Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Германиядан иш ваъда қилган Human агентлиги раҳбари устидан суд бошланди


Пулини ололмаётган мардикорлар HUMAN агентлиги биносида
Пулини ололмаётган мардикорлар HUMAN агентлиги биносида

16 декабрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда ЎзА Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб хабар қилди.

  • Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмасдан қолгани, ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида Озодлик биринчи бўлиб 13 сентябрда хабар қилган эди.

Азиз Обидовнинг агентликка билдиришича, "судланувчи Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 192-11-моддаси 2-қисми «а» банди (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш), 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

ЎзА хабарида, шунингдек, қуйидаги маълумотлар берилган:

Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖнинг раҳбари Ш. Файзуллаев ва бошқалар мамлакат вилоятларида ваколатхоналар ташкил этиб, жамият ташкил топган кундан 2019 йил 13 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига тўлаш йўли билан қўлга киритиб, ушбу фуқароларни ҳеч қаерга юбормасдан, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.

Бундан ташқари, Ш.Файзуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, тузилган жиноий режа асосида «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖни ташкил этиб, АКИБ «Ипотека банк» Яккасарой филиалидан жамият ҳисоб рақамини очиб, ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб, 143 080 000 сўм пул маблағларини корхонанинг бухгалтерия ҳисоб регистрларида тегишли тартибда акс эттирмасдан, белгиланган тартибда банк муассасасига топширмагани, жамиятнинг бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини яшириб, нобуд қилиб, ҳужжатли текширувга тақдим қилмагани, жиноий йўл билан топилган пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус беришга эришгани, сохта тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарар етказгани аниқланган», дейилади хабарда.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилган.

Жиноят натижасида 1 198 нафар фуқаронинг манфаатларига зарар етказилган.

Жиноят иши доирасида 5та кўчмас мулк ва 5та автотранспорт воситаси хатланган.

Жабрланувчилар кўплиги ва турли ҳудудлардан бўлгани боис, уларни суд мажлисларида иштирок этишини яшаш жойларидаги судлар биноларида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизими орқали таъминлаш режалаштирилган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида кўриб чиқилаётгани, суд жараёни давом этаётгани хабар қилинди.

Озодлик «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» билан боғлиқ воқеаларни яқиндан кузатиб, бир неча мақола эълон қилган, уларни шу сафифада, "Алоқадор" рукни остида ўқишингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG