Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

Самарқанднинг қадимий қисмида изнсиз уй қураëтганлардан биттасига ҳоким¸ суд¸ ҳатто Бош вазирнинг кучи етмади (ВИДЕО)


Бош вазир бузишни буюрган 7 қаватлик янги иморат.
Бош вазир бузишни буюрган 7 қаватлик янги иморат.

Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида тикланаëтган 7 қаватли уй қурилиши шаҳар ҳокимиятининг 20 июнь кунги тақиқига қарамай 23 июнгача давом этди.

Матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар ортидан 23 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи Самарқандга бориб¸ тарихий жойда изнсиз қурилган иморатлардан бирини бузишга буйруқ берди.

Аммо Озодлик ҳозирча кимга тегишли эканини аниқлай олмаган Бек Барака ширкати Бош вазир келиб-кетганидан сўнг ҳам¸ қадимий ҳудуддаги ноқонуний қурилишни тўхтатмади.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмийлари маълум қилди.

Ҳоким ва суд қарорини писанд қилмаган тадбиркорни Бош вазир тўхтатди

Вазиятни кузатаëтган самарқандлик блогер Мурод Сарсеновнинг Озодликка айтишича¸ маҳаллий ҳокимият ва суд тизимларининг кучи етмаган муаммо¸ Бош вазирнинг аралашуви ортидан маъмурий- буйруқбозлик усули билан ҳал қилинган.

Самарқанд вилоят ҳокимиятининг капитал-қурилиш бўлимида ишлайдиган муҳандиснинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда бузилаëтган бу уй бундан уч йил олдин тадбиркор Умар Ражабов тарафидан қуриб бошланган:

- Абдулла Ниғматович келиб кўрган пайтида бу уйнинг етти қавати битган эди. Ҳали ойна эшиклар ўрнатилмаган ғишт ва темир бетон уй кўтарма кран ëрдамида ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий ҳудудда қонунга зид қурилаëтганлигини кўрган Бош вазир зудлик билан уйни бузишга буйруқ берди. Ҳозир комхоз xодимлари бузишга киришди¸ дейди муҳандис.

Самарқанд вилоят ҳокими ëрдамчиси Ботир Абдуллаевнинг 27 июнь куни Озодликка билдиришича¸ ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда ўзбошимча уй қурган тадбиркор Умар Ражабов Бош вазирнинг ўзи буюрмагунга қадар¸ ҳокимият ва суд ижрочилари қарорини писанд қилмаган:

- Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу тадбиркорни судга берди. Суд уй бузилсин, деб қарор чиқарди. Аммо бу тадбиркор суд қарорини писанд қилмади. 20 июнь куни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов шаҳарнинг Европа қисмида жойлашган ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда қурилаëтган 34 та объект қурилишни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Умар Ражабов қураëтган уй ҳам бу рўйхатда бор. Лекин Ражабов қурилишни тўхтатгани йўқ. Бу беписандликка Бош вазир Абдулла Ниғматович чек қўйди¸ деди мулозим.

Самарқанднинг қадимий қисмида етти этажли уй қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:27 0:00

Озодлик ҳоким ва суд қарорини бажармай келгани айтилган Умар Ражабовнинг ўзи билан боғлана олмади. Унинг яқинларига кўра¸ тадбиркор 7 қаватлик бинонинг тўрт қаватини бузиб¸ ўрнида уч қаватлик иморат қуришга рози бўлган.

Маданият вазирлиги "бонг урган"

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими Мавлуда Асқархўжаеванинг 27 июнь куни Озодликка айтишича¸ вазирликнинг вилоятдаги мутасаддилари шаҳарнинг ЮНЕСКО рўйхатига кирган жойларида 27 та ноқонуний қурилиш қилинаëтгани юзасидан прокурорга тақдимнома киритган:

- Маданий мерос идорасининг Самарқанд вилоят бошқармасидаги вакилимиз Майсара Набираева қанча курашди. Айнан ўша киши ЮНЕСКО рўйхатидаги 83 маданий обида жисмоний ва юридик шахслар тасарруфига қонунсиз ўтказилгани ҳақида бонг урди. ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган объектларга зарар етказмаслик учун шаҳарнинг янги бош планини ишлаб чиқиш борасидаги таклиф ҳам биздан чиқди. Биз имкон қадар обидаларни ҳимоя қилишга уриндик¸ дейди мулозим.

Бош вазирнинг ҳам тиши ўтмаган Бек Барака

Маҳаллий блогер Мурод Сарсенов¸ Самарқанднинг қадимий қисмида қурилиш қилаëтган тадбиркорлардан бири Тошкентдаги қудратли "акахонлари" ҳимоясида нафақта Маданият вазирлиги Маданий мерос инспекцияси назоратчилари¸ балки Бош вазир буйруғига ҳам бўйсунмаганини айтади:

- Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов 34 та бино қурилишини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Шундан 33 таси тўхтади - 23 июнь куни тадбиркор Умар Ражабов ҳам ўз ўғли учун қурдираëтган уй қурилишини Бош вазир талаби биланг тўхтатди. Аммо Бек Барака ширкати тарафидан ЮНЕСКО ҳимоясидаги зонада қурилаëтган бино тўхтамади. Демак¸ бу бинони қураëтган тадбиркор Бош вазирдан ҳам кучли экан¸ дейди блогер.

Тошкентдаги йирик улгуржи бозори билан бир хил номдаги бу ширкат ва унинг эгалари ҳақидаги маълумот очиқ манбаларда йўқ. (Бу ширкатга оид маълумотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.)

Бош вазирдан тортиб оддий блогергача аралашган Самарқанд тарихий қисмидаги изнсиз қурилишлар масаласи Баҳрайн пойтахти Манамада ЮНЕСКО Шаҳрисабз тарихий марказини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш масаласини кўраëтган пайтга тўғри келди.

Анжуманда 10 фоизи вайрон қилинган Шаҳрисабзнинг куни Самарқандга ҳам тушмаслиги юзасидан хавотир билдирилди.

XS
SM
MD
LG