Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:36

Бош прокуратура Рашитжон Қодиров иши доирасида 24 шахсга айблов эълон қилинганини билдирди


Ўзбекистоннинг 15 йиллик Бош прокурори Рашитжон Қодиров ҳозирда оғир жиноятларда айбланмоқда.
Ўзбекистоннинг 15 йиллик Бош прокурори Рашитжон Қодиров ҳозирда оғир жиноятларда айбланмоқда.

5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот брифинги ўтказилди.

Бу ҳақда хабар берган маҳаллий нашрларга кўра¸ брифинг мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси мавзусида бўлган.

Кун.уз нашрининг хабар қилишича¸ савол-жавоб тарзида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров иши бўйича бораëтган тергов жараëнига оид айрим тафсилотлар очиқланган.

Расмий баëнотга кўра¸ Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган.

Кун.уз Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўроловнинг қуйидаги баëнотини иқтибос келтирди.

«Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган Рашиджон Қодировга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида собиқ бош прокурор томонидан пора эвазига лавозимга тайинлаш, пора олиш ва бошқа жиноят аломатлари аниқланган. Ҳозирда 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Шулардан 21 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Тергов якунлари бўйича албатта ОАВга албатта маълумот берилади.»

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан жиноий иш очилиб¸ унинг 2018 йил 22 февраль куни ҳибсга олингани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик радиоси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура мулозимларига таяниб туриб хабар қилган эди.

23 февраль куни бу хабарни инкор этишга уринган Бош прокуратура 24 февраль куни Қодировнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган эди.

Шунингдек Озодлик 20 март куни Қодиров иши доирасида бир куннинг ўзида 25 шахснинг қўлга олингани¸ сўроқдан сўнг улар айримларининг тилхат билан чиқарилгани¸ аксариятининг эса¸ ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Бош прокуратура расмийсининг 5 июнь кунги баëноти бу ҳибсга олишлар ҳақидаги Озодлик хабарини тасдиқлади.

5 июнь кунги брифингда прокуратура вакиллари Қодиров иши доирасида айблов эълон қилинган ва ҳибсга олинган шахслар номини эълон қилмади.

Озодликнинг Қодиров иши тафсилотларидан хабардор манбалари¸ собиқ Бош прокурорнинг ҳибсхонада юқори даражали ҳукумат амалдорлари¸ қолаверса хорижга қочиб кетган ўз ўғли Алишер Қодировга қарши кўрсатма бераëтганини билдирган.

Ҳуқуқ тизимларидаги бу мулозимлар¸ Қодиров қон босимининг ошиши ортидан бундан уч ҳафтача олдин Сангородга ўтказилганини ҳам маълум қилди.

22 февралда ҳибсга олинган Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

66 яшар Рашитжон Қодиров 2000 йилдан бошлаб 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори вазифасида ишлаган.

Унинг ўғли Алишербек Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган.

39 яшар Алишербек Қодировга нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддасида (“Фирибгарлик”) кўзда тутилган жиноятларда гумонланмоқда.

Ота ва ўғилга қарши олиб борилаётган тергов амалиёти давомида ҳозирга қадар улардан жабр кўрганлардан умумий қиймати ярим миллиард АҚШ долларига тенг даъво аризалари олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида ишлайдиган ва исми айтилишини истамаган ходимга кўра, мазкур жиноят иши доирасида “ўнлаб собиқ ва амалдаги мулозимлар сўроқ қилинмоқда".

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олиб келгани учун қамалганини таъкидлаганди.

“Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада. Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз”, деб иқтибос келтирди президент сўзларидан "Кун уз" нашри.

19 май куни Андижон вилоятининг Улуғнор туманида вилоят фаоллари билан учрашувида эса Шавкат Мирзиёев собиқ прокурорни "икки-уч ой ичида" телевидени орқали гапиртиришини айтди.

- Собиқ бош прокурор бутун жамоаси билан қамоқда. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Қодиров ким ўзи? Қип қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради, - деган эди 19 май кунги чиқишида президент Шавкат Мирзиёев.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG