Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:42

Сиёсатга аралашган талаба. Сирдарёлик Жавоҳир Омонов иши қайта терговга юборилди


Жаҳон тиллари университети талабаси Жавоҳир Омонов президент Мирзиёев сиёсатидан "илҳомлангани"ни айтади
Жаҳон тиллари университети талабаси Жавоҳир Омонов президент Мирзиёев сиёсатидан "илҳомлангани"ни айтади

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман суди (Сирдарё вилояти) 19 яшар талаба устидан очилган маъмурий ишни кўриб, қайта суриштирув учун туман ИИБга қайтарди.

Бу маълумотни Озодлик 16 февралда Сайхунобод туман судидан олди.

Иши қайта суриштирувга жўнатилган Жавоҳир Омоновнинг айтишича, 16 февралда уни ўзи яшайдиган ҳудуд участка нозири яна сўроққа чақирган.

Омонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумон қилинмоқда. Жавоҳир Омонов айбларни рад этади.

Аввалроқ у Озодликка президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан илҳомланиб, 2020 йилнинг баҳорида янги сиёсий партия тузишга жазм қилгани ва шундан сўнг кутилмаган муаммолар гирдобида қолганини айтиб берган эди.

"Ишни судда кўриш учун етарли асослар мавжуд эмас"

“Жавоҳир Омонов бўйича иш ички ишларга қайта суриштирувга юборилди. Судья 9 февралда бўлиб ўтган суд мажлисида бу ишни судда кўриш учун етарли асослар мавжуд эмас, ишда камчиликлар мавжуд деб топиб, ўша камчиликларни тўғрилаб, судга қайтадан мурожаат қилиш тавсияси билан қайтарган”, - деди Озодликка 16 февраль куни Сайхунобод туман суди девонхонаси ходими. Ўзини таништиришни истамаган бу ходим Озодликнинг бошқа саволларига жавоб бермади.

Жавоҳир Омонов ишига доир судга тақдим этилган материаллардан маълум бўлишича, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Жавоҳир Омонов айбдор, деб топилгани тақдирда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг (ойига 238 610 сўм-таҳр.) йигирма бараваридан юз бараваригача жарима солиниши мумкин.

Жавоҳирнинг "дунёвий, диний, сиёсий постларидан" хафа бўлган аризачи

Судга тақдим этилган материаллардан Жавоҳир Омонов устидан иш қўзғатилишига Гулистон шаҳрида яшовчи Зуҳра Аҳмедова исмли аёлнинг аризаси сабаб бўлгани англашилади. Аҳмедова ўз аризасида Жавоҳир Омонов ўзининг Фейсбук саҳифасида “дунёвий, диний ва сиёсий” мазмундаги материалларни жойлаштирганидан арз қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.

Жавоҳир Омонов устидан ёзилган ариза.
Жавоҳир Омонов устидан ёзилган ариза.

Жавоҳир Омоновнинг Озодликка айтишича, у Зуҳра Аҳмедовани танимайди. Озодликнинг Аҳмедовани топишга уринишлари самара бермади.

Уйдан Redmi 7 олиб кетилди, экспертизага Samsung A3 берилди

Судга тақдим этилган материаллар орасида Жавоҳир Омоновники дейилган телефондаги материаллар устидан ўтказилган махсус экспертиза хулосаси мавжуд. Ҳужжатга кўра, телефонда конституциявий тузумга қарши материаллар мавжуд эмас. Экспертлар хулосаси, сўнгги бандни истисно қилганда, мутлақо ижобий. Хулосанинг сўнгги бандида баъзи файллардан Ўзбекистонда тақиқлангани айтилган икки имомнинг маърузалари чиққани кўрсатилган.

Экспертиза хулосасидан экспертлар бир вақтнинг ўзида иккита - Samsung A3 ва Redmi 7 телефонлари таркибидаги материаллар устидан тадқиқот ўтказгани англашилади.

"26 ноябрда ИИБ биносида ҳибсда ўтирган пайтимда номаълум кимсалар уйимизга келиб, онамдан алдов йўли билан менинг телефонимни олиб кетишган экан”, - деган эди Жавоҳир Омонов Озодликка 1 февралда.

Омоновнинг 16 февраль куни Озодликка айтишича, унинг телефони Redmi 7 эди. Экспертизага жўнатилган Samsung A3 телефонига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Жавоҳир Омоновга тааллуқли дейилган телефондаги материаллар юзасидан ўтказилган тадқиқот хулосасининг биринчи бети.
Жавоҳир Омоновга тааллуқли дейилган телефондаги материаллар юзасидан ўтказилган тадқиқот хулосасининг биринчи бети.

Омонов телефонлар билан боғлиқ чалкашлик ҳақида 9 февралда Сайхунобод судида унинг ишини кўрган судьяга ҳам кўрсатма берган. Суд мажлисини YouTube даги “Кўзгу” блоги олиб борувчиси Абдуқодир Мўминов судьянинг рухсати ,билан видеога ёзиб олган. Мўминов тайёрлаган кўрсатувни мана бу ерда кўриш мумкин.

Жавоҳир Омонов ўзи устидан арз қилган Зуҳра Аҳмедова ҳам, унинг ишини судга оширган ИИБ вакили ҳам судда иштирок этмаганини, суд мажлиси судья ва судланувчи ўртасидаги савол-жавобдангина иборат бўлганини айтди.

Ҳаракатларидан тонган ИИБ ходимлари

Жавоҳир Омоновнинг Озодликка айтишича, 16 февралда унга участка нозири Хуршид Тошбеков қўнғироқ қилиб, “иши бўйича аниқланган янги ҳолатлар юзасидан келиб кетиши лозимлиги"ни айтган.

Хуршид Тошбеков Озодликнинг кун давомида қилган қўнғироқларига жавоб бермади.

Сирдарё вилоят ИИБ билан Сайхунобод туман ИИБ ўртасидаги ёзишмаларда ҳам Жавоҳир Омоновга тегишли телефон сифатида Samsung A3 тилга олинган.
Сирдарё вилоят ИИБ билан Сайхунобод туман ИИБ ўртасидаги ёзишмаларда ҳам Жавоҳир Омоновга тегишли телефон сифатида Samsung A3 тилга олинган.

Абдуқодир Мўминов 9 февраль кунги суд мажлисидан ва ундан кейин тайёрлаган кўрсатувида Хуршид Тошбеков ва унинг бевосита раҳбари билан гаплашган. Ички ишлар ходимлари Жавоҳир Омонов билан боғлиқ ишга ўзларининг алоқаси йўқлигини бир неча бор таъкидлаб айтади. Бу ишга оид барча маълумотни вилоят ИИБ матбуот хизматидан олишни тавсия қилишади.

Кўрсатув муаллифи Абдуқодир Мўминов ИИБда ўзи гувоҳ бўлган ҳолат ҳақида Озодликка гапириб берди.

"Суд мажлисида видеотасвир олишга рухсат бергани учун судьяга раҳмат. Буни ўз вақтида судьянинг ўзига ҳам айтдим. Мени ҳайратга солгани ички ишлар бўлимидаги ҳолат бўлди. Хуршид Омонов ёнида Жавоҳир турганига қарамай, унга қарши қилган барча ҳаракатларидан тониб турибди. Ахир, олдида тирик гувоҳ турибдику?! Мен шуни тушунмадим"

Суд билан тергов орасида копток бўлаётган ишлар

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги қарорида Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллашда келиб чиққан ҳар қандай шубҳа ҳам унинг фойдасига ҳал этилади”, дейилган.

Бу меъёр Ўзбекистон Олий суди кашф қилган янгилик эмаслигини, бу меъёрга барча ривожланган давлатлар судлари риоя қилиб келишини юристлар айтиб келади.

"Бу масалага президент Мирзиёев ҳам 2017 йили тўхталган эди, - дейди Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов, - Президент суд-ҳуқуқ тизими вакиллари билан учрашувда жиноят ишларининг суд ва тергов ўртасида копток қилиниши билан боғлиқ салбий иллатларга барҳам бериш тўғрисида гапирган эди. Президентга кўра, судга келган шахс муайян иш бўйича жавобгарликка тортилиши ёки оқланиши лозим. Ишларнинг қайта терговга қайтарилиши бу инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқости қилинишидир, деганди президент. Амалиётда бир неча йиллаб суд ва тергов ўртасида юрган ишлар мавжуд бўлиб, кишилар ўзиларига нисатан ҳукмларни узоқ йиллаб кутишган. Суддан қайтган делолар учун жавобгарлик бўлмаган”.

Жавоҳир Омоновнинг иши ҳам, Абдураҳмон Ташанов айтаётган “суд билан тергов ўртасида копток бўлаётган” ишлардан бирига айланди.

Сиёсатга аралашишга журъат қилган талаба

Жаҳон тиллари университетининг 2- курс талабаси сирдарёлик Жавоҳир Омонов ўтган йили, 1- курсда ўқиётган пайтда президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан илҳомланиб, 2020 йилнинг баҳорида янги сиёсий партия тузишга жазм қилгани ва шундан сўнг кутилмаган муаммолар гирдобида қолганини айтиб берган эди.

Жавоҳирнинг иддао қилишича, у 2020 йил баҳорида янги партия тузмоқчи эканлигини айтиши биланоқ ўша пайтгача ўзи аъзоси бўлган Либерал демократик партия вакиллари томонидан босимга учраган. Орадан бир неча ой ўтиб эса, сиёсий фаол талаба ҳуқуқ-тартибот идораларининг назарига тушган.

Жорий йилнинг 27 январида ўтган ёшлар масалаларига бағишланган ҳукумат йиғилишида президент Мирзиёев "ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш" вазифасини Давлат хавфсизлик хизмати зиммасига юклаганди.

Йиғилишдан ёзиб олинган ва Кун.уз нашри эълон қилган видеода президент Мирзиёев «Билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланди. Ушбу дастурларнинг ижроси ҳамда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди», деб айтган.

Таҳлилчилар ёшларни назорат қилишнинг махсус хизматларга топширилишини келаётган президент сайловларига ҳозирлик жараёнлари билан боғлашади.

Ўзбекистонда талаба-ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги асосан, давлат томонидан ташкиллаштирилади - мустақил ёшлар эса, кўпинча "уюшмаган ёшлар" деб таърифланади.

XS
SM
MD
LG