Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:02

Пахта: Терим тугаяпти – шартномани бажарган фермерлар ҳам қарзга ботмоқда. Нега?


Ўзбекистонлик фермерлар кластер уларнинг ҳақларини уриб қолаётганидан шикоят қилмоқда
Ўзбекистонлик фермерлар кластер уларнинг ҳақларини уриб қолаётганидан шикоят қилмоқда

Ўзбекистонда пахта терими тугаяпти. Кластер корхоналари билан топширган пахтасини солиштирма(акт-сверка) қилаётган фермерлар кластерлар томонидан адолатсизлик бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган тўртта вилоятдаги фермерлар, кластерлар пахтани аслидагидан анча паст сортларда қабул қилиб, кам ҳақ тўлаётгани, турли баҳоналар билан фермерлар ҳақини “ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолаётганликлари"ни айтмоқда.

Пахта харид нархининг ўтган йилга нисбатан бор-йўғи ўртача 5-6 фоизга оширилгани, айни пайтда минерал ўғит нархлари 50-60, ёнилғи эса 20-30 фоизга ошгани сабаб, бу йил, айрим ҳисоб-китобларга кўра, пахтакор фермерларнинг 70-80 фоизи қарз билан чиқмоқда.

"Кластер фермерларни шилмоқда"

Андижон вилоят, Пахтаобод туман, “Нур агро” фермер хўжалиги бошлиғи Рашидбек Мамадалиевнинг айтишича, имтиёзли кредитни бермаган, ёз ойларида минерал ўғит етказиб бериш шартини бажармаган “Oltin mato tex” кластер корхонаси ҳисоб-китоб вақти келганда улардан йўқ нарса учун ҳам катта пул ушлаб қоляпти:

Бунча кўп пулни нимага асосан ушлаб қолишганини сўрасак, бирор бир тасдиқланган меъёрий хужжат кўрсатиб бериша олмади.

“Кластер бизнинг фермер хўжалигимизга 150 млн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағини етказиб бермади. Бундан ташқари, 8 тоннадан ортиқ минерал ўғитни ололмадик. Пахтани етиштириш учун ўз ички имкониятларимиздан фойдаландик. Биз кластерга 196 тонна қуруқ ва сифатли пахта хом ашёсини 100 фоиз юқори сортда етказиб бердик. Шартномавий мажбурият бир теримдаёқ ортиғи билан уддаланди. Кластер ўзининг лабараториясида пахтанинг сифати, қуруқлиги, тозалигини текшириб, энг юқори навга қабул қилган эди. Лекин кластер пахтани қуритиш ва тозалаш харажатлари учун, деб даромадимиздан 18 млн. сўм пул ушлаб қоляпти. Бунча кўп пулни нимага асосан ушлаб қолишганини сўрасак, бирор бир тасдиқланган меъёрий хужжат кўрсатиб бера олишмади”.

Фермернинг иддао қилишича, кластер раҳбар ва ходимлари қишлоқ хўжалигига "тамоман бегона одамлар" бўлиб қолмоқда:

2020 йилда машаққат билан етиштирилган пахтанинг ҳисоб китоби тўғри, адолатли бўлсин.

“Кластер раҳбари, ходимларининг кимлигини сўрасам, улар қишлоқ хўжалигини умуман тушунмайдиган, бу соҳада янги одамлар экан, биз эса 27 йилдан бери пахта етиштириб, давлатга сотиб келамиз. Бундан кўриниб турибдики, улар хеч ким билан келишмасдан, мустақил нарх қўйиб, хоҳлаганча пул ушлаб қолмоқда. Бу ҳолат бир томонлама ўз манфаатини кўзлаган ҳолда, монополиянинг бир кўринишини эслатади. Сабаби 267 нафар пахтаободлик фермерда йил давомида етиштирган пахтасини "Олтин мато текс" кластер корхонасидан бошқасига сотиш танлови йўқ. Мақсадимиз сув танқис бўлган 2020 йилда машаққат билан етиштирилган пахтанинг ҳисоб -китоби тўғри, адолатли бўлсин. Юқоридаги ҳолатни қонуний асослаб, исботлаб берсин. Монополия қўмитаси ўрганиб берсин! ”.

Озодлик олган маълумотга кўра, "Тожибой ота" фермер хўжалигидан ҳам пахтани қуритиш учун кластер 22 миллион сўм ушлаб қолган.

Озодлик “Oltin mato tex” кластер корхонаси раҳбари, бош ҳисобчисига бир неча бор қўнғироқ қилди, лекин гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Фермерларнинг айтишларича, шикоят кўпайиб кетгани боис кластер раҳбарлари бегона рақамларга жавоб бермаяпти.

"Кластер ҳам энидан, ҳам бўйидан уряпти""

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Заветак” фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Қораевга кўра, “Paxtakor tex” МЧЖ билан шартнома имзолаган тумандаги 310та фермер мажбуриятини бажарган бўлса ҳам, лекин пахта харид нархининг пастлиги ва минерал ўғитларга нарх анча ошгани сабаб қарз билан чиқмоқда:

“Бизга бериладиган 4820 сўмнинг ичида 20 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам бор. Уни олиб ташласа, тўрт минг сўм ҳам қолмайди. Ҳамма фойдани эса кластер кўряпти. Толадан ташқари, мойини ҳам, кунжарасини ҳам сотади. Толани кийим қилиб ҳам сотяпти. Лекин шунга нисбатан пахта харид нархи адолатли эмас. Йил бўйи меҳнат қилган деҳқон зарарига ишлаяпти”.

Зарбдорлик исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, минерал ўғитнинг нархи пахтадан ҳам қимматга тушяпти:

Кластер нима хоҳласа шуни қилади, хоҳласа энидан ҳам, бўйидан ҳам уради.

“Кластер қўл билан терган пахтани 4820 сўмдан, машина билан терган пахтани эса, 4100 сўмдан оляпти. Булар берадиган бир тонна солярка эса 7 миллион, амофос 4 миллион 300 минг сўм. Оқибатда, режани бажарган фермер ҳам отнинг калласидай қарз билан чиқяпти. Ҳозир режани бажариб, 90 тонна пахта топшириб, 128 миллион сўм қарз бўлиб қоляпман. Бу йил кластер пахтани мажбуран ўзи машинда тердирди. Машина қуруқ пахтани теради, тоза теради. Бошида биринчи машина теримидан 15 фоиз скидка олди. Кейин жанжал қилганимиздан кейин 9 фоизга туширди. Ўтган йили давлатга сотганимизда 2 ёки 3, жуда нари борса 5 фоизгача скидга оларди. Кластер нима хоҳласа, шуни қилади, хоҳласа энидан ҳам, бўйидан ҳам уради. Унга рақобат қиладиган бошқа кластер бўлмаса, фермерда танлов бўлмаса, тамоман боши берк кўчага кириб қолдик”.

"Фермерга пахта етиштириш зарар бўлиб қолди"

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, пахта етиштириш фермер учун зиён бўлиб қолди:

Фермер пахтасига хўжайин эмас, хўжайин кластер, ҳокимлик ва прокуратура.

“Бу йил “АВС Оққўрғон Агрокластер” ўн фоизгача пахтани скидкага уриворди. Юз тонна топширсангиз, ўн тоннаси йўқ. Куни кеча бир тонна пахта олиб борсам, 5 сортга қабул қилди. Бу 1 миллион 600 минг сўм, дегани. Бу пул терим пулига кетади. Тамом, бошқа фойда йўқ. Ўзлари хоҳлаган сортни қўйиб урворяпти. Фермер пахтасига хўжайин эмас, хўжайин - кластер, ҳокимлик ва прокуратура. Масалан, бу йил пахтам ҳали теримга тайёр эмас эди. Пахтага агром септирдим. 25 кунлардан кейин пахта тайёр бўларди. Лекин ўн кундан кейин прокурор билан Миллий гвардия бошлиғи келиб ўтириб олди, давай тердирасан, деб. Тердирмасанг ерингни оламан, қамайман, мана шунақа гаплар бўлади...”

Фермер пахтадан зарар кўраётганини мана бу далиллар билан изоҳлаб берди:

Селитранинг тоннаси 1 млн 900 минг сўмдан 3 млн сўмгача кўтарилди.

“Ўтган йили бир кило пахтамизни 4521 сўмдан давлат сотиб олган эди. Бу йил эса 4821 сўмдан оляпти. Фарқни қаранг, бор-йўғи 300 сўм. Ўтган йили бир тонна соляркани 4700 сўмдан олган бўлсак, бу йил 6200 сўмданга тушди. Селитранинг тоннаси 1 млн 900 минг сўмдан 3 млн сўмгача кўтарилди. Техника хизматлари 40 фоизга ошди. Пахта кредити 3 фоиздан 8 фоизга, ғалланики эса 10 фоизга кўтарилди. Пахтадан олинадиган маҳсулотларнинг бир йил орасида ошганини қиёсланг энди. Бир литр ёғ 7 ярим мингдан 13 минг сўмга, совун 2500дан 3000га, кунжара 2400 сўмдан 4000га, кепак 1600дан 2500 сўмга, шелуха 2100 сўмдан 3000га қимматлади. Фарқни кўряпсизми? Қарийб юз фоизгача ошгани бор. Пахтанинг нархи эса 6 фоизга ошган, холос. Шунинг учун ҳам фермерларнинг аксари бу йил пахтадан бир сўм ҳам даромад кўрмади, аксинча, қарз билан чиқди”.

"Кредитларнинг фоизи жуда баланд!"

Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидан бўлган фермер эса, “APK Oq oltin” кластер корхонаси фермерларга бериладиган кредитларга жуда катта фоиз қўяётгани ҳақида гапирди:

80 фоиз фермер қарз билан чиқяпти.

“Кластер терим учун берган пулига 21 фоиз устама оляпти. Масалан, мен 100 миллион сўм теримга пул олган эдим. Ўшани 121 миллион сўм қилиб қайтаришим керак экан. Иш ҳақи, солярка, минерал ўғит учун олган пулга эса 10 фоиз экан. Давлат билан ишлаганимизда бизга 3 фоизли кредит берарди. Ҳозир ҳаммаси бўлиб 55 миллион сўм кредит фоизини тўлаяпман. 80 фоиз фермер қарз билан чиқяпти. Ҳар йили пахтанинг харид нархига камида 20 фоиз қўшилиб борарди. Бу йил эса биринчи сортига 6 фоиз қўшилди, холос. Скидкани ҳам 10 фоиздан босди. Пахта пунктида роса жанжал, тўполон бўлди. Икки кунлаб қолиб кетдик. Кучукчасини ўйнатиб ўтирган кластер раҳбари, хоҳласанг шу, хоҳламасанг бошқа жойга топширавер, дейди. Қанийди, бошқа оладиган жой бўлса, монопол қилиб олди. Шундай қилиб, кластер фермернинг шўрини қуритяпти”.

Озодлик Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаевага мурожаат қилиб, фермерларнинг кластерларга эътирозларига, пахта харид нархининг пастлигига расмий муносабат сўради. Нигора Ходжаева Озодлик юборган барча саволларни "ўрганиб, албатта жавоб беришлари"ни айтди.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг фикрича, пахта харид нархининг бозор тамойилларига қараб кўтарилмаслиги кўпгина фермерларни ердан воз кечишга мажбур қилади:

"Бу йилги пахта масаласига келадиган бўлсак, президент бошлаган кластер тизими фақат ўзини тўқимачиликда кўрсатишга қодир бўляпти. Кластерлик фаолиятини ривожлантириш президент қарорида хам айтилган, аммо кластер бир вактнинг ўзида ҳам ерни, ҳам саноатни, ҳам тўқимачиликни бажара олмайди. Мана, ўтган йил режани бажара олмаган фермерлардан ерларни олиб, кластерга беришди. Натижа нима бўлди? Фермерку, режани 70-80 фоиз бажарди, аммо кластер 40 фоиз хам қила олмади, сабаби, бошқарув йўқ, талон-торожлик ўғрилик кўп.

Ҳокимлар ерларнинг кластерга олиб берилишига қарши, аммо ҳеч қайси бири айта олмайди, қўрқади. Чунки бу ислоҳотни президентнинг ўзи бошлаган. Шунинг учун ҳам бу йилги пахтанинг нархини атайлаб кўтаришмади, сабаби фермер даромадсиз колиши ёки банкротлик ёқасига келиши керак. Шундан сўнг фермер ўз ихтиёри билан ерни захирага беради ва ер кластерларга ўтказилади. Бу ҳолат 2009 йилда, оптималлаштириш жараёнида ҳам қўлланилган эди".

Пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш 2017 йилда бошланган эди.

Озодлик ўтган уч йил давомида кластерлар ва фермерлар ўртасида юзага келган муаммолар ҳақида бир неча суриштирув ва мақолалар эълон қилди.

Айниқса, фермерларга 2019 йил учун пахта пулини бермаётган пахта тозалаш заводлари ва кластер корхоналари ҳақида Озодликка шикоятлар оқими кўпайган эди.

Озодлик 14 январь куни Андижон вилояти фермерлари давлатга сотган пахта пулини “Ўзпахтасаноат” корхоналаридан ололмаётгани, "Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси бу муаммо уч-тўрт куни орасида ҳал қилинишини айтгани ҳақида хабар берган ва 15 январдан бошлаб фермерлар ҳисобларига пул тушган эди.

Фарғона вилояти Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтганидан Озодликка арз қилди.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

2020 йил давомида ҳам кластерлар фермерларга аванс пули, минерал ўғитларни ўз вақтида бермаган ҳолатлар содир бўлган эди.

Сирдарё вилояти “Оқ олтин туманида фаолият олиб бораётган “АРK OQOLTIN” кластер корхонаси фермерларга шартномада кўрсатилган бўнак(аванс) пулини тўлиқ бермади.

XS
SM
MD
LG