Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Карантинда узлуксиз ишлаган сирдарëлик айрим тиббиëтчиларга ваъда қилинган ойлик ва мукофот берилмади


Сирдарёда карантинда ишлаётган шифокорлар 14 кун ётган палатка, 7 апрель, 2020
Сирдарёда карантинда ишлаётган шифокорлар 14 кун ётган палатка, 7 апрель, 2020

Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Тиббиёт бирлашмасининг йигирмадан ортиқ ходими карантинда қаторасига икки смена ишлатилди ва уларга ваъда қилинган маоши берилмади.

Озодлик гаплашган тиббиëт ходимларининг айтишича¸ улар шошилинч тарзда карантин режимида ишга чақирилган ва уларга 10 миллион сўмдан ойлик ваъда қилинган.

Аммо 14 кунлик карантин бир ойга чўзилиб, икки сменалик иш учун ҳануз маош берилмагани баробарида¸ 40 дан ортиқ тиббиёт ходими иш давомида сув ва кўлмак босган палаткада сақланган.

Сирдарё тумани Тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўз ходимларидан келган бу шикоятларнинг ҳаммасини рад қилди.

14 кунлик карантинга чақирув

Сирдарё вилоятида 10 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи 24-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида (ҚОП) фельдшер бўлиб ишлашини айтган 38 яшар Бахтиёр Ҳожимуродов карантин даврида қаторасига икки сменада ишлаган.

Бу ҚОП Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарайди.

Фельдшер ўзи ҳам касбдошларининг Қозоғистондан қайтарилиб, Сирдарё туманидаги болалар лагерига карантинга жойланганларга 27 мартдан 28 апрелгача тиббий хизмат кўрсатганини айтади.

Ҳожимуродовга кўра¸ дастлабки 14 кунида карантинга олинганлар лагерь биносига, тиббиёт ходимлари эса очиқ ҳаво остига тикилган чодирларга жойлаштирилган.

-Тумандаги Шоликор болалар меҳнат лагерига жойлаштиришди. Палаткаларга жой қилиб беришди. Битта палаткада 20 киши. Лекин, шароит жуда оғир бўлди. Ташқарида ёмғир, қор ҳам ёғворди. Палатка ичини сув босган, раскаладушкаларда 14 кун ётиб, ишладик.

Қуйида суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:33 0:00
Бевосита линк


Сирдарё тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ҳамшира бўлиб ишлашини айтган тиббиëт ходими ҳам Хожимуродовнинг чодирлардаги оғир аҳвол ҳақида айтганларини тасдиқлади.

Бир гуруҳ ҳамкасблари номидан гапираётганини айтган ҳамширага кўра, карантинга киришдан аввал уларнинг телефонлари олиб қўйилган.

"Қаторасига тикилган чодирлар. Бирида эркак шифоркор ва медбратлар, бирида биз аёллар эдик. Чодирлар ҳўл, оёқларимиз остида сув - совуқ, зах. Телефонларимизни олиб қўйишган, шикоят қилсак, биров қулоқ солмади. Кейин печка қўйиб беришди, аммо барибир айримлар касал бўлиб, 40 даражагача иситмалаб қолди".

Сув босган чодирлар

Тиббиёт бирлашмаси ходимлари Озодликка ушбу палаткалардаги ўта аянчли манзара акс этган суратларни ҳам тақдим қилди.

Суратларда ёнма-ён тикилган тўртта чодир акс этган.

Чодир ичида кўлмак бўлиб сув йиғилган ер устига қаторасига ёнма-ён терилган раскаладушкалар, нам босган кўрпа-тўшак.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, гигиена воситаси ўлароқ кунда бир марта қўлқоп ва ниқоб берилган, дезинфекция воситасилари эса умуман берилмаган.

Бундан ташқари, егулик ҳам ҳаминқадар бўлган, на ювиниш, на чўмилиш учун шароит қилиб берилган.

"Чодирнинг бир четига пана жой қилиб, ўша ерда ювиниб юрдик. Резина қўлқопларни оддий совунда ювиб, қуритиб ишлатган пайтларимиз бўлди. Хуллас, оқ халат кийиб юрган касб эгалари учун тасаввур қилолмайдиган даражадаги оғир аҳволда сақландик. Яна шу аҳволда COVID-19 га қарши курашиши вазифаси қўйилди", деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамишира.

Икки сменага чўзилган карантин

Сирдарëлик тиббиёт ходимларига кўра, 29 мартдан 15 апрелга қадар шу масканда сақланганлар ҳам карантин қоидаларига зид равишда ушланган.

- Бир хонада 20 киши, каравотлари зич қилиб терилган ҳолда ётишди. Карантинни 14-кунида битта COVID-19 юқтирган одам аниқлаганидан кейин ҳаммамизни Сирдарё вилоятидаги коллежлардан бирининг ётоқхонасига олиб ўтишди, дейди фельдшер Ҳожимуродов.

Унинг айтишича, тиббиёт ходимлари 14 кунлик карантиндан сўнг алмаштирилмаган, яна ишда олиб қолинган.

- Икки карра иш ҳақи оласизлар, сизлар давом эттиришингиз керак, дейишди. Хуллас, мажбур ишда қолдик. Гулистонга ўтказилганимиздан кейин шароит яхши бўлди, карантин қоидаларига ҳам риоя қилинди. Аммо аввалги жойда вирус тарқалиб бўлган экан - кейинги сменада яна вирус юқтирган беморлар аниқланди.

Озодликка айтилишича¸ Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасининг қаторасига икки смена ишлатилган шифокор, ҳамшира, фельдшери сони йигирмадан ортиқ.

Тўланмаган иш ҳақи

28 апрель куни бир ойлик карантиндан чиққан тиббиёт ходимларининг айтишича, уларга ваъда қилинган иш ҳақи ҳозиргача берилмаган.

Озодлик суҳбатлашган ҳамиширалар ва фельдшернинг айтишича, ишга чақирилган илк кезда уларга 10 миллион сўмлик иш ҳақи ваъда қилинган​.

Карантин ҳудидига киритилгач эса¸ бунақа иш хақи берилмаслиги, балки ойлик маошига 6 фоиз устама ва кунлик ишлаган соатлари учун қўшимча ҳақ берилиши айтилган.

- Киргандан кейин, чиқиш йўқ экан. Кейин майли, дедик. Ҳисобласак, 24 соатлик иш ҳақи билан 7-8 миллион сўмга бориб қоларкан. Шу сумма бериладими, десак, берилади¸ дейишди, дейди Бахтиёр Ҳожимуродов.

Карантиндан чиққач эса, ҳар бир ходимга 2 миллион 300 минг сўмдан иш ҳақи берилиши айтилган:

- Энди эса шу 2 миллион сўмлик иш ҳақи ҳам ҳануз берилмаяпти, бугун кечгача тушириб берамиз, деб ваъда қилишганди. (07.05.2020 санасидаги маълумот -таҳр.) Тўғрисини айтсам, бизни бунақа алдаб, фалон сўм ойлик, деган қуруқ гаплар билан чақирмаса ҳам ишга борардик. Шифокормиз, оғир кунда ватан олдидаги бурчимизни бажарамиз. Лекин алдов ва ўта оғир шароитда сақлаб, яна икки оғиз изоҳ бермасдан уйига жўнатиб юборишлари жуда оғир ботди.

Шикоятлар тўлиқ инкор қилинди

7 май куни Озодлик боғланган Сирдарё тумани Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Санъат Қодиров ўз ходимларининг бу шикоятларини қатъиян инкор қилди.

"Бўлмаган гап. Улар касалликни даволаган муҳитда ишламаган. Уларга қолган пуллари ойлик маошидан муаммосиз тўланяпти. Мен сизга бу борада маълумот бериш ваколатига эга эмасман, маълумотларни штабдан олишингиз мумкин".

Қодиров¸ ўз ходимларининг совуқ кунларда икки ҳафта чодирда яшашга мажбур бўлганини ҳам инкор қилди.

"Сув, лой, ёмғир шароитида ётган, деган маълумотлар мутлақо нотўғри. Мен карантин зонага кирмаганману, лекин унақа шароитда ҳайвон ҳам сақланмайдику. Мен аслида сизга маълумот беришга ҳақли эмасман, бошқа маълумотни вазирликдан олинг", деб қўшимча қилди мулозим.

Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.​

Ваъда қилинган иш ҳақини ололмаганлардан шикоят кўпаймоқда

Кейинги кунларда Озодликка турли вилоятларда карантин ҳудудларида ишлаб¸ иш бошида ваъда қилинган меҳнат ҳақи ва мукофот пулини ҳозиргача ололмаëтгани ҳақида тиббиëт ходимларидан кўплаб хабарлар келмоқда.

Жумладан, 5 май куни Озодлик Ўртасарой ҳудудидаги (Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ тумани) карантин лагерида санитарка бўлиб ишлаган 10 дан ортиқ аёлга ваъда қилинган иш ҳақи берилмагани ҳақида ёзди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари бу шикоятларни ​карантиндаги тўлов шифохонаникидан бошқача экани, қуйи бўғиндаги мутасаддилар карантин илк эълон қилган кезда бу нотўғри англашилганини важ қилиб кетирди.​

Расмий маълумотга кўра, карантинда ишлаётган шифокор, ҳамшира ва бошқа ходимларнинг иш ҳақларига 6 фоизлик устама ва иш соатлари учун қўшимча ҳақ бериш белгиланган, холос.

Бу ходимларга бошида президент қарори билан ваъда қилинган 5, 10, 15 ва 25 миллион сўмлик иш ҳақлари COVID-19 инфекциясига чалинганларни шифохонада даволаётган тиббиёт ходимларига тўланади¸холос.

Президент қарорида қайси ходимлар назарда тутилган?​

2020 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4652-сонли "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга мувофиқ, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгилан:

- врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;

- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;

- кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;

- бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Сирдарё туманида қаторасига икки смена, қарийб 1 ой ишлаган тиббиёт ходимлари ҳам коронавирус аниқланган беморлар билан бевосита мулоқотда бўлган ва уларга тиббий хизмат кўрсатган.

Нега улар, президент қарорида кўзда тутилган тўловлардан маҳрум қолмоқда - Озодлик бу саволга ҳозирча расмий изоҳ ололгани йўқ.

Кимга қанча қўшимча ҳақ берилди?

7 май куни коронавирусга қарши курашган тиббиёт ходимларига сарфланган маблағлар миқдори маълум қилинди.

Молия вазирлиги ҳисоботига кўра, республика бўйича қарийб 16 минг тиббиёт ходимига 55 миллиард сўмга яқин пул тўланган.

Жумладан, Сирдарёда 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови ​ — 33 нафар ходимга 713 млн сўм​ бўлган. Жалб қилинган тиббиёт ходимларининг маошига 6 фоизлик ҳар кунлик қўшимча тўловлар эса ​ — 293 нафар ходимга 378 млн сўмни ташкил қилган.​

XS
SM
MD
LG