Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги хорижликларни миграция қайдига олиш тартибига янгилик киритувчи қонунни имзолади.
2018 йилнинг 27 июнь куни Владимир Путин имзолаган ва ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинган 163-ФЗ қонунида “хориж гражданининг Россия Федерациясидаги яшаш жойи” ва “хориж гражданининг Россия Федерациясида қабул қилувчи томон” тушунчаларига янгича талқин берилди.
Янги қонунга кўра¸ меҳнат муҳожири бундан кейин иш берувчи адреси билан регистрациядан ўта олмайди.
Эндиликда фақат меҳмонхонаси ёки хусусий ётоқхонаси бўлган корхоналаргина ишга ёлланаётган муҳожирларни расмий қайдга олиши мумкин.
Бундан буён Россияга келган меҳнат муҳожири жисмоний шахсларникида қайдга туриши шарт.
Қонун ташаббускорлари бу ўзгартишлардан мақсад Россия ҳудудига кирганидан сўнг ҳеч қаерда қайдда турмаган муҳожир учун маъсул жисмоний ëки юридик шахсни аниқлаш эканини таъкидламоқда.
163-ФЗ қонуни жорий йилнинг 9 июлдан кучга киради.
Мутахассислар бу қонун мигрантларнинг регистрация қайдига тура олишни мураккаблаштириши, қалбаки ҳужжат сотувчилар сонини кўпайтириши ва натижада минглаб ва минглаб муҳожирларнинг нолегал ҳолатга ўтишидан огоҳлантирмоқда.
Озодликка маълум бўлишича, Москва вилоятининг “Гринвуд” ва Москва шаҳрининг “Сахарово” марказида ишга рухсатномани олиш учун аллақачон янги тартиб асосида ўз регистрация қоғозлари билан келиш талаби қўйилмоқда. Ваҳоланки бунгача муҳожирлар биринчи ойда шу марказнинг ўзида қайдга олиб келинган.
Мигрантлар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда янги қонун марказий осиëлик муҳожирлар ҳаëтини янада мураккаблаштиришини айтади.
- Миграция қайди тўғрисидаги қонунга киритилган янги таҳрирлар – бу катта кулфат! Чунки у ерда қонун чиқарувчилар миграцияга қайд этиш жойини амалда яшаш жойи билан бирлаштириб юборди. Яъни, эндиликда мигрант иш жойида ва таниш-билишлариникида қайдда тура олмайди. У фақат реал яшаётган жойидагина қайдга туриши мумкин! Бу қонунга мувофиқ одамлар қаерга қайдга туришлари кераклиги аниқ кўрсатилмаган. Улар мустақил равишда миграция хизматига мурожаат қила олмайдилар ҳам! Бундан чиқди, муҳожир ўзини регистрация қилаëтган россияликка тобеликка ўтади. Энди улар қайдга турмасдан, нолегал ҳолатга ўта бошлайди. Сахарово марказида аллақачон миграция қайдисиз патент бермасликларини эълон қилишди, деди Валентина Чупик.
Мутахассисга кўра¸бу қонун кучга кирганидан сўнг легал тарзда расмий қайдга тура олмаган муҳожирлар ишга рухсатнома – патент олишдан мосуво қолади.
- Чунки патент расмийлаштириш учун миграция қайди зарур. Бундан чиқди, Россия бюджетига хорижликдан солиқлар келиб тушмайди, ойлик патент тушумлари тўхтайди. Иш берувчилар бирор муҳожирга патент расмийлаштирган тақдирда ҳам қайд муҳлати тугаганидан кейин у ишчисининг қайдини чўздира олмайди, чунки қайдга олиш учун ҳар кимда ҳам шахсий ётоқхоналари бор эмас. Нолегаллар сони кўпаяди. Аммо бу “мигрантлар сони камаяди”, дегани эмас! Эндиликда болалар ва нафақахўрларга кетиши керак бўлган муҳожирнинг солиқлари порахўр-полициячилар қўлига туша бошлайди, деди Валентина Чупик.
Ҳуқуқ фаоли жорий қилинган қоидалар пул эвазига қалбаки “регистрация” қилаётган россияликлар сони ҳам кўпайиши, бундан чиқди “резина квартиралар” учун жиноий жавобгарликка тортилганлар сони ҳам кўпайишини башорат қилади.
- 2009 йилда ФМСнинг ички буйруғида мигрантларни фақат яшаш жойига қайдга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Иш берувчилардан ётоқхона, меҳмонхоналар билан шартнома тузиш талаб қилинган. Ана ўшанда Қозон вокзалида қалбаки ҳужжатлар бозори “гуллаб-яшнаганди”! Ҳукумат бу қарори билан яна ўша даврларни қайтармоқда. Қалбаки ҳужжатларни кўтариб юрган ишчиларимиз полициянинг ўлжасига айланади. Бу қарорда заррача давлат манфаати ётгани йўқ, дейди ҳуқуқ фаоли.
Расмий маълумотга кўра¸ 2017 йилда меҳнат муҳожирлари Россия бюджетига 161 миллиард рубль миқдорида солиқ тўлаган. Бундан 47 миллиарди Москва шаҳар бюджетига меҳнат мигрантлари тўланган солиқлардир.