Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:00

Хоразмлик 30 тонна буғдойини тортиб олган ИИБ ходимларини рейдерликда айблади. Прокуратура ҳолатни ўрганмоқда


ИИБ ходимлари уй эгалари билан жанжаллашаётган пайти. (Видеодан скриншот)
ИИБ ходимлари уй эгалари билан жанжаллашаётган пайти. (Видеодан скриншот)

Хоразм вилояти, Урганч тумани прокуратураси Ислом Ражабовнинг уйидаги буғдойни олиб кетган ИИБ ходимлари ҳаракатига баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув олиб боряпти.

Юқорибоғ қишлоғида яшовчи Ислом Ражабов ИИБ ходимлари ва туман ҳокимлиги вакилларини унинг омборидаги 30 тонна буғдойни рейдерлик йўли билан тортиб олганликда айбламоқда.

Буғдойни олиб кетишга қаршилик қилгани учун қўлга олинган Ислом Ражабов ва унинг укаси бир неча соатдан кейин қўйиб юборилган.

Озодликка 2 июль куни хабар қилинган Хоразмдаги ушбу воқеа жорий йилнинг 19 июнь куни содир бўлган.

Воқеа Ислом Ражабов яшайдиган Урганч тумани Юқорибоғ қишлоғи , Қипчоқ маҳалласи, Эътибор кўчаси, 37-уйда содир бўлган.

Манба воқеа жойидан олинган видеони Озодликка тақдим қилди. Афтидан воқеа бир пайтнинг ўзида бир нечта телефонга ёзиб олиниб, кейин монтаж қилинган. Боиси видеодаги айрим ҳаракатларда узилишлар кузатилади.

Буғдой устида жанжал
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:17 0:00

Гувоҳлардан бирига кўра, воқеа аслида 1 соатдан кўпроқ давом этган. Озодликка тақдим қилинган 10 дақиқалик видео бир аёлнинг бир неча формали эркаклар билан тортишаётган ҳолатидан бошланган.

Тасвирларда “Формали босқинчилар, сизни уйимга киритмайман”, деган аёлнинг қўлидан дарвоза калити формали эркак томонидан куч билан тортиб олингани кўринади.

Видео давомида воқеа содир бўлаётган уй олдида формали ва формасиз эркаклар сони кўпайгани кўринади. Гувоҳларга кўра, ўнга яқин ИИБ ходимлари, бир нечта Миллий гвардия ходимлари ва Урганч туман ҳокимлиги вакиллари воқеада иштирок этган

Видеодаги гап-сўзлардан орган ходимлар уй эгалари омборидаги буғдойни олиб кетишга келгани англашилади.

Тасвирларда формали шахсларнинг уй дарвозасини куч билан очгани, уй эгаларига куч қўллагани ҳолатлари кўринади. Формалиларнинг хонадон эгаларидан бирининг қўлини қайиргани акс этган ва унинг бироз ўтиб, ерда бир неча дақиқа давомида ҳушсиз ётгани кўринади.

Видео давомида бир неча кишининг омбордаги буғдой устида ўтирган ҳолда, “Буғдойни бермаймиз, бизни ҳам қўшиб олиб кетинглар”, деган гаплари эшитилади.

Кейин эса бақир-чақирлар фонида формали шахсларнинг бир кишини куч билан ИИБ машинаси томон судраётгани акс этган.

Видеода уй эгалари буғдойни олиб кетиш учун келганларга бирор ҳужжат тақдим қилмаганликларини бир неча бор пеш қилишган.

Видеода воқеа нима билан якунлангани кўрсатилмаган.

2 июль куни Озодлик мобил мухбири Юқорибоғ қишлоғи, Қипчоқ маҳалласига бориб воқеа тафсилотларини аниқлади. Ражабовлар уйида бўлмагани сабаб мухбир улар билан учраша олмасада, Ислом Ражабовнинг яқинлари ва қўшнилари билан суҳбатлашди.

Ражабовнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, воқеа содир бўлган 19 июнь куни Ислом Ражабов ва унинг укаси Собир Ражабов қўлига кишан солинган ҳолда куч билан ИИБга олиб кетилган ва ўша куни бир неча соатдан кейин қўйиб юборилган. Бироқ улар уйга қайтгунча орган ходимлари Ражабовлар омборидаги буғдойнинг ҳаммасини олиб кетишга эришган.

Мобил мухбир суҳбатлашган воқеа гувоҳларига кўра, ўша куни Ражабов омборидаги буғдойни олиб кетишга келганлар ўзларини таништирмаган ва буғдойни олиб кетиш ҳақида бирор расмий ҳужжатни тақдим қилишмаган.

"Ислом оға орган ходимларини рейдерликда айблаяпти. Чунки улар умуман ноқонуний иш қилишди", дейди Ислом Ражабов яқинларидан бири.

Ислом Ражабовнинг яқинларига кўра, у буғдойининг куч билан тортиб олингани ва укаси билан иккаласини ИИБга мажбуран олиб кетилгани юзасидан турли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган, бироқ бундан ҳозирча бирор натижа бўлмаган

Хоразм вилоят прокуратураси Ислом Ражабов хонадонида содир бўлган воқеа юзасидан эълон қилган маълумотда айтилишича, Ислом Ражабов “Хива сезам” МЧЖга тегишли дала майдонининг 30 гектар қисмига “Хоразмдонмаҳсулотлари” АЖ билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан ғалла эккан.

Расмий хабарга кўра, Ражабовлар оила аъзолари билан Агроинспекция туман бўлими ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққани сабаб ИИБ ходимлари жамоат тартибини сақлаш учун жалб қилинган.

Вилоят прокуратураси хабарида Ислом Ражабов уйидан олиб кетилган буғдой 17,2 тонна бўлгани ва у “Хоразмдонмаҳсулотлари” АЖга топширилгани айтилган.

Айни пайтда Ражабов яқинларига кўра, буғдой аслида 30 тонна бўлиб, орган ходимлари ғаллани Ражабов омборидан олиб кетилаётган пайтда ўлчамаган ва хонадон эгаларига ҳеч қандай далолатнома ҳам бермаган.

Расмий хабарга кўра, ҳозирда “Хива сезам” МЧЖ раҳбари ҳамда туман ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Урганч туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

“Шунингдек, вилоят ИИБ томонидан видеотасвирдаги ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

2 июль куни Озодлик мухбири Бош прокуратура расмийси билан боғланди. Расмий Хоразмдаги воқеа тафсилотлари ўрганилиб, бош прокуратура расмий саҳифалари орқали маълум қилинишини айтди.

XS
SM
MD
LG