аёлларнинг бу саволига жавоб бермайди.
Норозилардан бири томонидан Озодликка тақдим этилган видео.
Намойишчилар турли вилоятлардан келганлардир
4 мартдан бери Вазирлар Маҳкамаси ва президент Халқ қабулхонасига қабулга кира олмай юрганлар орасида бўлган қашқадарёлик Хафиза Рўзимуродованинг айтишича, намойишчилар турли вилоятлардан келганлардир:
- Масалан, мен беш йилдан бери қабулга келаман. Орамизда ўн йилдан бери қабулга келиб, муаммосини ҳал қила олмай юрган одамлар бор. Шунинг учун ҳаммамиз таниш-билиш бўлиб кетганмиз. Телефон орқали, ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро келишиб, 4 март куни Тошкентга келдик. Ҳаммамизнинг масаламиз ҳар ҳил. Лекин муштараклигимиз ўша муаммоларимизнинг ҳал қилинмаётганида. Шунинг учун тинч намойиш ўтказиб, бизни шахсан президент администрациясининг ҳуқуқ-тартибот органларини назорат қилувчи департаменти раҳбари Улуғбек Тошхўжаев қабул қилишини талаб қилаяпмиз.
Суҳбатдошга кўра, намойишга йиғилганлардан айримлари аввалги ойларда ёки йилларда қабулга киришга муваффақ бўлганлардир. Лекин уларни "президент администрациясининг ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган ходимлари қабул қилишган ва аризани қабул қилиш билан чекланиб, ҳеч қандай муаммони ҳал қилган эмас".
"Шунинг учун Улуғбек Тошхўжаевнинг шахсан ўзи қабул қилишини ва масаламизни шу ернинг ўзида ҳал қилиб беришини талаб этамиз", -- деди суҳбатдош.
Хафиза Рўзимуродова Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан 2015 йилда уйи бузилгани, лекин унга бошқа уй тақдим қилинмаганидан шикоят қилди. Унга кўра, янги уйни унга "Пудина Қувончбек" МЧЖси қуриб бериши лозим эди. У уч фарзанди билан 5 йилдан бери қариндош-уруғларининг уйида сарсон бўлиб юрибди.
"Охир-оқибат соғлиғимни йўқотиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим", деди суҳбатдош.
Вазирлар Маҳкамаси олдига йиғилган бошқа аёллар ҳам шу каби муаммолари бир неча йиллардан бери ҳал қилинмасдан келинаётганидан нолимоқда.
"Миллий гвардия бизни тарқатмоқчи бўлди"
Қабулга киролмай юрганлар орасида бўлган тошкентлик Холиса Бойхонова 4 март куни бошланган тинч намойишни тарқатиш учун Миллий гвардиянинг камида 150 нафар ходими жалб қилинганини айтди:
- Бизни қўрқитиб, тарқатишга ҳаракат қилишди. Орамизда 15-20 нафар эркак ҳам бор эди. Уларни Миллий гвардия ходимлари автобусларга босиб, шу атрофдаги 5-сонли милиция бўлимига олиб кетишди. Уларнинг орасида бир ногирон эркак ҳам бор эди. Бу бўлим қайси туманга қарашли эканини билмайман. Аввалги йиллари қабулга келганимизда ичкарига киритмаганлари учун норозилик билдирганимизда бизларни Юнусобод ёки Яккасарой туман ички ишлар бўлимларига олиб кетишарди.
"Ички ишлар бўлимида бизни калтаклашди"
Норозилар орасида бўлган жиззахлик эркаклардан бири исмини айтмаслигимиз шарти билан ички ишлар бўлимида бўлган воқеани айтиб берди. У бўлимда калтакланганини иддао қилди.
- Бизни автобусларга босиб олиб кетишди ва ҳатто қайси туманга қарашли бўлимга олиб келишганини ҳам айтишмади. 5-бўлим дейишди, холос. У ерда бизни кеч соат 7 гача ушлаб ўтиришди. Айримларимизни “Сенми намойишга чиқадиган”, деб калтаклашди ҳам. Хуллас, биз қўрқиб қолдик. Шунинг учун намойишга ҳам қатнашмаяпмиз. Лекин аёлларни бўлимга олиб келишмади. Уларни қўлга олишдан ҳайиқишди, шекилли.
Озодлик исмини сир тутган бу одамнинг ички ишлар бўлимида калтаклангани тўғрисидаги иддаосини исботловчи ҳеч қандай далил-исбот ёки ҳужжатга эга эмас.
Тошкент ИИББ бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Озодлик боғланган ходимларидан бири бу маълумотни қисман тасдиқлади, бироқ воқеа тафсилотларини очиқлашни истамади.
“Улар ўша куниёқ қўйиб юборилган”, дейиш билан чекланди ички ишлар ходими.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг матбуот маркази эса телефон қўнғироқларига жавоб бермади. Вазирлар Маҳкамаси ва президент Халқ қабулхонаси билан боғланиш ва маълумот олишнинг имкони бўлмади.
Озодликка маълум шунга ўхшаш бошқа воқеа
Бу Вазирлар Маҳкамаси ва президент халқ қабулхонасига кира олмаётган одамлар ўтказаётган биринчи намойиш эмас.
Масалан, 2016 йилда қўқонлик 73 ёшли Раҳбархон Одилова ва унинг оила аъзолари ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳаракатсизлигидан норозилик билдириб, президент резиденцияси олдида қатор пикетларни ўтказган эди.
Раҳбархон Одилова ўз оиласи ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши учун 2014 - 2015 йилларда президент саройи ва Олий Мажлис бинолари олдида ҳам пикетларни ўткизган. Уни ҳар сафар ички ишлар ходимлари ҳибсга олишган ва бир неча ўн соатлардан сўнг қўйиб юборишган.
Жорий йилнинг 17 февраль куни эса ўнлаб одам Тошкентдаги Мустақиллик майдонига йиғилиб, давлатдан лицензия олган “Human” хусусий бандлик агентлигининг ўзларига етказган зарарини тўлаб беришни талаб қилганлар. Даставвал норозилар билан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, кейинроқ эса бош вазир Абдулла Арипов учрашган.
Учрашув чоғида бош вазир президент топшириғи билан “Human” хусусий бандлик агентлигидан зарар кўрган 1086 нафар фуқарога маблағлари тўлаб берилишини маълум қилган.