Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:10

Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси дунёни забт этмоқда


Хитой ўз обрўсини ошириш йўлида ўз аҳолисига қараганда хорижга 10 баробар кўп вакцина етказиб беришни зиммасига олган.
Хитой ўз обрўсини ошириш йўлида ўз аҳолисига қараганда хорижга 10 баробар кўп вакцина етказиб беришни зиммасига олган.

Хитойнинг вакцина дипломатияси фавқулодда муваффақиятли чиқди: AP ҳисоб-китобига қараганда, Хитой 45 мамлакатга деярли ярим миллиард доза вакцина етказиб беришни ўз бўйинига олган.

Хитойда вакцина ишлаб чиқарувчи ширкатлар талайгина, шулардан тўрттаси бу йил 2.6 миллиард доза вакцина ишлаб чиқармоқчи. Бу дунё аҳолисининг аксар қисми қандайдир Ғарб вакциналари билан эмас, анъанавий тарзда ишлаб чиқилган Хитой вакциналари билан эмланади деганидир.

Хитой вакциналари борасида очиқ манбаларда маълумот деярли йўқ бўлгани учун Хитойга бу масалада қарам мамлакатларда вакциналар ҳамда вакцина эвазига бериладиган қурбонликлар борасида хавотирлар бор. Шунга қарамай, 25дан зиёд мамлакатда Хитой вакциналари билан эмлаш жараёни аллақачон бошлаб юборилган, яна 11 мамлакатга етказиб берилган.

Жаҳон ҳамжамияти назарида коронавирус ўчоғи бўлмиш Хитой учун вакциналарни етказиб бериш юзни ёруғ қилишнинг бир усули бўлиб, Хитой аллақачон ишончсизлик манбасидан халоскорга айланди. Худди Ҳиндистон ёки Россия каби, Хитой ҳам ўз обрўсини ошириш йўлида ўз аҳолисига қараганда хорижга 10 баробар кўп вакцина етказиб беришни зиммасига олган.

“Биз вакцина дипломатияси гувоҳи бўляпмиз, бунда Хитой етакчилик қилмоқда. Баъзи вакциналар хайрия сифатида берилмоқда, баъзилари сотилмоқда, баъзилари насияга берилмоқда”, - деди Дьюк университети тадқиқотчиси Кришна Удякумар.

Хитой 53 мамлакатга “вакцина ёрдамини” бераётганини, яна 27 тасига экспорт қилаётганини маълум қилган. Лекин расмийлар бу қайси мамлакатлар экани ҳақидаги APнинг сўровига жавоб бермаган.

Пекин вакцина дипломатиясини ҳам инкор этган. ТИВ матбуот котибига кўра, Хитой вакциналарни “жаҳон ҳамжамиятининг ҳақи” деб ҳисоблайди. Хитойлик экспертлар ҳам вакциналар экспорти ҳамда обрўни тиклаш ўртасидаги боғлиқликни инкор этади.

“Бу ерда ҳеч қандай боғлиқлик кўрмаяпман. Хитой бошқаларга кўпроқ ёрдам беришининг сабаби мамлакат яхши ривожланаётганидир”,- деди Пекинда жойлашган “ақл маркази” раҳбари Ван Хуяо.

Хитой асосан камбағал ва ўртача ривожланган мамлакатларга ёрдам беришни режаламоқда. Бу мамлакатларнинг Ғарбда ишлаб чиқарилган «Pfizer»ёки «Moderna» каби қиммат, аммо сифатли вакциналарни сотиб олишга қурби етмайди. Хитой, шунингдек, Ғарб ширкатлари ваъда қилган вакциналарни етказиб беришдаги муаммолардан фойдаланиб, Бразилия ёки Туркия каби мамлакатларга ҳам ўз вакциналари экспортини йўлга қўйиб олган.

Аксар камбағал ёки ўрта ривожланаётган давлатларда Хитойдан бошқа танлов ҳам деярли йўқ. Дьюк университети тадқиқотчиларига кўра, ҳозиргача ишлаб чиқилган вакциналарнинг асосий улуши, яъни 8,2 миллиард дозадан 5,8 миллиардини Ғарбнинг бадавлат мамлакатлари ўз аҳолисини эмлаш учун сотиб олган.

Хитой вакциналарини асосан «Sinovac» ва «Sinopharm» ширкатлари ишлаб чиқади. Улар вакциналарни, инновацион тарзда яратилаётган Ғарб вакциналаридан фарқли ўлароқ, фаоллаштирилмаган вирус вакцинаси номли анъанавий технология асосида ишлаб чиқаради. Баъзи мамлакатлар бу усулни Ғарбда ишлатилаётган янги усулга қараганда ишончлироқ деб ҳисоблайди.

“Биз «Sinovac» вакцинасига буюртма берганимиз сабаби, у анъанавий, хавфсиз усулда ишлаб чиқилганидадир”, - деди Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси Теймур Мусаев.

Озарбайжон «Sinovac» вакцинасидан 4 миллион доза сотиб олган. Европада Хитой ўз вакциналарини Сербия ва Венгрия каби давлатларга етказиб бермоқда. Бу Ғарб, Россия ва Хитой сиёсий ва иқтисодий нуфуз учун курашаётган Болқон ва Шарқий Европа минтақасида Хитой катта геосиёсий ғалабага эришди деганидир.

Сербия ўз аҳолисини январь ойидан Хитой вакциналари билан эмлашни бошлаган илк Европа давлати бўлди. Мамлакат 1,5 миллион Синофарм вакциналарини ҳамда озроқ миқдорда Россиянинг “Спутник V” ҳамда “Pfizer” вакциналарини сотиб олган. Қўшни Венгрия эса Хитой вакцинасини рўйхатга олган Европа Иттифоқидаги илк мамлакат бўлди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан энг ишонган вакцинаси Хитойники эканлигини айтган ва ўзи ҳам Синофарм вакцинаси билан эмланган.

Аҳоли хавотирлари олдини олиш мақсадида кўплаб давлатлар етакчилари Хитой вакциналарини қўллаб-қувватламоқда. Пекиннинг вакцина дипломатияси Хитой ва ривожланаётган мамлакатлар учун бирдек манфаатлидир, деб ҳисоблайди экспертлар.

“Буюк давлатларнинг таъсир доираси учун рақобати ортидан камбағал давлатлар тезроқ эмланиши мумкин”, - деди Австралия Миллий университети тадқиқотчиси Юн Янг.

Лекин Хитой вакциналари қанчалик самарали бўлса, дипломатияси ҳам шунчалик самара беради. Ҳозирча Хитой вакциналарида муаммолар талайгина.

Вакцинасининг самараси 79 фоиз эканлигини иддао қилган Синофарм расмийлари суҳбатлашишга рози бўлмади. Синофарм раисининг айтишича, ҳозирча вакциналар билан эмланишдан сўнг бирор ножўя таъсир кузатилмаган.

“Pfizer” ёки “Moderna” каби Ғарб ширкатларидан фарқли равишда, Хитой ширкатлари вакцина синовларига оид маълумотларни ошкор қилишни унчалик ҳуш кўрмайди, деди АҚШдаги “Council for Foreign Relations” маркази мутахассиси Янжон Хуан.

Вакциналари глобал миқёсда тарқатилаётган Хитойнинг уч йирик ширкатининг ҳеч бири якуний, учинчи босқич синов натижаларини ошкор қилмаган. Вакциналарининг самарадорлиги 65 фоиз эканлигини иддао қилаётган “CanSino” ширкати ҳам мақола учун суҳбат ўтказишдан бош тортди.

Хитойда дори-дармон ишлаб чиқишдаги амалиётлар ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. 2018 йилда Хитойнинг йирик ширкатларидан бири қутуришга қарши вакцинасини сотиш учун маълумотларни сохталаштиргани маълум бўлган. Ўша йили ҳозирда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган Синофарм дифтерияга қарши мажбурий вакцинани сифатсиз ишлаб чиққани ошкор бўлган эди.

«Россия ва Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотларига ҳам одамларда ишонч йўқ, чунки одатда одамлар Ғарбда ишлаб чиқилган дори-дармонларга кўпроқ ишонади», - деди Бангладешдаги Бангабанду тиббиёт университети тадқиқотчиси Саидур Раҳман.

Декабрь ойида 17 мамлакатда ва минтақадан 19 000 одам қатнашган “YouGov” вакциналар ҳақидаги сўровномасига кўра, Хитой ва Ҳиндистон энг пастки икки ўринни эгаллаган. Бу ишончсизликка Синовак вакциналари атрофидаги машмашалар ҳам сабаб бўлмоқда.

Синовак вакцинасининг Туркиядаги синовларидан сўнг расмийлар унинг самарадорлиги 91 фоизни ташкил этганини айтган. Лекин худди шундай синовлардан кейин Бразилияда расмийлар унинг самарадорлигини 78 фоиздан 50 фоизгача тушириб қўйган.

Хитой расмийларининг айтишича, Бразилиядаги синовларда касалланиш эҳтимоли юқори бўлган тиббиёт ходимлари қатнашгани учун самарадорлик кўрсаткичи паст бўлган. Лекин экспертларнинг таъкидлашича, бу факт вакцина самарадорлигига таъсир қилмаслиги керак эди.

Синовак вакциналарининг Туркия ва Бразилиядаги синовларидаги фарқли натижа аҳоли фарқли бўлганидандир, дейди AP билан аввалги суҳбатда ширкат матбуот котиби. Ширкат ушбу мақола учун суҳбат қилишдан бош тортди. Ҳонконг синовларида Синовак вакцинасининг самараси 51 фоиз деб топилган ва у шаҳарда фойдаланишга рухсат этилган.

Экспертларга кўра, камида 50 фоиз самара кўрсатган ҳар қандай вакцинадан фойдаланса бўлади.

Хитой вакциналари коронавируснинг янги мутацияларига, хусусан, Жанубий Африкада аниқланган штаммига қарши нақадар самарали экани ҳам номаълум.

Хитойдан вакцина олаётган мамлакатларда бунинг эвазига бериладиган қурбонликлар борасида ҳам ҳадиклар мавжуд. Хитойдан ёрдам тариқасида 600 000 доза олган Филиппинда катта лавозимдаги дипломатлардан бирининг айтишича, Хитой ташқи ишлар вазири баҳсли Жанубий Хитой денгизида авж олаётган Хитойнинг тажовузкорлигини танқид қилишни бироз камайтириш кераклигига нозик шама қилган.

Дипломатга кўра, вазир вакцина эвазига ҳеч нарса сўрамаган, фақат у Филиппиндан “жамоатчилик олдида озгина дўстона муносабат намойиш этишни, танқид мегафонини бироз пасайтиришни” истагани аниқ эди.

Филиппин президенти Родриго Дутерте Хитой ёрдами эвазига ҳеч нарса сўрамаганини таъкидлаган.

Туркияда мухолиф депутатлар раҳбариятни вакцина эвазига уйғурларни Хитойга сотиб юборганликда айбламоқда. Депутатлар ва уйғур жамоаси Пекин Анқарадан экстрадиция ҳақидаги қонунни қабул қилишини кутмоқда. Қонун қабул қилинса, янада кўпроқ уйғурлар Хитойга бериб юборилиши мумкин.

Қандай бўлмасин, вакцинага бўлган эҳтиёж Хитой вакцинасига бўлган ишончсизликдан юқори келмоқда.

“Вакциналар, айниқса Ғарбда ишлаб чиқилаётганлари, фақат бой мамлакатлар аҳолисига олиб қўйилмоқда. Биз ҳам аҳолимизга вакцинани кафолатлашимиз лозим. Ҳар қандай вакцинани”, - деди мисрлик соғлиқни сақлаш мутасаддиси.

XS
SM
MD
LG