Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Театр актёрлари ойлик қисқаришига норозилик сифатида иш ташламоқчи (ВИДЕО)


 Қўқон театри актёрлари
Қўқон театри актёрлари

Қўқон шаҳар мусиқали драма театри актёрлари ойлик маошлари 25 фоизга қисқарганига норозилик билдириб, видеомурожаат билан чиқишди.

Актёрлар ойликлар қисқарганига норозилик сифатида иш ташлаш акцияси ўтказишни режаламоқда.

Маданият муассасалари ходимлари ойлигига 26 йил аввал қўшилган 25 фоизлик устама 1 октябрдан бекор қилинди.

Маданият вазирлиги мулозимлари ойликлар билан боғлиқ ушбу ўзгариш сабабларини шарҳламади.

Актёрлар исёни

Қўқон театри ходимлари ойликлари қисқараётганига норозилик билдириб, президент Мирзиёевга қилган мурожаати видеосини Озодликка йўллади.

Қўқон театри актёрларининг президент Мирзиёевга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:52 0:00
Бевосита линк

Ушбу театрда 8 йилдан буён ишлаётган актриса Сайёра Ҳусайинова уч фарзанднинг онаси. У кредити борлиги ва эндиликда ойлиги камайиши унинг молиявий муаммолари кўпайишига сабаб бўлишини айтади:

- Бу пул билан биз оиламизни боқа олмаймиз. Қандай қилиб биз ишлаймиз. Президентимиз айтган, ёш оилаларга шароит яратинглар, ёшларни қўллаб-қувватланглар, деб. Лекин бу ҳолатда биз ишлай олмаймиз. Шунинг учун биз норозимиз. Керак бўлса, иш ташлаймиз, - дейди Сайёра Ҳусайинова президентга мурожаат қилинган видеода.

Сайёранинг ҳамкасби Зулҳумор Бегматова ҳам ушбу театрда 8 йилдан бери ишлайди:

- Бу йил ипотека орқали уй олганман кредитга. Агар ойлигимдан ушлаб қолинадиган бўлса, мени умуман ойлик иш ҳақим етмайди. Мен норозиман.

Актриса Марғубахон Қодирова ҳам ойликлар қисқаришига норозилик билдиради:

- (Ойликдан) 25 фоиз олинишига қаршиман. Чунки ҳозир тўй қилиш арафасида турибман. Ҳам кредитим бор. Умуман норозиман.

Қўқон театри актёрлари Озодлик билан суҳбатда норозилик сифатида иш ташлаш акциясини қачон ўтказишлари номаълумлиги, бироқ ниятлари қаътий эканлигини айтишди.

Қўқон давлат мусиқали драма театри биноси
Қўқон давлат мусиқали драма театри биноси

25 фоизнинг қисқариши

Марҳум президент Ислом Каримовнинг фармонига кўра, 1993 йилнинг 1 декабридан бошлаб, театрларда ишловчи артистлар учун мансаб окладларининг 25 фоизи миқдорида маошларига ҳар ойлик устама ҳақ белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 сентябрдаги 798-сонли қарорига мувофиқ, маданият муассасалари ходимлари ойлигига 26 йил аввал қўшилган 25 фоизлик устама 1 октябрдан бекор қилинди.

Бахшичилик санъатини ривожлантиришга бағишланган ушбу қарорнинг 4-иловасида театрлар ходимлари ойликларига доҳил қисми бор:

“Мазкур қарор билан базавий лавозим маошлари миқдори тасдиқланган театрлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика театрлари артистларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини яхшилаш тўғрисида» 1993 йил 3 декабрдаги ПФ-692-сон Фармони билан белгиланган ҳар ойлик устама ҳақлари татбиқ этилмайди”.

Қарорда театр ходимлари ойлигидаги ушбу ўзгаришга бирор изоҳ берилмаган.

31 октябрь куни Озодлик мухбири Маданият вазирлиги мулозимларидан ҳам бу борада бирор изоҳ ололмади.

Озодлик боғланган вазирлик мулозимлари, қабул қилинган янги қарорни ўқиб бериш билангина чекланди холос.

Қўқон театри раҳбарияти эса, улар ҳукумат қарорларига амал қилган ҳолда иш кўраётганликларини таъкидлашди.

“Актёрликни ташлаб, мардикорликка кетамиз”

Маҳмуджон Шарипов олийгоҳни битириб, шу йил Қўқон театрига ишга кирган. У ойлик маошлари қисқариши натижасида дуч келадиган молиявий муаммолар сабаб, хорижга ишлашга кетишига тўғри келишини айтди:

- Ойлигим 1 миллион 300 минг сўм қўлимга тегарди. Ҳозир 25 фоиз олиб ташлайдиган бўлса, 900 минг сўм оламан. Бу маош менинг эҳтиёжларимга етмаяпти. Агар шу ҳолда давом этса, мен бу ишдан воз кечиб, чет элга ишлагани боришим керак.

Актёр Собиржон Розиқов 2015 йилда ойлик камлиги сабаб театрни ташлаб Россияга ишлашга кетган. Ўтган йили маданият ходимлари ойлиги 45 фоизга ошгач, яна театрга қайтган.

- Ҳаммамизнинг бола-чақамиз бор. Ўғилларимиз катта бўлиб қолган. Институтларда ўқийди. Уларнинг контракти бор. Уларни уйлаб- жойлашим керак. Агар ойлигимиз кесиладиган бўлса, мен яна Россияга кетишимга тўғри келади, дейди актёр Розиқов.

Мавлуда Деҳқонова коллежни тугатиб, театрга ишга кирган. Жорий йилда у Санъат институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирган. Мавлуда кредитга уй олгани ва ўқиши ҳам шартнома асосида эканини айтиб, ойлик қисқаришига норозилик билдиради.

- 2 миллион сўм ойлик олсам, мендан 25 фоиз олиб ташлашса, 1,5 миллиони қолади. Уй тўловим 1 миллион 600 минг сўм. 100 минг сўм етмайди. Ундан кейин менинг еб-ичишим, кийинишим бор... Контрактим (ўқиш учун) 11,5 миллион сўм. Унинг 50 фоизини ноябргача тўлашим керак. Ваҳоланки, ҳозир менинг ойлигим 1 ярим миллионга тушиб қолди. На уйимнинг тўловига етади, на контрактимни тўлай оламан... Жудаям қийин ҳолатда қолдик, дейди ёш актриса Мавлуда Деҳқонова.

Актёр Ҳасанжон Арифжоновга кўра, театр раҳбарияти ойлик қисқаришига қарши актёрлар норозилигини октябрь ойи бошида инобатга олганди, бироқ ҳозир улар дардини эшитадиган одам қолмаган:

- Пулимиз 25 фоиз кам тушди авансдан (октябрь ойи бошида). Ўша куни спектакль топширишимиз керак эди. Жамоамиз иш ташлаш қиламиз дейишди. Бу гап директорга етиб бориши билан дарров қўнғироқ қилишибди бухгалтерга. Бухгалтер ўша ушланган пулни тушириб берди. Бугун яна шу муаммо кўтарилаяпти. Ҳозир ойлик тушиш арафасида турибмиз. “25 фоиз пулларингизни қирқиб қоламиз. Қаерга борсангизлар, бораверинглар”, деган гапни актёрларга айтишаяпти.

Ҳамза очган театр

Қўқон театри – Ўзбекистондаги энг тўнғич театрлардан бўлиб, у 1915 йилда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва Ўзбекистон ҳалқ артисти Миршоҳид Мироқиловлар томонидан ташкил қилинган.

Қўқон давлат мусиқали драма театри артистлари учун қурилган уй
Қўқон давлат мусиқали драма театри артистлари учун қурилган уй


Президент Мирзиёев Қўқон давлат мусиқа драма театри артистлари билан 2017 йилнинг июнь ойида бўлган учрашувида "халқ учун ишлаётган" актёрларга театр ёнидан кўп қаватли арзон уй қуриб беришни ваъда қилган эди.

Кейинчалик Қўқон театри актёрлари президент айтганидек, театр ёнида қурилган янги уйдан квартира олишди.

Орадан бир йил ўтиб, театр актёрлари Озодликка мурожаат қилиб, президент топшириғи билан уларга қуриб берилган арзон уйнинг ойлик тўлови уларнинг маошидан 2,5 баравар кўп эканлигидан шикоят қилганди.

XS
SM
MD
LG