Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Умра зиëрати уюштирувчи хусусий ширкатлар ҳозиргача тўланган пулларни қайтармоқчи эмас


Ўзбекистонликлар Умра сафарида. Макка шаҳри, 2020, 27 февраль.
Ўзбекистонликлар Умра сафарида. Макка шаҳри, 2020, 27 февраль.

Коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Саудия Арабистони зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлаши ортидан Умра сафари учун тўланган пуллар қайтариладими-йўқми деган масала кун тартибига чиқди.

10 кунлик сафар учун 2000 АҚШ доллари атрофида пул тўлаган ҳар бир ўзбекистонлик зиёратчи учун муҳим бўлган бу масаланинг ҳозирча аниқ ечими йўқ.

Давлат идораларидан бири масала қонунга биноан ҳал қилинишини айтса, иккинчиси саволни бошқа идорага беришни тавсия қилди.

Умра сафари учун мижознинг пулини олган ширкатлар эса, пуллар сарфлаб қўйилганини айтаркан, Саудия ўз чегараларини тезроқ очишига умид қилаётганини билдирди.

Мавзуни ўрганиш асносида Ўзбекистоннинг Умра сафари бозорида тушунарсиз вазият юзага келгани аён бўлди

***

Ўзбекистонда Умра сафарини уюштириш билан мамлакат Мусулмонлар идорасидан ташқари ўнлаб хусусий сайёҳлик фирмалари, ҳатто хусусий бандлик агентликлари ҳам шуғулланаётгани маълум бўлди.​

Тошкент-Жидда, Тошкент-Мадина - бир кунда икки рейс

11 февралда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўтказган матбуот анжуманида 2019 йилнинг 10 декабридан буён ҳар куни икки авиарейс зиёратчиларни Ўзбекистондан Саудияга кичик ҳаж сафарига ташиётгани айтилган эди.

Ўзбекистондаги биргина “Historical Travel” хусусий бандлик агентлиги 43 кишини Умра сафарига 29 февралда жўнатиши керак эди.

“Historical Travel” ходимасининг Озодликка айтишича, 10, 15. 20 кунлик Умра сафарлари мавжуд. 10 кунга борадиганлар 1800 АҚШ доллари (сафар ҳаражати) ва 405000 сўм (фирма ҳаражатлари) тўлайди. 20 кунга борадиганлар 200 доллар кўпроқ тўлайди.

“Historical Travel” вакили Озодликнинг зиёрати бекор бўлганларга пуллари қайтариладими, деган саволига жавоб беришга қийналди.

“Умра сафари” деб қидирув берилса, Интернет Ўзбекистонда шу иш билан шуғулланадиган бир неча ширкат номини чиқариб беради. Улардан бири вакили Озодликка бундай деди:

Визани бошқа давлатдан, учинчи давлатдан оламиз. Ўзимиздаги элчихона бермайди. Агар улар пулни қайтарса, биз ҳам қайтарамиз.

- Ҳа, бизда ҳам кетолмаганлар бор. Пуллари тўланган, визалари чиққан. Визани бошқа давлатдан, учинчи давлатдан оламиз. Ўзимиздаги элчихона бермайди. Агар улар пулни қайтарса, биз ҳам қайтарамиз. Тўғриси, кечаги янгиликдан кейин ўзимиз ҳам ҳайрон бўлиб турибмиз.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Умра сафарини уюштирувчи мамлакатдаги энг йирик оператордир. Идоранинг Халқаро алоқалар бўлими ходими Озодликка бундай деди:

Балки 10, балки 15 кундан кейин очилар, очилса кетишаверади. Агар ким пулини қайтариб олгиси келса, қайтариб олаверади.

- Агар эълонни ўқиган бўлсангиз, Саудия чегараларини вақтинча ёпганини билдирган. Балки 10, балки 15 кундан кейин очилар, очилса кетишаверади. Агар ким пулини қайтариб олгиси келса, қайтариб олаверади.

Озодлик бу масала бошқа давлатларда қандай ҳал қилинаётганига ҳам қизиқиб кўрди.

Россиядаги Умма-тур компаниясининг Москвадаги ваколатхонаси ходими: “Умра сафарлари бекор қилингани йўқ. Вақти кўчирилади, холос”, деди ва кетидан Саудия Арабистони фалон числода очилади, деб конкрет кунни ҳам айтиб юборди. Лекин у бу информацияни қаердан олганини аниқ айта олмагани учун Озодлик у айтган санани такрорламоқчи эмас.

Қирғизистонлик ҳожибошилардан бири эса, Умра учун тўлаб қўйилган пул “қайтарилиши амри маҳоллигини, чегара очилгач сафар амалга оширилишини” айтди. "Амри маҳоллик" нимада эканлигини изоҳлар экан, ҳожибоши айнан мана бу гапни айтди:

- Фирмалар пулни эртароқ ўтказиб юборишади. Шартнома, халқаро алоқа яна алламбало муаммолари бор. Чигал кўп.

Ҳукумат идоралари нима деди?

Озодлик Умра сафарини уюштирувчи операторлар ишига таъсир кўрсата олувчи, демакки оператор билан мижоз ўртасида можаро чиққудай бўлса ўз позициясини билдиришга мажбур бўладиган давлат идоралари билан ҳам боғланди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мулозими Абдуғани Мирзараҳимов Озодликка бундай деди:

Шартнома шартларини бажармаса, олган пулига яраша хизмат кўрсатмаса, ҳуқуқ-тартибот органлари чорасини кўради.

- Биз лицензия берган туристик фирмалар алоҳида хўжалик юритувчи субъектлардир. Шартнома шартларини бажармаса, олган пулига яраша хизмат кўрсатмаса, ҳуқуқ-тартибот органлари чорасини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Озодликнинг саволини эшитибоқ, бу масала бўйича Мусулмонлар идорасига мурожаат қилишни тавсия қилди. “Бу иш билан Мусулмонлар идораси шуғулланаяпти”, деди қўмита мулозими.

Мусулмонлар идораси айтган гапни юқорида келтирдик.

Умра кимники?

Саудия Арабистони зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлаши ортидан юзага келган вазиятни ўрганиш жараёнида Умра зиёратини ташкил қилиш соҳасида Ўзбекистонда тушунарсиз вазият юзага келгани маълум бўлди.

Шу пайтгача Мусулмонлар идораси, ҳукумат қарорларига таяниб, Ҳаж ва Умра тадбирларини уюштиришда ўзи ягона ижрочи орган эканлигини айтиб келган.

Амалда эса, бу иш билан хусусий сайёҳлик фирмалари, ҳатто хусусий бандлик агентликлари ҳам шуғулланиб келмоқда.

Озодлик 27 февралда гаплашган хусусий сайёҳлик агентликларидан яна бири вакили¸ ширкат номи айтилмаслигини сўраб¸ бундай деди:

Давлатдан ажралиб чиққан фирмамиз. Фақат Умра ва Ҳаж билан шуғулланамиз.

Ҳа, Умра сафарини уюштирамиз. Давлатдан ажралиб чиққан фирмамиз. Фақат Умра ва Ҳаж билан шуғулланамиз. Февралдаги группаларимиз кетиб бўлди. Кеча (26 февраль) охирги группамиз кетди. Лекин бугун Саудия ёпилиб қолди коронавирус туфайли”.

Озодликнинг неча йилдан бери Умра ва Ҳаж билан шуғулланасизлар, деган саволига жавобан ходима “5 йилча бўлиб қолди, бизга ўхшаган фирмалар жуда кўп” деди.

Бу вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мулозими Абдуғани Мирзараҳимов бундай деди:

“Умрага жўнатиш” деган алоҳида лицензия йўқ. Туристик фирмаларга “Туризм фаолиятини амалга ошириш”деган лицензия берилади.

- “Умрага жўнатиш” деган алоҳида лицензия йўқ. Туристик фирмаларга “Туризм фаолиятини амалга ошириш”деган лицензия берилади. Агар шу иш билан шуғулланаётган бўлса ва бундай фаолият қонунга хилоф бўлса, ҳуқуқ-тартибот органлари чорасини кўради.

Умра "монополисти" - Мусулмонлар идорасининг ярим ой олдинги баёноти

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ўз расмий сайтида бундан 17 кун муқаддам – 11 февралда Умра ва Ҳаж зиëратларини уюштириш бўйича ўзининг ягона ижрочи эканини таъкидлаган эди.

"Ўзбекистонда ташкил этилаётган умра тадбири ибодат, хавфсизлик, тиббий, маънавий ва иқтисодий жиҳатлардан афзал эканлиги ҳамда Ҳаж ва Умра тадбирларини узоқ йиллик тажрибага таянган ҳолда юртимиз мусулмон аҳолиси учун ягона ижрочи орган Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорига асосан мақсадга мувофиқ деб топилди"¸ дейилган идора изоҳида.

Мусулмонлар идорасининг 28 февраль куни Озодлик гаплашган расмийси¸ "Идора Умра ва Ҳаж сафарларини уюштириш билан хусусий фирмалар шуғулланаётганини чиндан ҳам билмайдими ёки билиб, билмасликка олаяптими?" деган саволини эшитиб¸ "Идорага келсангиз жавоб оласиз"¸ дея алоқани узиб қўйди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG