Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги сулҳга амал қилинмоқда


Тожикистон ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган Мақсат қишлоғидаги мактаб.
Тожикистон ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган Мақсат қишлоғидаги мактаб.

Тожикистон ва Қирғизистон тўлиқ оташкесим ва қўшинларни чегарадан олишга келишиб олганидан икки кун ўтиб, отишмалар тўхтагани хабар қилинмоқда.

28, 29, 30 апрель ва 1 май кунлари тожик-қирғиз чегарасида тўқнашувлар бўлиб, натижада иккала томондан бир неча ўнлаб одам ҳалок бўлди ва жароҳат олди.

1-2 май кунлари Қирғизистонда Боткен вилоятида вафот этганлар хотирасига расмий икки кунлик мотам эълон қилинди.

3 май куни жароҳат олган яна бир шахс вафот этди. Натижада Қирғизистонда нобуд бўлганлар сони 35 га етди.

Тўқнашувларда 150 дан ошиқ қирғизистонлик жароҳат олган.
Хабарларга кўра, Қирғизистонда 33 мингдан ошиқ одам эвакуация қилинган.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Тожикистонда 16 киши нобуд бўлган, яна 90 киши жароҳат олган. Аммо мамлакат расмийлари қурбонлар сонини ошкор қилгани йўқ.

Зўравонликларга Тожикистоннинг Ворух эксклави яқинидаги сув тақсимлаш пунктида кузатув камералари ўрнатилиши ортидан бошланган низо туртки бўлгани айтилмоқда.

Можарога ҳар икки давлат хавфсизлик кучлари жалб қилинди.

29 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Тожикистон томонини «Ми-24» вертолёти билан Боткен туманининг Тўрткўча ва Чирдўбў ҳудудларига ҳужум қилишга айблади.

2 май куни қўмита Тожикистон ҳарбийлари қирғиз қишлоқларини нафақат автомат, пулемёт ва минеомётлар, балки авиаракеталар билан ҳам бомбардимон қилгани ҳақида баёнот берди.

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакатда 100 га яқин иншоот, жумладан ўнлаб уй, учта чегара пункти, тиббий марказ, полиция участкаси ва иккита мактаб зарар кўрган.

Қирғизистон ва Тожикистон 1 майда ўқ отишни тўла тўхтатиш ва ҳарбийларни чегара ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тўғрисида 4 банддан иборат «принципиал келишув»га эришгани маълум қилинганди.

Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаровлар бугунга қадар телефон орқали икки марта мулоқот қилди.

Ҳар икки мамлакатда Россия ҳарбий базалари жойлашган.
Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Россия ҳар икки томонни сулҳ битимига риоя қилишга чорлади.

Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам фуқароларга қарши уруш қонунларини бузганлиги учун зудлик билан тергов ўтказишга чақирди.
Марказий Осиёдаги кўплаб бошқа чегара ҳудудлари сингари, 970 километрлик қирғиз-тожик чегарасининг деярли ярми демаркация қилинмаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG