Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов оламдан ўтди (ВИДЕО)


Сурат Икромов, Озодликка берган сўнгги интервьюси чоғида, сентябрь, 2020
Сурат Икромов, Озодликка берган сўнгги интервьюси чоғида, сентябрь, 2020

3 май куни Тошкентда Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов 77 ёшида оламдан ўтди.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, фаол февраль ойида буён оғир хаста эди, унинг ўлимига сурункали ўпка яллиғланиши, қандли диабет ва простата саратони сабаб бўлган.

Марҳум 3 май куни, Тошкент вақти билан соат 14 да Минор қабристонига дафн этилди.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов оламдан ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:23 0:00
Бевосита линк

2002 йилда Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига асос солган Сурат Икромов Ислом Каримов бошқаруви даврида инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирган кам сонли фаоллардан бўлди.

Хусусан, диний-сиёсий айблар билан қамалганлар билан боғлиқ тергов ва маҳкама жараёнларига доир Сурат Икромов тақдим этган маълумотлар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, БМТ ҳамда АҚШ давлат департаментининг йиллик ҳисоботларидан ўрин олган.

Икромов, Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев президентлиги пайтида ҳам фаолиятини давом эттирди.

Каримов даврида узоқ йиллар ҳибсда қолиб, Мирзиёев даврида аввалига оқланган, аммо сўнгра яна қайта ҳибсга олинган маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилди.

Сурат Икромов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00
Бевосита линк

Ҳуқуқ фаоли йиллар давомида яқинлари унинг ташкилотига мурожаат қилган ва ҳужжатлари унинг шахсий архивида сақланаётган 10 мингга яқин маҳкум борлиги ҳақида маълум қилганди.

Фаол фаолияти давомида Ўзбекистонда мавжуда қамоқхоналар, улардаги маҳбусларнинг расмий ва норасмий сони, қамоқхоналардаги шароит, маҳкумларга нисбатан ноқонуний муносабатлар ҳақида муттасил жамоатчиликка маълумот бериб келди.

Асли касби муҳандис бўлган Сурат Икромов инсон ҳуқуқлари билан 2000-йиллар бошидан шуғулланишни бошлаган.

Тошкентдаги хусусий полиграфия бизнеси давлат корхонаси томонидан олиб қўйилган Икромов узоқ вақт суд идораларига мурожаат қилиб келган.

Адолат тополмаган тадбиркор аввалига маҳаллий ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилади, кейинроқ улардан бирига айланади.

2003 йилда Сурат Икромов Тошкентда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, қаттиқ дўппосланади. Ҳушидан кетган ва бошига елим қоп кийдирилган ҳолда Тошкент четига ташлаб кетилган Икромовга ҳужумни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги текширган, аммо ҳужумчилар топилмаган.

Сурат Икромов 2005 йил майидаги Андижон қирғини ортидан мамлакатда қолиб фаолиятини давом эттирган кам сонли ҳуқуқ фаолларидан бири бўлди.

У Андижонда намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилишини Каримов режими содир этган "энг жирканч жиноятлардан бири" деб атаган ва айбдорларни жазолашга чақирган.

Яқинларига кўра, Сурат Икромов сўнгги қарийб бир йилни хасталик билан кечирган, шу йилнинг 22 февралидан буён тўшакка михланиб қолган эди.

77 яшар ҳуқуқ фоли бир неча дард - сурункали ўпка яллиғланиши, қандли диабет, простата саратонидан азият чекди.

3 май куни вафот этган фаолнинг жанозаси ўша куни соат 14.00 да Тошкентнинг Қорасарой маҳалласидаги хонадонида ўқилди ва Минор қабристонида тупроққа берилди.

Суръат Икромов “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг яқин ҳамкорларидан эди. Озодлик таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва сафдошларига ўз ҳамдардлигини изҳор этади.

Қуйида Озодлик ҳуқуқ фаоли билан 2020 йилнинг сентябрь ойида қурган суҳбатдан парча, ўша кезларда фаол оғир хасталик билан курашаётган эди:

Сурат Икромовнинг сўнгги интервьюси: Бир ўзим қолдим...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:33 0:00

XS
SM
MD
LG