Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:48

ТИВнинг руҳий хаста эканлиги айтилган собиқ мулозими давлатга хиëнатда айбланиб 5 ярим йилга қамалди


Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ мулозими Қодиржон Юсупов (суратда) давлатга хоинликда айбдор топилиб, 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ мулозими Қодиржон Юсупов (суратда) давлатга хоинликда айбдор топилиб, 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат К. Юсуповга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида К.Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриш 9 январда ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Хабар қилинишича, бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинган, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилган.

"Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи К. Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди", дейилган Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Айтилишича, судланувчига нисбатан жазо чорасини тайинлашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланган.

"Содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, К. Юсуповга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди", дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

  • Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли собиқ мулозими Қодиржон Юсупов Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “давлатга хоинлик қилиш”да айбланаётгани тўғрисида Озодлик 2019 йилнинг мартида хабар қилган эди.
  • Ўшанда яқинлари Озодликка узоқ йиллардан бери руҳий хасталикдан азият чекиб келаëтган 67 яшар Юсупов 2018 йилнинг 3 декабрь куни тонгда Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлагани, аммо тасодиф билан омон қолганини айтиб берган эди.
  • Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат¸ оила-аъзоларига кўра¸ бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноят иши очиб¸ собиқ мулозимни Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноятда айблаган.
  • Яқинларига сўнгги марта 9 декабрь (2018) куни касалхонада кўрсатилган Қодиржон Юсупов¸ 10 декабрь куни ДХХ тергов изоляторига ўтказилган. Шундан бери унинг саломатлиги¸ қўйилаëтган айблов моҳияти ҳақида яқинларига ҳеч қандай маълумот берилмаган, оиласи ëллаган адвокатнинг уни ҳимоя қилиши ҳам рад этилган (2019, мартдаги маълумот).
  • Ўша пайтда Юсупов ишини тергов қилаëтган ДХХ терговчиси Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда изоҳ берилмаслигини¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси эса “ишнинг процессуал қонунчиликка мувофиқ олиб борилаëтганини” билдирган.

2019 йил, 12 мартда эълон қилинган мақолани мана бу ерда ўқинг.

  • 2019 йилнинг июнида Хьюман Райтс Вотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини руҳий касал экани айтилаётган собиқ дипломат Қодиржон Юсуповни зудликда қамоқдан озод этишга чақирган.
  • “У дипломатик хизматдан 10 йил аввал кетган ва айни пайтда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги тергов изоляторида сақланмоқда. Юсуповни суд ҳукми ўқилгунига қадар озод этиш лозим (суднинг биринчи мажлиси 17 июнга белгиланган). Ҳукумат, шунингдек, унга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлингани, жумладан, қийноқ қўлланилгани борасидаги мурожаатлар юзасидан пухта, холис ва шаффоф тергов ўтказиши шарт”, дейилади Хьюман Райтс Вотч 2019 йил, 12 июнь куни тарқатган баёнотда.
  • Қодиржон Юсупов Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 27 йил ишлаган. У ўз фаолияти давомида турли лавозимларни эгаллаган, жумладан, Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги элчиси бўлган. 2009 йилда у истеъфога чиққан ҳамда мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида таҳлилий мақолалар ёза бошлаган.
  • 2019 йил, 13 июнда эълон қилинган мақолани мана бу ерда ўқинг.
XS
SM
MD
LG