Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Озодлик Телеграмига сайловга оид бир хил мазмундаги юзлаб хабар келди


Қўнғиротдаги Тиббиёт коллежи талабалари биринчи марта овоз бермоқда. Озодлик Telegram каналига юборилган суратлардан бири.
Қўнғиротдаги Тиббиёт коллежи талабалари биринчи марта овоз бермоқда. Озодлик Telegram каналига юборилган суратлардан бири.

22 декабрь куни Озодлик радиосининг Telegram канали ва радио журналистларининг Telegramдаги шахсий аккаунтлари “портлаб” кетай деди. Тошкент вақти билан эрталаб соат 8 дан, яъни сайлов участкалари очилган дақиқадан бошлаб ўнлаб, кейин эса юзлаб хабарлар Озодликнинг Telegram’ини “забт” эта бошлади.

Ҳар бир хабарга ўнлаб суратлар ва видеолар илова қилинган.

Бу информацияларни жўнатган шахсларнинг бирортаси авваллари Озодлик радиоси билан боғланмаган. Хабарчиларнинг профайлларида уларнинг суратлари йўқ ёки сурат ўрнига табиат манзаралари акс этган расмлар қўйилган.

Маълумотлар Хоразмдан, Намангандан, Чустдан, Тошкентдан, Берунийдан, Навоийдан, Фарғонадан, Нукусдан, Янгийўлдан, Зангиотадан, Элликқаъладан, Тўрткўлдан ва бошқа туман-шаҳарлардан пайдар-пай келиб турди ва бу оқим кун давомида узилмади. Айниқса, тошкентликлар ва қорақалпоғистонликлар Озодликка маълумот жўнатиш бўйича фаол бўлишди. Хабарлар орасида Москвадан келганлари ҳам бор.

Озодлик Telegramига 22 декабрь куни келган барча хабарларнинг мазмуни бир ҳилда бўлди: “Фуқаролар сайловда кўтаринки кайфиятда фаол иштирок этишмоқда, сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда. Чет эл кузатувчилари сайловда иштирок этмоқда. Биринчи марта овоз бераётган ёшлар ўзларини бахтиёр ҳис этишмоқда”, деб ёзишди Озодликка.

Масалан, Қўшқўпир туманидан ёзган Azizbek никли хабарчи: “Таассуротларим аьло даражада. Тўғрисини айтсам бу ердаги ҳолатни синаш учун тушликка яқин пайти келган эдим. Қарасам, жараён кизғин давом этмоқда. Кузатиб туриб жуда хурсанд бўлдим. Шуни каналингизда ёритиб берсангиз, мамлакатимиздаги сайлов жараёнларида яратилаётган шароитлар, ўзгаришларни бутун жаҳон кўришини истардик. Сиздан чин юракдан илтимос қиламан”, деб ёзди.

Зангиота туманидан КЕНГАШ сайловнинг байрамона руҳда ўтаётганини таъкидлаган ҳолда: “Зангиота тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи имконияти чекланган фукароларга худуд раҳбари ва мутасаддалар томонидан байрам муносабати билан озиқ- овқат маҳсулотлари топширилган”и ҳақида билдирди.

Тўрткўл туманидан Икром Саъдуллаев жўнатган маълумотдан эса сайлов куни “Тўрткўл тумани Савдо комплексида Ҳунармандлар маркази очилгани”ни, “Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ўтказилган каратэ ВКФ буйича Осиё чемпионаиида Тўрткўл туманидан Баҳодиров Асилбек фахрли 3 ўринни эгаллагани”ни ва “Xalq uzlari tanlagan nomzodlariga kelajak uchun ovoz bermokda” экани айтилган.

Айрим ёш сайловчилар эса Озодлик радиосига “Мен овоз бердим” хэштеги остидаги видеоларини ҳам йўлладилар. Видео муаллифлари “Янги сайловда янги Ўзбекистон учун овоз берганларидан фахрланишлари”ни тўлқинланиб ҳикоя этдилар.

Хоразмнинг Қўшкўпиридан мана бу хабар келди:

"Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманидаги Чаманзор маҳалласидан ёзмоқдаман. Ёшим етмишдан ошган, ногиронман. 458- сайлов участкасидан келиб, овоз беришимни сўрашди. Ўз уйимда овоз берганимдан, бунинг учун шароит яратиб берганларидан жуда қувондим. Менинг овозим жуда муҳимлигини ҳис қилдим. Сайлов участкаси аъзоларига миннатдорлик билдириб қолдим. Хурсандлигимдан сизларга ёзмоқдаман. Илтимос ушбу тасвирни ёритишга ёрдам берсангизлар, сизлардан ўтиниб сўрайман. Мамлакатимизда инсон қадри қанчалик баланд эканлигини жаҳон аҳли билишини истардим".

Озодлик радиоси ўз Telegram каналидаги мазкур фаоллик сабабларини аниқлаш мақсадида айрим хабарчилар билан боғланишга ҳаракат қилди.

Айтиб ўтиш жоизки, хабарчиларнинг асосий қисми юзлаб одамлар бир-биридан фарқ қилмайдиган даражада мақтов ва “байрамона руҳ” билан суғорилган маълумотларни жўнатаётганига оид Озодлик радиоси берган саволларга жавоб қайтармади.

Жавоб қайтарган бир неча одамнинг жавоби эса бир ҳил бўлди: “Блогерман. Озодлик билан таасуротларимни ўртоқлашмоқчи бўлдим”, деб ёзди Жамшид Тоҳиржонович.

Ўзини блогер сифатида тақдим қилган Зокиржон 4179 никли яна бир хабарчи ўзи каби бир қолипдаги “маълумотларни Озодлик Telegram каналига жўнатган бошқа блогерларни танимаслигини ва фақат ўзини билишини” таъкидлади.

XS
SM
MD
LG