Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Россияда намойиш иштирокчилари кузатув камералари орқали аниқланмоқда


Полиция махсус кучлари Москва кўчаларини намойишчилардан қўриқламоқда - Москва, 7 февраль, 2021
Полиция махсус кучлари Москва кўчаларини намойишчилардан қўриқламоқда - Москва, 7 февраль, 2021

Москванинг Сахаров туманидаги махсус ҳибсхонада қамоқ муддатини ўтаётганларнинг ҳаммаси ҳам 23 ва 31 январь кунлари ушлаб келтирилган намойишчилар эмас.

Улар орасида кейинроқ қўлга олинганлари ҳам бўлиши мумкин. Чунки ҳукумат намойиш иштирокчиларини юзидан таниб олиш тизимли кузатув камералари орқали қидириб топмоқда. Улар судга келтирилиб, қамоқ жазоларига маҳкум этилмоқда.

“Турникетлардан ўтиб, эскалатордан пастга тушаётган эдим. Пастда 5-6 нафар полициячи турган экан, ҳибсга олиндинглар, дейишди. “Нима гап ўзи?” деб сўрадим. “Жиноий қидирувдамисизлар, йўқми, шуни текширамиз”, деб жавоб беришди, — дейди касби тасвирчи бўлган Георгий Малец, 31 январь куни қандай ҳибсга олинганини эсларкан.

Унинг сўзларига кўра, юзини камералар қайдларида кўриб қолишиб, намойиш иштирокчиси дея шубҳаланишган. “Уларга журналистман, дедим, таҳририят топшириғини кўрсатдим. “Аниқлаймиз”, дейишди”, — сўзида давом этади Малец.

Георгийни Тверь тумани полиция маҳкамасига келтиришади. У маҳкамада Пушкин метро бекати киришида қўлга олинганларни кўрганини айтади. Ҳолбуки, ўша куни майдонда намойиш бўлмаганди.

“Суҳбатларига қулоқ соларканман, улардан беш нафарини камералар орқали таъқиб қилиб, ушлашганидан воқиф бўлдим. Баъзилари 23 январдаги митингда қатнашган, баъзилари эса шунчаки, ўша атрофдан ўтган чоғида камерага тушиб қолган, холос”, — дейди тасвирчи.

Бугунги кунда Москва марказидаги деярли барча чорраҳаларда видеокузатув камералари мавжуд. Норозилик чиқишлари арафасида камералар сони янада кўпайтирилади.

Алексей Навальний ҳимояси учун иккинчи марта норозилик намойишлари ўтказилган 31 январь куни кучишлатар тизим ходимлари бутун Москва бўйлаб одамларни “овлашди”. Чунончи, “Москва иши”нинг собиқ фигуранти Сергей Абаничев “Тимирязевская” метро бекатида қўлга олингани ҳақида гапириб берди. Сиёсатшунос Екатерина Шульманнинг турмуш ўртоғини ҳам метрода, “Бауманской” бекатида, пировардида 10 суткага қамалган журналист Камил Галеевни эса ўз уйи яқинида ҳибсга олишган.

“Уни кўчадаги кузатув камералари қайдлари асосида, митинг иштирокчиси деб қўлга олишди. Камералар сифатли тасвирга олади. Кўча суратларини маълумотлар базаси билан солиштириб, ўша жойда бўлган аниқ бир одамни топиш ва уни қатағон қилиш қулай. Ҳа, бу ишлар қатағондан бошқа нарса эмас”, — дейди Галеевнинг адвокати Михаил Бирюков.

Ўтган йилнинг март ойида Москва маъмурияти шаҳар бўйича жами 178 мингта, яъни ҳар квадрат километрга қарийб 70 тадан ташқи кузатув камералари ўрнатилганини очиқлаган эди. Адвокатга кўра, силовиклар ижтимоий тармоқларга юкланган фото ва видео тасвирларни ҳам юздан таниб олиш тизими маълумотлар базасига киритишиб, митингчилар шахсини аниқлашда улардан фойдаланишмоқда.

“Алоқа рақами орқали фойдаланувчи тўғрисидаги барча маълумотлар, ҳатто махфий ва архив маълумотлари ҳам силовикларга тақдим қилинади. Айниқса “Вконтакте” фойдаланувчисини улар худди ўз кафтларида тургандек яққол кўриб турадилар”, — тушунтиради Бирюков.

Бир пайтлар айнан “Вконтакте” тармоғидаги аватаркаларни анализ қилиш асосида Россияда илк юздан таниб олиш тизими — FindFace яратилган эди. NtechLab ширкати ишлаб чиққан мазкур илова алгоритми дунёда энг яхшиси ҳисобланган. 2018 йилда оддий фойдаланувчилар иловани қўллашдан маҳрум этилиб, ширкат уни фақат давлат органлари ва бизнес субъектларига таклиф қила бошлаган. NtechLab бош директори Александр Минин 2019 йил сентябрда берган интервьюсида ширкат Москва шаҳри ахборот технологиялари департаменти билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошираётганини, шунингдек, ҳудудларда ҳам фаолият олиб бораётганини очиқлаган эди.

2019 йилда силовиклар “Москва иши” фигурантларини юздан таниб олиш тизими ёрдамида топишган. Хусусан, Сергей Абаничевнинг намойиш чоғида Росгвардия аскарига қоғоз стакан отгани шу тарзда аниқланганди.

“Сўнгги митингларнинг исталган иштирокчисини камералар орқали аниқлаш ва маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин, — таъкидлайди Бирюков. — Ҳозир шунақа замонки, ҳар бир қадамимиз нафақат ижтимоий тармоқларда, балки махсус хизматларнинг архивларида ҳам “из” қолдиряпти. Ва бу архивлар зарурат туғилганда “кўтарилиб”, маълумотлар сизни жиноий жазога тортиш учун қўлланилади. Биз яшаётган реаллик мана шунақа”.

XS
SM
MD
LG