Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:15

Россияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда


Ҳарбий денгизчилар ўқув юрти курсанти сайловда овоз бермоқда.
Ҳарбий денгизчилар ўқув юрти курсанти сайловда овоз бермоқда.

17 сентябрь куни Россия бўйлаб уч кунга чўзиладиган парламент сайловлари бошланди. Сайлов 19 сентябрь куни кечқурун якунланиши ва унинг дастлабки натижалари эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайловларда ҳукмрон «Единая Россия» партиясининг қўли баланд келиши кутилмоқда, чунки сайлов арафасида мухолифатни бостириб, қарийб барча мухолифат номзодини сайловдан четлатилди.

Овоз бериш 17 сентябрь куни эрталаб Узоқ Шарқдаги Камчатка ярим оролида бошланди. Орадан 9 соат ўтиб, Болтиқ денгизи бўйидаги Калининград анклавида сўнгги сайлов участкалари очилди. Россия ҳудуди 11 вақт зонасини қамраб олган.

Номзодлар Давлат думаси, яъни парламентнинг қуйи палатасидаги 450 ўрин учун беллашади. Парламент сайловлари билан қаторда ўнлаб минтақада маҳаллий сайловлар, шу жумладан, минтақавий ассамблеялар ва губернаторлик сайловлари ўтказилмоқда.

Сайловнинг дастлабки натижалари 19 сентябрь куни сайлов участкалари ёпилганидан кўп ўтмай эълон қилиниши кутилмоқда.

Овоз бериш бошланар экан, мухолифатчи Алексей Навальнийнинг «Умное голосование» иловаси Apple ва Google Интернет-дўконларидан ғойиб бўлди.

Навальний жамоаси илова ёрдамида «Единая Россия» партиясининг Кремль қўлловидаги номзодларидан бошқа номзодларни илгари суриб келаётган эди.

Айни дамда мамлакатда мухолифат ва мустақил оммавий ахборот воситаларига мисли кўрилмаган тазйиқ ўтказилмоқда.

17 сентябрь куни Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш Twitterда илова онлайн дўконлардан ғойиб бўлгани ҳақида шундай ёзди:

«Бу, албатта, учига чиққан цензура. Ҳалол одамлар ва коррупцион тузум ўртасидаги зиддият пайтида бу компаниялар иккинчи томон ёнини олгани ачинарли ҳолат».

Apple ва Google ширкатлари бу ҳолат ҳақида ҳали изоҳ бергани йўқ.

Навальнийнинг яна бир яқин ҳамкори Иван Жданов дастурни ўз қурилмасига юклашга улгурган сайловчиларни тизим томонидан тавсия этилган номзодлар ҳақида бошқаларга маълумот беришга чақирди.

Сайлов расмийлари COVID-19 пандемияси туфайли оломон тўпланиши олдини олиш учун сайловни уч кунга чўзишга қарор қилинганини маълум қилишган.

Мухолифат фаоллари ва баъзи либерал қонунчиларнинг айтишича, бу ҳаракат аслида Кремлнинг «Единая Россия» партияси ғалаба қозонишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Ижтимоий тармоқларда улашилган хабарларда баъзи сайлов участкаларида турнақатор навбатлар юзага келгани эътироф этилди. Ҳукуматга яқин манбалардан бири «Медуза» мустақил ахборот агентлигига берган интервьюсида кўплаб давлат хизматчисига эрта овоз бериш буюрилганини айтган.
Айримлар айни сайловчи бирдан ошиқ овоз бергани акс этгани иддао қилинаётган видеоларни улашди.

Марказий сайлов комиссияси сайловни уч кунга чўзишдан бошқа ўзгартиришларни ҳам жорий қилди. Хусусан, халқаро кузатувчилар сони кескин чекланди, сайлов участкаларини жонли эфирга узатишни чекланди, баъзи ҳудудларда сайловчиларни электрон овоз беришга чорлаб, босим ўтказилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) август ойида Россия ҳукумати томонидан киритилган «кенг қамровли чекловлар» туфайли қарийб ўттиз йил ичида биринчи маротаба кузатувчи юбормаслигини билдирганди.
Сайловларни кузатувчи мустақил «Голос» гуруҳи овоз бериш пайтида «катта фирибгарлик ва сохталаштириш» содир бўлиши кутилаётганини билдирди.

Сайловлар арафасида мустақил «Левада» маркази томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатадики, россияликларнинг кўпчилиги Думанинг ишидан қониқмаяпти.

Сўровлар россияликларнинг «Единая Россия» партияси фаолиятидан янада кўпроқ норози эканини кўрсатди. Партия фақат отига мустақил бўлиб, аслида Кремль ва кучли президент маъмурияти чизиғидан чиқмайди.

«Ягона Россия» депутатлари Думада кўпчиликни ташкил қилади, лекин ҳозирги кунда партиянинг рейтинги қарийб йигирма йил ичидаги энг паст даражага тушиб қолган. Бунинг асосий сабабчиси партия «таниш-билишчилик ва коррупция воситасига» айлангани ҳақидаги қарашлар кенг тарқалганидир.

Ҳатто ВЦИОМ давлат тадқиқот маркази ҳам «Ягона Россия» партияси рейтинги 29 фоиз атрофида эканини аниқлади.

Аммо партияга аъзо бўлмаган Путин рейтинги юқори бўлиб қолмоқда. Бунга қарамасдан, президентнинг рейтинги сўнгги йилларда сезиларли даражада пасайди. Бунга қисман 2018 йилда амалга оширилган пенсия ислоҳотлари ва ҳукумат ходимлари орасида коррупция кенг тарқалгани ҳақидаги қарашлар сабаб бўлди.

Ғарбнинг иқтисодий санкциялари, оширилган солиқлар, инфляция ва пандемия туфайли мамлакат иқтисодиёти оқсамоқда. Аҳолининг кўплаб қатлами учун иш ҳақи ошмай қўйган.

«Ягона Россия» рейтинги тушиб кетгани Кремлнинг ички маслаҳатчилари учун қийинчилик туғдирмоқда. Уларнинг баъзилари партия ҳукмронликни қўлдан бой бериши ёки сайловчиларнинг бефарқлиги туфайли қонуний инқирозга учрашидан хавотирда.

«Сайлов жамоатчиликка эмас, балки Россия тузумига керак,- деб ёзди Москва Карнеги маркази таҳлилчиси Андрей Колесников Интернетда эълон қилинган мақоласида. - Улар тузумнинг қонунийлиги ва легитимлигини тасдиқлаш учун хизмат қилади».

Айни дамда яна учта партия Думада ўринларга эга. Шунингдек, иккита ҳеч кимга маълум бўлмаган партия депутати ҳам бори. Улар орасида Коммунистик партия энг қудратлиси бўлиб, кекса ёшдаги россияликлар орасида унинг издошлари кўп. Қолган иккитаси – Владимир Жириновский бошчилигидаги миллатчи «Россия либерал-демократик партияси» ҳамда бу йил бошқа номаълум партия билан бирлашган «Справедливая Россия» партияси.

Учала партия ҳам қоғозда «Ягона Россия» партиясига мухолиф, лекин аслида бу партиялар аъзолари камдан-кам ҳолларда кўпчилик қўллаган ёки Кремль томонидан очиқ лобби қилинган ташаббусларига қарши овоз беришади.

Ҳукмронликни қўлдан бой бериш «Единая Россия» учун конституцияга ўзгартириш киритиш каби йирик қонунлар лойиҳаларни тезда маъқуллашни мушкуллаштириши мумкин. Бу, ўз навбатида, Путиннинг амалдаги муддати тугаши режалаштирилган 2024 йилги президентлик сайловларига тайёргарликни қийинлаштириши мумкин.

Ўтган йили Дума конституцияга ўзгартириш киритиб, Путин 2024 йилдан кейин ҳам ҳокимиятда қолишига йўл очди.

Путин буни хоҳлаши ёки йўқлигини айтгани йўқ.
Бунга қарамай, Думадаги 450 ўриннинг ярми партиялар рўйхати бўйича тақсимланади. Бу эса «Ягона Россия» партиясига катта устунлик беради.

«Кремль ўзи хоҳлаганига эришади: Дума ўтиш эмас, балки 2024 йилда қайта тикланиш босқичига кираётган сиёсий тизимни қўллаб-қувватлаш институти бўлиб қолади», - деб ёзди Колесников.

Навальний «Умное голосование» иловаси ёрдамида «Ягона Россия» ҳукмронлигини емиришга уриниб келади. Бу ташаббус сайловчиларга «Ягона Россия» номзодларини мағлуб этиш эҳтимоли юқори бўлган номзодларни аниқлаб, уларни қўллашга ёрдам беради.

Навальний январь ойидан бери қамоқда. Мухолифатчи Германиядан қайтганидан кейин, ҳибсга олинган.

Кейинчалик унинг жамғармаси ва сиёсий тармоғи «экстремистик ташкилот» деб топилди. Бу эса сиёсатчининг иттифоқчилари сайловларда иштирок этишига тўсқинлик қилди.

Сайлов олдидан Навальний россияликларни бефарқликка йўл қўймасликка ва Кремль тарафдорларига қарши овоз беришга чақирди.

«Агар «Единая Россия» партияси муваффақият қозонса, мамлакатимиз яна беш йиллик қашшоқлик, беш йиллик кундалик қатағон ва бешта беҳуда сарфланган йилга дуч келади», -дейилади Навальнийнинг Instagram саҳифасида ёзилган постда.

Россияликларнинг, шунингдек, коронавирус билан боғлиқ чекловлар ҳамда бир-бирига зид кўрсатмалар туфайли хуноби ошмоқда. Мамлакат инфекция ва ўлимларнинг учинчи тўлқинини бошидан кечирмоқда. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда 1,6 миллионга яқин коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилди, вирус туфайли 28 100 га яқин одам нобуд бўлди. Инфекциялар ва ўлимлар сони аслида кўпроқ эканига ишонилади.

Россияда ўтган ёзда дунёдаги биринчи COVID-19 вакцинаси бўлмиш «Спутник V» маъқуллаганига қарамай, мамлакатнинг эмлаш лойиҳаси секин силжимоқда.

Шу билан бирга, сўнгги ойларда ҳукумат «чет эл агенти» деб нишонга олган кўплаб мустақил оммавий ахборот воситалари ёпилди ёки таъқиб қилинди, бу эса давлат оммавий ахборот воситаларининг ахборотни назорат қилишини осонлаштирди.

Узоқ Шарқдаги Хабаровск вилоятида губернаторлик пойгаси яқиндан кузатилмоқда. У ерда ўтган йили Кремль аҳоли қўлловини қозонган губернатор Сергей Фругални ҳокимиятдан четлатган, натижада маҳаллий турғунлар бир неча ой давомида норозилик намойишига чиққанди.

XS
SM
MD
LG