Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:16

COVID-19: Хитой вакили маҳаллий вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олди


Хитойнинг вакцина ишлаб чиқишга ихтисослашган CanSino Biologics Inc компанияси-17 август, 2020
Хитойнинг вакцина ишлаб чиқишга ихтисослашган CanSino Biologics Inc компанияси-17 август, 2020

Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг директори Гао Фу мамлакатда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олди ва ҳукумат уларни такомиллаштириш учун турли вакциналар имкониятларини уйғунлаштириш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

Хитой вакциналари ҳозирга қадар хориж давлатларига юз миллионлаб дозада тарқатилди. Қолаверса, мамлакатдаги оммавий эмлаш кампаниясида ҳам маҳаллий вакциналардан истифода этилмоқда.

Гао маҳаллий вакциналар самарадорлиги ҳақида Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда, иммунизация стратегиялари хусусидаги чиқишида гапирган.

“Ҳозирги вакциналар беморларни тўлақонли ҳимоя қилмаётганидан хабардормиз. Ушбу масалани ҳал этиш учун эмлаш жараёнида турли хил техник линиялардаги вакциналардан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда”, – деган Хитой касалликларни назорат қилиш идораси раҳбари.

Шунингдек, у mRNA вакцинасини ижобий баҳолаган. “Moderna” ва “Pfizer” вакциналари айнан ушбу технология асосида ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг самарадорлиги анча юқоридир.

Гао анжумандан кейин “Ассошиэйтед Пресс” агентлигига ёзган мактубида фақат Хитой эмас, балки дунёдаги барча вакциналар самарадорлиги ҳақида гапирганини маълум қилган. Шу билан бирга, у айнан қайси вакциналарни назарда тутгани ҳақидаги қўшимча саволга жавоб бермаган.

Мутахассисларга кўра, вакциналарни уйғунлаштириш эмлаш самарадорлигини ошириши мумкин. Британиялик тадқиқотчилар бир беморни бирданига “Pfizer-BioNTech” ва “AstraZeneca” вакциналари ёрдамида эмлашни тажриба қилмоқдалар.

Хитойдаги оммавий эмлаш кампаниясида бешта вакцинадан фойдаланилмоқда. “Sinovac” ва “Sinopharm” ширкатлари уч турдаги инактив вирусли вакцинани ишлаб чиққан. “CanSino” компанияси ва Гао етакчилигидаги олимлар жамоаси ҳам “Anhui Zhifei Longcom” ширкати билан ҳамкорликда вакциналар ҳозирлаган. Ишлаб чиқувчилар сўзларига кўра, ушбу вакциналар самарадорлиги 50-79 фоизни ташкил қилади. Таққослаш учун, “Moderna” ва “Pfizer-BioNTech” вакциналарининг самарадорлиги 95 фоизга яқиндир.

Расмий маълумотларга кўра, 2 апрель ҳолати бўйича Хитойда 34 миллионга яқин одам тўлиқ эмланган, яъни икки доза вакцина олган, 65 миллионга яқин аҳоли эса биринчи дозани қабул қилган.

Глобал миқёсда соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар самарадорлиги 50% дан юқори бўлган вакцина фойдали эканини айтиб келадилар. Кўплаб ҳукуматлар хитой вакциналарини олишга ошиқмоқда. Чунки “Pfizer” ва “Moderna” вакциналарини бой мамлакатлар олдиндан буюртма асосида харид қилмоқда.

Ўтган ҳафта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебреисус бой мамлакатларда ҳар тўрт кишидан бири эмланган бўлса, камбағал ўлкаларда 500 кишидан фақат биттаси эмланганини маълум қилди.

Хитойнинг “Sinovac” хусусий компанияси ва “Sinopharm” давлат фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар Мексика, Туркия, Индонезия, Венгрия, Бразилия ва Туркия сингари ўнлаб мамлакатга тарқатилган. Аммо мазкур ширкатлар ўз вакциналарининг сўнгги босқич клиник синовлари ҳақида нуфузли илмий журналларда маълумот чоп этмагани учун танқидга учради. Турли мамлакатларда ўтказилган синовлар “Sinovac” вакцинаси самарадорлиги 50% дан 83% гача ўзгаришини кўрсатди.

27 март куни Ўзбекистонга Хитойдан 1 миллион доза Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари яратган ва Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

У ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.

Хитой Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилган ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилган.

XS
SM
MD
LG