Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Трамп Украинадаги урушни тўхтатиши мумкин. Аммо кимнинг шартларида?


Украина, уруш, Зеленский, Трамп.
Украина, уруш, Зеленский, Трамп.

Россиянинг Украинага қарши уруши ҳеч якунга етмаётгани ҳақида умумий қараш бор. Бироқ Доналд Трампнинг сайланиши тинчлик келишувига эришиш учун туртки бўлиши мумкин.

Трампнинг 5 ноябрдаги президентлик сайловида ғалаба қозонгани маълум маънода вақт ҳисобини бошлади, чунки у сайловолди кампанияси давомида, агар сайланса, 20 январдаги инаугурациясини кутмасданоқ урушни жуда тез тугатиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган эди.

Россия президенти Владимир Путин АҚШдаги сайлов натижалари ҳақидаги биринчи оммавий баёнотида 7 ноябрь куни бу масалага тўхталиб, Трампнинг Россия билан "муносабатларни тиклаш" ва Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериш истаги "камида эътиборга лойиқ" эканлигини айтди.

Трамп, ўзбеклар ва грин карта
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:05 0:00

Бу фикрлар Путин томонидан Трампни юқори баҳолаш фонида айтилди: Июль ойида суиқасд уюштирилгани, "жасорат" кўрсатгани, "эркакча ҳаракат қилгани, 2017-2021 йиллардаги президентлик даврида Трампнинг қўл-оёғи боғлангани ва ўз мақсадларига эришишига тўсқинлик қилинганини таъкидлади.

Путиннинг сўзлари гўё тасодифий ва ўйламай айтилгандек туюлиши мумкин. Аммо Кремль Қўшма Штатлардаги ҳокимият алмашинувидан ва Трампнинг тинчлик ўрнатиш умидларидан Украинадаги ўз мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланишга ҳаракат қилишини тахмин қилиш мумкин.

Катта муаммолар

Бироқ, Москва ўз мақсадларидан воз кечганга ўхшамаяпти, жумладан, Россиянинг Украинанинг бешта вилояти устидан тўлиқ назорати ва Украинанинг НАТОга қўшилишига қаршилик.

Путин нутқ сўзлаган куннинг эртасига Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу хабарни етказишга шошилди. Унинг айтишича, Путин Россиянинг мулоқотга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган, аммо президент "ҳеч қачон [босқин мақсадлари] ўзгарганини айтмаган".

Россия кучлари 2022 йил февраль ойидаги кенг кўламли босқиндан кейинги бир неча ойга нисбатан Украина шарқида тезроқ суръатларда олдинга силжиётгани сабабли, Москва муросага келишга мойил эмас.

Путиннинг Хавфсизлик кенгаши раҳбари Сергей Шойгу ҳам Москва музокараларга тайёр эканлигини, лекин фақат ўз шартлари асосида эканлигини таъкидлади.

"Ҳозир, ҳарбий ҳаракатлар майдонидаги вазият Киев режими фойдасига бўлмаганда, Ғарб олдида танлов турибди – уни молиялаштиришни давом эттириш ва Украина аҳолисини йўқ қилиш ёки мавжуд воқеликни тан олиш ва музокараларни бошлаш," деди Шойгу 7 ноябрь куни.

Бу Трампнинг урушни тўхтатиш бўйича ҳар қандай таклифи олдида турган катта муаммолардан биридир: Москвани қониқтирадиган шартларда урушни тўхтатиш ёки тинчлик ўрнатиш, эҳтимол, Киев учун мағлубият сифатида кўрилади, Россияга эса Украина ва ҳатто Ғарбга таҳдид солиш имконини беради. Оқ уй буни геосиёсий ғалаба сифатида кўрсатиши қийин.

Украинага босқин: 967-кун | Зеленский Украина Олий Радасида “ғалаба режаси”ни тақдим этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:09 0:00

Трампнинг лавозимга киришишига 10 ҳафта қолганда, Украина президенти Владимир Зеленский бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. У Ғарбни кўпроқ қурол-яроғ етказиб беришга, Украинанинг жанг майдонидаги мавқеини мустаҳкамлашга ва "адолатли тинчлик"ка йўл очишга ундамоқда, Россия шартларига кўниш жиддий хато бўлишини таъкидламоқда.

"Путинга ён бериш, чекиниш, айрим муросалар қилиш зарурлиги ҳақида кўп гаплар бўлди. Бу Украина учун мутлақо номақбул ва бутун Европа учун ўз жонига қасд қилиш билан баробар," деди Зеленский 7 ноябрь куни Будапештда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилишидаги нутқида.

Ғарбдаги келишмовчиликлар

Ғарбдаги бўлинишлар Россия манфаатларига хизмат қилиш хавфи бор. Европа кенгаши президенти Шарл Мишел 8 ноябрь куни Будапештда сўзлаган нутқида Зеленскийнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, шундай деди: "Биз Украинани мустаҳкамлашимиз, қўллаб-қувватлашимиз зарур, чунки агар биз Украинани қўллаб-қувватламасак, бу нафақат Путинга, балки дунёдаги бошқа авторитар режимларга ҳам нотўғри сигнал юборган бўламиз."

Бироқ Трампнинг иттифоқчиси ва Путинга яқин бўлган Венгрия бош вазири Виктор Орбан қарийб қарама-қарши фикрни билдирди.

"Фронтдаги вазият аниқ, [Украина] ҳарбий мағлубиятга учради, – деди Орбан. – Америкаликлар бу урушдан чиқиб кетмоқчи."

Аммо Трампнинг уруш тугаши кераклиги ҳақидаги такрорий баёнотлари ва АҚШ президенти Жо Байден даврида Украинага ҳарбий ва бошқа ёрдамларда ўнлаб миллиард доллар ажратилганини танқид қилганига қарамай, бу ҳали аниқ эмас.

У Киев ва Москвани музокаралар столига олиб келишда Украинага ёрдам ҳажмидан восита сифатида фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги ишора қилди. Трамп урушни тўхтатиш учун қандай ҳаракат қилиши ҳақида кам гапирган.

Трампнинг маслаҳатчилари ғояларини билдиришди, уларнинг баъзилари оммага маълум қилинди ҳам. Аммо 6 ноябрь куни The Wall Street Journal нашри Трамп "муайян тинчлик режасини маъқулламаган" ёки Путин ва Зеленскийни "бир столда ўтириб, музокаралар олиб боришга" қандай ундаш йўлини ҳали аниқламаганини хабар қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG