Сўғд вилоятидаги қамоқхонада 14 маҳбус заҳарланишдан вафот этди. Фавқулодда ҳодиса 7 июль куни кечқурун 128 маҳбусни, шу жумладан 8 аёлни Душанбе, Норак ва Ёвон колонияларга этап қилиш вақтида юз берди.
Бу ҳақда хабар қилган Тожикистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш Бош бошқармасига кўра, маҳбуслар нон истеъмол қилганларидан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилган. Ҳодиса Варзоб туманининг Майхура деган ерида юз бергани, маҳбуслардан бири уч буханка нонни 16 маҳбусга тарқатгани маълум қилинди.
«Орадан ярим соат ўтиб, 16 маҳбус боши айланиб, қуса бошлади», дейилади Жазони ижро этиш Бош бошқармаси хабарида.
Душанбега етиб келиши билан 16 нафар маҳбуснинг ҳаммаси ҳушини йўқотган. Шифокорлар фақат икки нафарининг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Тожикистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, маҳбусларнинг заҳарланиши факти бўйича жиноят иши қўзғатилди, тергов ишлари бошлаб юборилди. Дастлабки версияга кўра, нон иссиқ об-ҳавода сақлаш режимига риоя қилинмаган ҳолда тайёрлангани боис токсик замбуруғ билан заҳарланган бўлиши мумкин.
Ўтган йилнинг кузидан бошлаб Тожикистоннинг иккита қамоқхонасида икки марта исён кўтарилиб, натижада кўплаб маҳбуслар ўлган.