Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Халқаро жиноят суди: Украина шарқида уруш жиноятлари содир этилган


Халқаро жиноят судининг бош прокурори Фату Бенсуда.
Халқаро жиноят судининг бош прокурори Фату Бенсуда.

Халқаро жиноят судининг бош прокурори Фату Бенсуда олти йилга чўзилган дастлабки тергов Украинада ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилганини кўрсатгани, бу ҳолат Гаагада жойлашган судьялар томонидан тўлиқ тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди.

Бенсуда 11 декабрь куни эълон қилган баёнотда «айни дамда ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларга тенг келадиган турли хатти-ҳаракатлар содир этилган, деб ҳисоблаш учун етарли асос бор», дейилади.

2014 йилнинг март ойида Россия Қрим ярим оролини Украинадан аннексия қилиб олди.

Москванинг бу ҳаракатидан олдин Россия билан яқиндан алоқа қилиш тарафдори бўлган президент Виктор Янукович Евромайдон намойишлари натижасида ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Россия, шунингдек, шарқий Украинада россияпараст бўлгинчиларни дастаклаб келади.

2014 йилдан бери Украина шарқидаги ҳарбий тўқнашувлар 13 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

Бенсуда гумонланувчиларнинг исмини ёки тахмин қилинаётган жиноятлар тафсилотларини очиқламади. Прокурорнинг сўзларига кўра, дастлабки терговда учта жиноят гуруҳи аниқланган.

Бенсуда бу уч гуруҳ ҳарбий ҳаракатлар давомида содир этилган жиноятлар, ҳибсга олиш пайтида содир этилган жиноятлар ҳамда Қримда содир этилган жиноятлар эканини айтди.

«Бундан ташқари, идорамиз можарода қатнашган турли томонлар содир этган ушбу жиноятлар миқдорий ва сифат жиҳатдан идорамиз томонидан тергов ўтказилиши учун етарлича оғир эканини аниқлади», - деди у.

Украина Халқаро жиноят суди аъзоси бўлмаса-да, 2014 йилда жаҳон суди томонидан Евромайдон намойишчиларига қарши тазйиқлар тергов қилинишига рози бўлди ва кейинроқ суд Қрим ва шарқий Украинадаги можароларни ҳам тергов қилиши учун унинг ваколатларини кенгайтирди.

Россия Халқаро жиноят судига аъзо эмас ва унинг қарорларини тан олмайди.

Халқаро жиноят суди аъзо давлатларнинг ички судлари кўриб чиқмаган ёки кўриб чиқишга қодир бўлмаган ишларни тергов қилади.

Бенсуданинг айтишича, кейинги қадам ўлароқ Халқаро жиноят суди судьяларидан тўлақонли тергов бошлаш сўралиши керак.

Прокурор бу ҳолат қачон амалга ошиши мумкинлигини очиқламади, аммо айни дамда суднинг имкониятлари ва ресурслари чекланганини таъкидлади.

Украина прокурорнинг ушбу билдирувини мамнуният билан қабул қилди ва уни «тарихий қарор» деб атади.

Украина ташқи ишлар вазири Димитро Кулеба Twitterда «Халқаро одил судловга тезда эришиб бўлмайди, аммо бу муқаррарлиги шубҳасиз. Бир кун келиб россиялик жиноятчилар суд олдида жавоб беришади», деб ёзди.

Россия Халқаро жиноят суди билдирувини ҳали изоҳлаган йўқ. Москва шарқий Украинадаги можарога алоқадорлигини рад этиб келади.

Халқаро жиноят суди дунёдаги энг мудҳиш жиноятларни тергов қилиш учун 2002 йилда ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG