Қирғизистон расмийлари мамлакат собиқ Бош вазири Сапар Исақовнинг унга нисбатан очилган жиноий иш доирасида ҳисбга олинганини эълон қилди.
Давлат миллий хавфсизлик хизмати баëнотига кўра¸ Исақов жиноят иши юзасидан тергов амалиëтлари тугагунга қадар¸ эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда сақланади.
Исаков Бишкекдаги иссиқлик станциясини модернизация қилиш билаш боғлиқ жараëнда катта миқдордаги коррупцияда айбланмоқда.
Исаковнинг ҳибсга олиниши Давлат миллий хавфсизлик хизмати 29 май куни Исаковни учинчи марта сўроққа чақирганини эълон қилганидан саноқли кунлар ўтиб амалга оширилди.
Бишкекда олти соат давом этган сўроқдан сўнг собиқ бош вазирга айблов эълон қилинган ва мамлакатни тарк этмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйгач¸ қўйиб юборилган эди.
- Бишкек шаҳар Иссиқлик электр станциясини модернизациялаш пайтидаги коррупция юзасидан очилган жиноят иши доирасида собиқ бош вазир Сапар Исақовга “Коррупция” моддаси бўйича айблов билдирилди. Унга нисбатан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олиб, озодликда қолдириш эҳтиёт чораси қўлланилди,- деб билдирган эди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмий вакили Рахат Сулайманов 30 май куни.
Бу воқеадан "шокка тушгани"ни билдирган Исаков¸ ўзининг айбсизлиги ва очилган жиноий ишнинг ноқонуний эканини таъкидлаган эди.
- Менга айблов билдириш тўғрисидаги қарорни охиригача ўқимадим. Ҳозир ғазабимнинг чек-чегараси йўқ. Аввал ижтимоий тармоқларда Сапар Исақовни роса обрўсизлантиришди, энди эса жиноятчи сифатида тақдим қилишмоқчи. Биз энди адвокатлар кўмагида айбсиз эканимизни исботлаймиз,- деди Сапар Исақов.
Модернизацияга ажратилган 385 миллион доллар ғалваси
Бишкек Иссиқлик электр станцияси Сапар Исақов бош вазир бўлиб турган 2017 йилда 385 миллион долларга модернизация қилинган эди. Бироқ қиш мавсумининг энг аёзли кунларида янги таъмирдан чиқарилган иссиқлик электр станциясида фавқулодда ҳолатда авария юз бериб, Қирғизистон пойтахти аҳолиси ўн кундан кўпроқ совуқда қолган.
Шундан сўнг парламент ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари текширув ўтказиб, станция таъмирига ажратилган 385 миллион доллар маблағ нималарга сарфланганини аниқлай олмагани ортидан жиноят иши очилган эди.
41 яшар Сапрар Исақов собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг энг яқин одамларидан бири сифатида кўрилади. 2017 йилда Бош вазир лавозимига сайланган Сапар Исақов жорий йилнинг 19 апрель куни Қирғизистон парламенти Ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилгани ортидан истеъфо беришга мажбур бўлган эди.